Қадимдан бизнинг ерларимизда турли миллат ва элатлар яшаб келади. Уларнинг яшаш тарзи, тили, урф-одатлари, маданияти ва эъдиқод қиладиган дини ҳам фарқли. Мамлакатимизнинг энг муҳим савдо-тижорат йўлларида жойлашгани ва доимий тарзда кўплаб мамлакатлар билан маданий алоқалар олиб бориши диний-маданий ҳаётга ўз таъсирини ўтказган ва юртимизнинг ўзига хос ҳаёт тарзини белгилаб берган.
Халқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, турли миллат ва динларга мансуб инсонларнинг ҳамжиҳатлиги, бағрикенглиги ва тинчликсеварлигига кўплаб мисолларни кўришимиз мумкин. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳудудида бирор марта ҳам диний қарашларга асосланган келишмовчиликлар келиб чиқмаган. Юртимизда мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар ўрталаридаги муносабатларда ҳам доимо бағрикенглик руҳи ҳукм сурган. Ўзбекистон турли миллат ва дин вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб келаётган кўпмиллатли ва кўпконфессияли юрт ҳисобланади. Уларни ягона “Ватан” ва ягона ғоя остида бирлаштириб ягона бир мақсад сари интилишга чорлашда диний бағрикенгликнинг ўрни каттадир. “Диний бағрикенглик декларацияси”да айтилганидек: “Бағрикенгликсиз тинчлик бўлмайди, тинчлик бўлмаган жойда эса, ривожланиш ва демократия бўлмайди”. Жамият ҳаётида тенглик ва адолат ғояларини устувор бўлиши ва амалиётда ўз ифодасини топиши кўзланган мақсадларга эришишга, белгиланган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий мўлжалларнинг барча учун бирдек қадр-қиммат касб этишига, фуқоролар ўртасида бирдамлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро бир-бирини тушуниш, ҳурмат руҳи қарор топишига замин яратади.
Бизнинг кейинги йилларда эришган энг катта ютуғимиз – бу умумий хонадонимизда қарор топган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликдир. Бундай гўзал ҳолат юртимизнинг умуминсоний қадрияатларга асосланган сиёсатининг натижасидир. Чунки мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммоларни ҳал этиш билан бир қаторда маънавий-маърифий ва маданий қадриятларни тиклашга катта эътибор қаратилди. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик эса бизнинг ҳам миллий, ҳам диний қадриятларимиз сирасига киради.
Ўзбекистон миллий сиёсатининг асосий тамойиллари воқеъликда ўз аксини топган. Айни пайтда, юртимизда 140 дан ортиқ миллий-маданий марказлар фаолият олиб бормоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бу марказларнинг олиб бораётган эркин маънавий-маърифий фаолиятлари бизнинг умумий уйимиз Ўзбекистондаги миллатлараро бағрикенгликнинг таъкиди ўлароқ хизмат қилади.
Жорий қонунчилик томонидан кафолатланган диний эътиқод эркинлиги турли миллат ва дин вакилларининг диний эҳтиёжларини қондириш учун барча керакли шарт-шароитларни яратиб берди. Кенг маънавий мерос ва бағрикенгликка йўғрилган урф-одатларга эга Ўзбекистон истиқлолининг биринчи кунлариданоқ ўзининг динга муносабатини аниқ қилиб белгилаб қўйди. Айниқса ҳозирги таҳликали, турли фитналар авж олган бир даврда диний бағрикенглик тамойилларига амал қилган ҳолда иш олиб бориш, албатта, жуда ҳам муҳим. Бир нарсани ёдда сақлашимиз лозим, ислом дини ҳеч қачон зулмнинг ҳеч бир турини оқламаган ва оқламайди ҳам.
Манбалар асосида 4-курс талабаси Оғабоев Ғиёсбек тайёрлади





