Бугун, 22 сентябр куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида билим юрти мудири, PhD. Маъмуржон Эркаев 2025-2026 ўқув йилида биринчи курсга қабул қилинган талабалар билан “Очиқ мулоқот” ўтказди. Ушбу тадбирда яна билим юртининг ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Нодир Жалолов , Маънавий ва маърифий масалалари бўйича мудир ўрибосари Абдувоси Ғаниев ҳамда курс раҳбарлари иштирок этишди.


Билим юрти мудири Маъмуржон Эркаев сўзга чиқиб 1-курс талабаларини Кўкалдош ислом билим юрти талабаси деган номга мушарраф бўлганликлари билан муборакбод этди. Уларга манфаатли илм ҳосил қилиб, етук олимлардан бўлиб етишиб, келажакда Юртимиз равнақи, мусулмонларнинг манфаати учун хизмат қиладиганлар бўлишларини тилаб дуо қилдилар. Мана шу илм ҳосил қилиш йўлида уларга олий ҳимматли бўлишликларини, ниятларини холис Аллоҳ таолога бўлиб таълим олишликларини насиҳат қилдилар. Илмни, айниқса шариат илмларини эгаллашда ва Қуръони каримни ҳифз қилишда талабалар ўзларининг вақтларини тўғри тақсимлашлари, кун тартибларини ишлаб чиқиб, унга риоя қилишлари ниҳоятда манфаат беришини таъкидлаб ўтди. Бу борада ўтмишда яшаб ўтган буюк аждод уламоларимизнинг ва ўзининг талабалик даврида орттирган ҳаётий тажрибаларидан мисоллар келтирди.




Суҳбат давомида билим юрти мудири Маъмуржон Эркаев талабалар учун билим юртида ва “Назарбек” талабалар турар жойида таълим олиш ҳамда дарсдан ташқари вақтларда ҳордиқ чиқариш учун яратилган шароитлар ҳақида айтиб ўтиб, ушбу шароитлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ва бошқа мутасаддилар ҳамда билим юртида фаолият олиб бораётган ўқитувчи, ишчи-ходимлар томонидан яратилганини таъкидлаб ўтди. Ушбу шароитлардан унумли фойдаланишни ва уларнинг қадрига етишни айтиб ўтди.
Суҳбат якунида Маъмуржон Эркаев талабаларнинг ҳаққиларига дуои-хайрлар қилди.
«Кўкалдош» ЎМИБЮ Матбуот хизмати






