Салафийларнинг ақидаси салафи солиҳларнинг ҳам, саҳобаларнинг ҳам ақидаси эмас. Ҳақиқий салафларнинг эътиқоди бу ашъарийлар ва мотуридийлар ақидасидир. Чунки уларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган узлуксиз санадлари бор.
Бугунги кундаги сохта салафийлар ҳеч қандай илмий силсилага эга эмаслар. Улар 400, 500, 600 йил олдин ҳам йўқ эдилар, шундай экан, уларда илмий силсила қаердан бўлсин!? Бундан ташқари, улар кўп хато, залолатга етакловчи гапларни айтишади. Масалан, улар: “Биз Аллоҳнинг қўли бор деб унинг маъносини биламиз, исботлаймиз”, дейишади.
Биз айтамиз: “Сизлар қандай қилиб унинг маъносини биламиз деяпсизлар, ахир, маъно нима эканлигини билмайсизлар-ку?”
Сиз улардан: “ядуллоҳ”-(тўғри таржимаси Аллоҳнинг қўли) нима деб сўрасангиз, улар: “Биз қўлга ишонамиз, унинг маъносини биламиз, негаки, луғатда унинг маъноси бор, аммо у(қўл)нинг кайфияти қандай эканини билмаймиз”, деб жавоб беришади.
Бу хато гап! Улар луғатдан биладиган биринчи маъно бу махлуқотларнинг ёки энг мукаррам махлуқот бўлган инсоннинг қўлидир. Улар айнан қайси қўл ҳақида гапирмоқдалар? Аллоҳ таолога бу каби маънони нисбат бериш мумкинми!?
Биз аҳли сунна валжамоа эътиқодидагилар бундай ўйламаймиз. Агар улар шу айтган ақидаларига ишонаётган бўлсалар, ё жоҳили мураккаб бўладилар ёки Аллоҳ таолони махлуқотлардаги бор сифатларга ўхшатиб, У зотга жисм исбот қилаётган мушаббиҳа-мужассима бўладилар!
Биз аҳли сунна валжамоанинг ақидаси эса Аллоҳ таолонинг “Яд” сифати бор эканини исботлаб, иймон келтириш, аммо унинг маъносига киришмасликдир. Мана шу ҳақиқий салафи солиҳларнинг ақидаси ҳисобланади.
📝Рустам Охунжонов «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот котиби






