“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида соҳа мутахассисларини жалб этиб “Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш ҳамда адашган оқимларга раддия бериш кўникмалари ва услублари” номли махсус курс доирасида семинар-тренинг машғулотлари олиб бориш йўлга қўйилган.
Бугун, 8 апрель куни Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртида “Экстремизм, терроризм, миссионерлик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар, халқароташкилотлар, конвенция ва шартномалар ва уларнингҳозирги кундаги аҳамияти” мавзусида махсус курс дарси бўлиб ўтди. Унга Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси Даминов Баҳодир таклиф қилинди.
Махсус курс дарсини билим юртининг Маънавий ва маърифий ишлари бўйича мудир ўринбосари А. Ғаниев кириш сўзи билан очиб берди ҳамда талабаларга бугунги дарс мавзуси билан таништирди ва сўз навбатини Даминов Баҳодирга берди.


Даминов Баҳодир бугунги замонда экстремизм, терроризм ва радикализм каби вайронкор ғояларни ёқлайдиган жамоа ва ташкилотларнинг аъзолари томонидан замонавий ахборот воситаларидан фойдаланиб, дин ниқоби остида ёшларимизни зўравонликка, миллий ўзлик ва оилавий қадриятларни ёъқотишга ундаш ҳаракатлари билан жамиятда муросасизлик, тартибсизлик ва радикал қарашларнинг тарқалиши ҳаракатлари давом этаётганини ва бундай ҳаракатлар замирида эса террорчи ташкилотларнинг ўз сафини янада кенгайтириш мақсадлари борлиги намоён бўлаётгани ҳақида батафсил баён қилди.



Даминов Баҳодир дарс давомида талабаларга қуйидаги маълумотларни улашди: Кейинги 10-15 йил давомида дунё матбуотида энг кўп муҳокама қилиниб келинаётган масалалардан бири бу – Интернетнинг ёшлар аудиториясига қандай таъсир кўрсатаётганлиги билан боғлиқ. Инсонийлик жамияти ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, доимий равишда ривожланиш ва ўзгаришда бўлади. Йигирманчи асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бу – халқаро тармоқ, яъни интернет бўлди, десак хато бўлмайди. Бу тармоқ қисқа йилларда телевидение, радио, газета ва журналларни ортда қолдирди. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, интернет ҳам илм тарқатувчи восита, шу билан бирга инсонлар барча ғаразли мақсадларида фойдаланадиган қуролга айланиб улгурди. Ана шундай ғаразли мақсаддагиларнинг тузоғига илиниб қолмаслик учун сиз ёшлар қуйидагиларни ёддан чиқарманг.
— экстремистик руҳдаги сайтларга кирмаслик. Бундай сайтларнинг аломатлари: жойлаштирилган материалларда “ҳижрат” ва “жиҳод”га даъват қилиш, дунёвий ҳукумат ва тузумларни кофирликда айблаш, давлат мустақиллиги, Янги йил, Наврўз, 8-март каби байрамларни, туғилган кунни нишонлашни ҳаром деб эълон қилиш, Афғонистон, Покистон, Ироқ, Сурия каби мамлакатлардаги жангариларни мадҳ этиш;
— ижтимоий тармоқлар, турли форумларда диний мавзуда илмоқли, нозик саволлар бериб суҳбатга чорлаётган шахслар билан мулоқотдан тийилиш, дунёвий жамиятни танқид қилиб, мутаасибона диний турмуш тарзини даъват қилаётган шахслар билан умуман алоқа қилмаслик;
— электрон мессенжерлар орқали номаълум шахслардан келган диний мазмундаги даъват ва танишув ҳақидаги таклифларга жавоб бермаслик, юборилган электрон материалларни юклаб олмаслик;
— мобил телефонларга билиб-билмай мутассиблик руҳидаги нашидалар (қўшиқлар), маърузалар, суратлар, видеороликлар юклаб олмаслик ва тарқатмасик.
— Бу ҳолат аксарият ҳолларда мактаб, коллеж ўқувчилари ва институт талабалари орасида кузатилади. Мутаассиблик ва ақидапарастлик руҳидаги маълумотларни билиб-билмай юклаб олиш, сақлаш ёки уни бошқа шахсларга тарқатиш эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексларининг тегишли моддаларига кўра жазоланиши белгилаб қўйилгани ҳақида айтиб ўтилди.
Дарс якунида Баҳодир Даминов талабаларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берди.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






