Рамазон – Қуръон ойи. Бу ойда фарз амаллардан кейинги энг муносиб юмуш – Аллоҳнинг Каломини тиловат қилиш. Қуръонни кўп тиловат қилиш борасида бизга саҳоба ва тобеинлардан яхши ўгитлар ва ажойиб намуналар қолган. Баъзилар бир ойда бир марта, айримлар ҳар ҳафтада, бировлар беш кунда бир марта, яна кўплаб кишилар ҳар уч кунда Қуръонни хатм қилишар эди. То Рамазон келгунича кундалик юмушлар ва рўзғор талабларини барвақт бажариб, шахсий эҳтиёж ва борди-келдиларни чеклаш ҳисобига қироат учун вақтларни фориғ этиб, Қуръони каримга бутун борлиғи билан шўнғиб кетиш салафи солиҳлардан қолган улуғ анъана ҳисобланади. Ахир покиза Калом уни ўқиган тиллар, диллар ва баданларни поклайди. Муборак кунлардаги тиловат савобининг таърифини айтиб адо қилиб бўлмайди.
Толиби илмларни муқаддас Калом тиловатига тарғиб этиш мақсадида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўртасида “Рамазонда ким Қуръонни кўп ўқийди?” мусобақаси ташкил этилди. Ўқувчилар кундалик юмуш ва мадраса дарсларидан ажралмаган ҳолда бўш вақтларини ғанимат билиб ҳамиша тилларини қироат билан банд қилишга одатландилар.
“Назарбек” талабалар турар жойида истиқомат қиладиган талабалар тарафидан умумий ҳисобда 289 та хатм қайд этилди.
Мазкур талабалардан энг кўп хатм қилганлари Чориев Муҳаммадсодиқ 7 маротаба, Ниёзалиев Асадуллоҳ 18 маротаба ва Ризаев Дилшод ҳам 18 маротаба хатм қилишди.
“Назарбек” талабалар турар жойидаги Таровеҳ хатми якунланган куни мусобақада фаол бўлган талабалар номи эълон қилиниб, уларга китоб ва қимматбаҳо совғалар улашилди. Албатта, бу мукофотлар рамзий маъно касб этади. Ҳақиқий мукофот эса, иншоаллоҳ, Қиёмат куни қўлга киритилади.
«Кўкалдош» ЎМИБЮ МАТБУОТ ХИЗМАТИ






