{ وَمَن یَعۡمَلۡ سُوۤءًا أَوۡ یَظۡلِمۡ نَفۡسَهُۥ ثُمَّ یَسۡتَغۡفِرِ ٱللَّهَ یَجِدِ ٱللَّهَ غَفُورࣰا رَّحِیمࣰا }
{ وَمَن یَكۡسِبۡ إِثۡمࣰا فَإِنَّمَا یَكۡسِبُهُۥ عَلَىٰ نَفۡسِهِۦۚ وَكَانَ ٱللَّهُ عَلِیمًا حَكِیمࣰا }
{ وَمَن یَكۡسِبۡ خَطِیۤـَٔةً أَوۡ إِثۡمࣰا ثُمَّ یَرۡمِ بِهِۦ بَرِیۤـࣰٔا فَقَدِ ٱحۡتَمَلَ بُهۡتَـٰنࣰا وَإِثۡمࣰا مُّبِینࣰا }
[Niso surasi: 110-112]
«Ким бирор ёмон иш (гуноҳ) қилса ёки ўз жонига зулм қилса, сўнг Аллоҳдан кечиришини сўраса, Аллоҳнинг кечирувчи ва раҳмли эканини билади. Ким бирор хатo ё гуноҳ қилса, унинг ўзига зарар бўлади. Аллоҳ билгувчи ва Ҳакимдир. Ким бирор хатo ёки гуноҳ қилиб, сўнг ўша (хатo ё гуноҳ билан) бегуноҳ одамни айбласа, бўҳтон ва очиқ гуноҳни (бўйнига) олган бўлади» (Нисо сураси, 110-112-оятлар).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: Аллоҳ таоло мазкур оятда Бани Убайриқ қабиласига тавба қилишни таклиф этди. Бу ердаги «ёмон иш»дан ўғирлик, «ўз жонига зулм»дан ширк келтириш, «Аллоҳдан кечиришини сўраса»дан тавба қилиш назарда тутилган.
Фақат тил билан айтилган истиғфор тaвбасиз фойда бермайди. Бу масала Оли Имрон сурасида баён қилинган.
Заҳҳокнинг сўзларига кўра, бу оят Ваҳший ҳақида нозил бўлган. У Аллоҳга ширк келтириб, Ҳамза розияллоҳу анҳуни ўлдирган эди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Қилган ишларимдан пушаймонман, менга тавба йўли борми?» деб сўраганида мазкур оят нозил бўлган.
Баъзилар бу оят барча одамларга умумий бўлиб, ҳар бир гуноҳкор учун тавба эшиклари доимо очиқ эканини англатади, дейишган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ким Нисо сурасининг ушбу икки оятини ўқиб, истиғфор айтса, гуноҳлари мағфират қилинади» деган.
Али розияллоҳу анҳу бундай деган: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу менга ҳадис айтди ва у ростгўйдир: «Ким гуноҳ қилса-ю, сўнг таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳдан мағфират сўраса, унинг гуноҳи мағфират қилинади». Кейин мазкур оят («Ким бирор хато ё гуноҳ қилса…»)ни тиловат қилди».
Бу оят барча гуноҳкорлар учун, умид эшигини очади. Улар гуноҳларидан пушаймон бўлиб, чин дилдан истиғфор айтишса, Аллоҳ таоло уларни мағфират қилади.
«Ким бирор хато ёки гуноҳ қилиб, сўнг ўша (хато ё гуноҳ билан) бегуноҳ одамни айбласа, бўҳтон ва очиқ гуноҳни (бўйнига) олган бўлади».
Мақотилнинг сўзича, бу оят ҳам бир киши ҳақида нозил бўлган. У ўзи ўғирлаган совутни ансорлардан бирининг уйига қўйиб, уни ўғриликда айблаган эди.
Имом Табарийнинг фикрига кўра, «хатолик» ва «гуноҳ»нинг фарқи шундаки, хатолик қасддан ёки беихтиёр бўлиши мумкин. Аммо гуноҳ доим қасддан содир бўлади.
«…сўнг ўша (хато ё гуноҳ билан) бегуноҳ одамни айбласа» – ўзининг хатоси ё гуноҳини бошқа одамга тўнкаса.
«…бўҳтон ва очиқ гуноҳни (бўйнига) олган бўлади». Бўҳтон қилган киши дунёда мазамматга учрайди, охиратда эса қаттиқ азобланади. Чунки бировни бегуноҳ ҳолда айблаш гуноҳи кабирадир.
Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ғийбат нималигини биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули яхши билади», дейишди. У зот: «Биродаринг ҳақида у ёқтирмайдиган нарсани айтишинг», дедилар. «Агар мен айтаётган нарса ўша биродаримда бўлса-чи?» дейишган эди, «Агар сен айтаётган нарса унда бўлса, сен уни ғийбат қилган бўласан. Агар (ўша нарса) унда бўлмаса, унга бўҳтон қилган бўласан», дедилар у зот». (Имом Муслим ривояти).
Манбалар асосида «Кўкалдош» мадрасаси мударриси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.






