Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиш мукаммал мўъминлик белгиси саналади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларга отасидан ҳам, боласидан ҳам ва барча инсонлардан ҳам суюклироқ бўлмагунимча, сизлардан бирортангиз (комил) мўмин бўла олмайсизлар”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Ушбу ҳадисда комил мўмин бўлиш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиш лозим эканлиги баён қилиняпти. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминлар учун барча муҳаббат қилинадиган кишиларидан кўра, севишликка ҳақли бўлган зотдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ
“Набий мўъминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир”. (Аҳзоб, 6-оят)
Бу шундай улуғ мақом бўлиб, бу мақом фақатгина бизнинг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилгандир.
Қозий Иёз роҳматуллоҳи алайҳи шундай деган: “Инсонда бошқа кишига нисбатан муҳаббатни пайдо бўлишига тўрт ишдан бири сабаб бўлади:
1. Фойда келтириши. Қайси бир киши сенга фойда келтирадиган иш қиладиган бўлса, унга нисбатан сенда муҳаббат пайдо бўлади.
2. Зарарни даф қилиши. Бирор киши сенга келадиган зарардан сени ҳимоя қилса, унга нисбатан сенда меҳр ва муҳаббат уйғонади.
3. Хилқати, кўриниши чиройли бўлиши. Инсон бирор чиройли манзара ёки товусга ўхшаган чиройли қушни кўриб қолса, унга қизиқиши ортади ва унга муҳаббат қилади.
4. Хулқи чиройли бўлиши. Сен бирор хулқи, одоби чиройли бўлган кишини одамлар билан гўзал муомала қилаётганини кўриб қолсанг, унга нисбатан сенда муҳаббат пайдо бўлади.
Мана шу тўртта хусусиятнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда жам бўлган:
1. У зот бизга Роббимизни танитдилар. Бандага ўз Роббисини танишидан кўра яхшироқ нарса йўқ. У зот бизга жаннатга бориш йўлларини таълим бердилар. Бизга исломни ўргатдилар. Аллоҳ таолога қандай ибодат қилишни таълим бердилар. Буларнинг барчаси, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга берган энг катта манфаатлари ва ёрдамларидир.
2. У зот ҳаётимиздаги ҳар бир ёмонликдан бизни қайтардилар. Бизни дўзахдан қайтардилар. Бизга дўзах йўлларидан сақланишни ўргатдилар. Биримиз бошқамизнинг обрўсини тўкишдан, жонига ва молига хиёнат қилишдан бизни қайтардилар.
3. Набий алайҳиссаломнинг хилқатлари, кўринишлари жуда чиройли бўлган.
4. У зот барча инсонларнинг энг хулқи яхшиси бўлганлар. У зот ҳақида Қуръони каримда: “Ва албатта, сен улкан хулқдасан”, (Қалам, 4-оят) дейилган. Оиша розияллоҳу анҳо, у зотнинг хулқларини “Қуръон”, деган.
Шунга кўра, у зот севилишга ҳақли бўлган зотдирлар”.
Шунингдек, баъзи уламолар инсониятда бўлган муҳаббат ҳақида қуйидаги фикрларни айтишган:
Инсониятда мавжуд бўлган муҳаббат уч хил бўлади:
1.Табиий муҳаббат – буни Аллоҳ таоло инсоннинг асл фитратида бор қилиб яратган. Бу муҳаббатда инсон учун яхши кўриш ёки яхши кўрмаслик ихтиёри бўлмайди. Бунга, инсон ўзини, фарзандини, ота-онасини яхши кўришини, мисол қилишимиз мумкин.
2. Ақлий муҳаббат – бу муҳаббат аслида инсоннинг фитратида бўлмайди, лекин ақлнинг тақозосига кўра, шу нарсага меҳр қўяди ва уни хоҳлайди. Бунга мисол, бемор кишининг аччиқ дорини истеъмол қилиши. Аслида нафси буни хоҳламаса ҳам, жисмига даво бўлишини билганидан буни хоҳлайди. Яна, бирор инсонни унга манфаъати етиб турганлиги сабабидан уни яхши кўриши.
3. Иймоний муҳаббат – бу муҳаббат Аллоҳ таолога ва унинг Расулига иймон келтирган иймонли кишидагина бор бўлади. Бунга, бир киши мусулмон кишини Аллоҳнинг розилиги учун яхши кўришини мисол қилишимиз мумкин. Бу муҳаббат қариндошлиги учун ёки бирор манфаъат учун бўлмайди. Балки, шариъатимиз шунга буюргани ва иймони тақоза қилгани учун бўлади.
Юқоридаги ҳадисда зикр қилинаётган Муҳаммад алайҳиссаломга муҳаббатли бўлиш иймоний муҳаббатдан ҳисобланади. Агар инсонда иймоний муҳаббат бўлсагина, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббат қила олади. Саҳобаи киромларда мана шу муҳаббат бўлган ва шу сабабли у зотга ҳақиқий ошиқ бўлганлар. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ هِشَامٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا مَعَ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهْوَ آخِذٌ بِيَدِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ فَقَالَ لَهُ عُمَرُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ لأَنْتَ أَحَبُّ إِلَىَّ مِنْ كُلِّ شَىْءٍ إِلاَّ مِنْ نَفْسِى . فَقَالَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لاَ وَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْكَ مِنْ نَفْسِكَ » . فَقَالَ لَهُ عُمَرُ: فَإِنَّهُ الآنَ وَاللَّهِ لأَنْتَ أَحَبُّ إِلَىَّ مِنْ نَفْسِى . فَقَالَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « الآنَ يَا عُمَرُ ». رَواهُ الْبُخارِيُّ
Абдуллоҳ ибн Ҳишом розиялоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қўлларини ушлаб турган ҳолда эдилар, шунда Умар розияллоҳу анҳу у зотга: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, нафсим унинг қўлида бўлган зотга қасамки, токи мен сизга ўзингиздан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча бўлмайди”, дедилар.
Умар розияллоҳу анҳу у зотга:
“Энди, Аллоҳга қасамки, албатта сиз мен учун ўзимдан ҳам маҳбуброқсиз”, деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ана, энди бўлди, Эй Умар”, дедилар. Бухорий ривоят қилган.
Умар розияллоҳу анҳу айтган гапларининг икки хил эҳтимоли бўлиши мумкин:
1.У киши аввалги ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш, инсоннинг фитратида бўлган, табиий муҳаббатдан деб ўйлаб, қалбидаги борини очиқ ойдин Набий алайҳиссаломга айтган бўлишлари мумкин, сўнгра бу иймоний муҳаббатдан эканлигини билиб, иккинчи гапни айтганлар.
2. Аллоҳ таоло у кишини Муҳаммад алайҳиссаломга мурожаат қилишлик баракаси билан улуғ мақомга етказди, натижада у кишининг қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан улкан муҳаббат жойлашди.
У зотга бўлган муҳаббат қалбий ва амалий бўлиши лозим. Шунга кўра, у зотга муҳаббатли бўлган киши пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилиши, у зотни хурсанд қиладиган ишларни қилиши керак бўлади. Уламолардан бири: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббатли бўлиш – У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини қўллаб қувватлаш, унинг шариъатини ҳимоя қилиш ва нафсини ва молини сарфлаш учун, у киши билан бирга бўлишни орзу қилишдир”, деб айтган.
Шунга кўра, Эй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Биз сизни яхши кўрамиз:
1. Эй, Расулуллоҳ! Бизни яхши кўрамиз. Чунки, сиз оламларга раҳмат қилиб юборилган пайғамбардирсиз.
2. Эй, Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз. Сиз бизни тўғри йўлга бошладингиз ва гуноҳ ишлардан бизни қайтардингиз.
3. Эй, Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз. Зеро, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари сизга салом ва салавот айтишган ва Аллоҳ бизни ҳам сизга салавот ва салом айтишга амр қилган.
4. Эй, Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, зеро сизни яхши кўриш Аллоҳ таолога қурбат ва Аллоҳга энг афзал ибодатдир.
5. Эй, Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, чунки, тушимизда сизни кўришимизни Аллоҳдан дуо қилиб сўраймиз.
6. Эй, Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, зеро, жаннатда сиз билан бирга бўлишимизни умид қиламиз.
7. Эй, Расулуллоҳ! Биз сизга муҳаббатли бўлган ҳолда, сизга иштиёқманд бўлган ҳолда, сизга яқинлашган ҳолда, сизни ҳис қилган ҳолда, қадр-қимматингизга улкан меҳр қилган ҳолда яхши кўрамиз.
8. Эй, Расулуллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз, қиёматда бизни шафоат қилишингиз учун.
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиб яшашни насиб айласин.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
ўқитувчиси Мадаминов Шокиржон манбаалар асосида тайёрлади.






