«(Тул) хотинларга совчиликни ишора қилишингизда ёки (уни) ичингизда пинҳон сақлашингизда сизлар учун гунох йўкдир. Аллоҳ уларга гапиришингизни билади. Лекин улар билан яширинча ваъдалашмангиз! Факат яхши гап гапиришингиз (мумкин). То битик ўз муддатига етмагунча никоҳ боғлашга азму қарор қилманг ва билингизки, албатта, Аллоҳ ичларингиздаги нарсани ҳам билади. Ун(инг азоби)дан эҳтиёт бўлинг ва яна билиб қўйингизки, албатта, Аллоҳ кечирувчи, ҳалимдир» (Бақара сураси, 235-оят).
Бу оятлардаги ҳукм эри вафот этиб, иддада ўтирган аёлга уйланиш истагини билдириш тартиби ҳақидадир. Ундан бошқа идда ўтирган аёлга совчи қўйиш, никоҳни таклиф қилиш, уйланиш жоиз эмас.
“(Тул) хотинларга совчиликни ишора қилишингизда ёки (уни) ўз ичингизда тутишингизда гуноҳ йўқ«. Яъни, эри вафот этгани туфайли идда ўтирган аёлга тўғридан-тўғри, очиқчасига совчи қўйиш ёки никоҳни таклиф қилиш орқали эмас, балки «сиз гўзалсиз», «солиҳасиз” ‘уйланмоқчиман”, “менга ёқасиз’” каби иборалар билан уйланиш истагини билдириш ёки ишора қилмай, кўнглида сақлаш жоиз.
«Аллоҳ уларга гапиришигизни билади”. Аллоҳ таоло сизларнинг уларга уйланиш истагингизни кўнглингизда сақлай олмаслигингизни билади. Шунинг учун уларга уйланиш истагингизни очиқ айтмай, ишора орқали билдиришингизга рухсат берди.
“Лекин улар билан яширинча ваъдалашмангиз!” Яъни, уларга уйланишингизни ваъда берманг.
“факат яхши гап гапиришингиз (мумкин)». Яъни, жоиз бўлмаган гап-сўзларни ишлатмаган ҳолда уларга уйланиш рағбатингизни ишоралар билан билдиришингиз мумкин.
“То битик ўз муддатига етмагунча, никоҳ боғлашга азму қарор қилманг”. «Битик»дан мурод иддадир. Яъни, эри ўлган аёлнинг иддаси тугамагунча — эри ўлган кунидан бошлаб тўрт ою ўн кун ўтмагунича улар билан никоҳланишга қарор қилманг.
“Билингизки, албатта, Аллоҳ ичларингиздаги нарсани ҳам билур”. Яъни, Аллоҳ қалбингизда яширган ҳар бир ўй-ҳаёлларингизни билишига шубҳа қилмай, қатъий ишонинг!
“Ундан эҳтиёт бўлинг ва яна билиб кўйингизки, албатта, Аллоҳ кечирувчи, ҳалимдир”. Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқинг. У қайтарган ишларга яқинлашманг! Мабодо, сиздан гуноҳ содир бўлса, тавба қилинг, Унинг раҳматидан ноумид бўлманг. Аллоҳ таоло тавба қилувчиларнинг гуноҳларини кечиради.
“Тафсири Насафий» асосида “Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.






