Имом ад-Доримийнинг илмий-маънавий меросини “ал-Муснад”, “ат-Тафсир”, “ал-Жомиъ”, “ас-Сулосиёт фил ҳадис”, “Китоб ас-Сунна фил ҳадис” ва “Китоб савм ал-мустохозотий вал мутахаййирот” каби асарлари ташкил қилади. Алломанинг энг машҳур асари, фикримизча, “ал-Мусанд” бўлиб, бу асар “Сунан ад-Доримий” номи билан машҳур Асарнинг икки жилддан иборат нашри 1996 йилда Ливаннинг пойтахти Байрутдаги “Дор ал-кутуб ал-илмия” матбаъсида чоп этилган.
Бу китобни тарихчи ва муҳаддис алломлалар Доримий асарларининг дурдонаси, жавоҳири деб аташади. Абу Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир Мақдисий (1056-1114) “Атрофул кутубис ситта” китобида Имом ибн Можанинг “Сунан”идаги ҳадислар беш “Саҳиҳ”дагилардан 1339 тага зиёдалигини ҳисобга олиб, уни олтинчи ўринга қўйган. Кейинги баъзи уламолар ҳам шунга қўшилган. Лекин Шайх Салоҳиддин Аълоий айтади: “Имом Доримийнинг “Муснад”ини Ибн Можанинг “Сунани” ўрнига қўйилса, энг маъқул иш бўлур эди”. Шайх Абулҳақ Деҳлавий (1551-1642) шу фикрни ҳужжат билан исботлаб: “Баъзи уламолар фикр юритиб, Имом Доримийнинг “Сунани” олтинчи саҳиҳ китоб бўлиши афзалроқдир, негаки, бундаги ривоятлар иснодида заиф кишилар озлиги, инкор қилинган сўзлар камёблиги, иснодларнинг юқорилиги ва ҳатто сулосий (санади уч ровийли) ҳадислари Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи”дагилардан кўпроқ эканини айтади”, деб таъкидлайди.
Имом Доримийнинг тўплами мусулмон кишининг шахсий ва ижтимоий ҳаётида учрайдиган кўплаб масалаларни ўз ичига олган кенг қамровли асардир. Китоб фиқҳий бобларга бўлиб ёзилганини, турли даража-мақомдаги (марфуъ, мавқуф, мақтуъ) ҳадисларни жамлаганини эътиборга олиб, уламолар уни “Сунан” деб аташга хайрихоҳ бўлган. Шундай эсада, асарга берилган барча номлар унинг мазмунмоҳиятидан келиб чиққани боис уларнинг ҳар бири ҳақли равишда ўринли ва тўғри эканини таъкидлаш керак.
Имом Доримийнинг “Сунан”ида Қуръони каримнинг 51 сурасидаги баъзи оятлар ҳадислар орқали шарҳлангани алломанинг етук муфассир ҳам бўлганидан далолат беради. Бу “Сунан” бобларга ном бериш, баҳс-мунозарали ҳадисларга изоҳ ёзиш ва фикр билдириш усули, шунингдек, бошқа саҳиҳ тўпламларда учрамайдиган ҳадислар ривоят қилингани, ровийлар силсиласининг қисқалиги билан алоҳида ажралиб туради. Эътиборга молик яна бир жиҳати шуки, унда ўн бешга яқин сулосий (санади уч ровийли) ҳадис мавжуддир.
“Сунани Доримий” икки жилддан иборат бўлиб, биринчисида арабларнинг исломдан аввалги баъзи одатлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, ҳадисларнинг ёзилиш даври ва илм фазилати ҳақида сўз юритилган муқаддима, кейин ибодат, таҳорат, намоз, закот китоблари келтирилган. Иккинчи жилди рўза, ибодат, қурбонлик, ов, егуликлар, ичимликлар, тушлар, никоҳ, талоқ, жазолар, ваъдалар ва қасамлар, савдо, изн сўраш, нозик масалалар, мерос ҳуқуқи, васиятлар, Қуръон фазилатлари каби китобларга бўлинган. Асар 3465 ҳадисни ўз ичига олган бўлиб, жами 23 китоб, 1403 бобдан иборат.
301-гуруҳ талабаси Муродов Шаҳзод






