Уламолар ҳаётини ўрганиб, уларнинг фаолиятини кузатар эканмиз. Уларнинг ҳаёт тарзи, олиб борган фаолиятлари барчамиз учун ибратли намунадир. Уларнинг бундай юқори даражаларга эришишлари аввало Аллоҳ таолонинг иродаси ва Аллоҳ томонидан берилган қобилият бўлса, иккинчидан уларнинг илмга бўлган рағбати ва илм йўлидаги машаққатли ҳаракатларидир. Мана шундай уламолардан бири, барчамиз фахрланиб гапирадиган, юртимиздан етишиб чиққан олим, муҳаддис Имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳдир. Бу киши ёшлигидан ғоятда тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлиб, бу фазилатлари билан ўз тенгдошларидан батамом ажралиб турган. Унинг ёшлик чоғларидан илмга ўта қизиқиши ва иштиёқи ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллашда баралла намоён бўлди. Бу киши ўта қобилиятли бўлган. У кишининг зеҳни ҳақида китобларда бир қанча ривоятлар келган. Жумладан, тадқиқотларда қуйидаги ривоят келтирилган[1]:
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳга бир устоз томонидан китобатан (ёзма ҳолатда) икки жузда ҳадис етибди. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ бир сафарида мазкур дафтарни ёзиб юборган шайхни учратиб қолиб, ундаги ҳадисларни устозидан оғизма-оғиз ўтказиб олмоқчи бўлибдилар. Зеро, ҳадисни устозидан оғизма-оғиз эшитиш ёзма ҳолатда ҳадис эшитгандан кўра кучлироқ ҳисобланади. У киши шайхнинг ҳузурига бориб, қироатан ижоза олишни ирода қилганларида, мазкур шайх рози бўлиб, ўша юборилган саҳифаларни келтириб, ўқиб бера қол, дейдилар. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ юкларининг орасидан ҳалиги дафтарни излаб тополмасдан бир оқ қоғозни олиб келиб, унга қараб ёддан ўқий бошлайдилар, гўёки ўқиб бераётгандек. Бироз ўтиб шайх буни сезиб қоладилар ва “Уялмайсанми, мени масхара қилаяпсанми?”, деб ранжийдилар. Шунда Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ бўлган воқеани айтиб, менга ёзиб юборган ҳадисларингиз ҳаммаси ёд олинган, уларни ҳеч камчиликсиз айтиб бера оламан, дейдилар. Шайх бу гапга кўниб, “Қани, айтиб кўрчи”, деб рухсат берадилар. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисларни ва яна худди шу мажлисда эшитган ҳадисларни ёддан санади билан айтиб берадилар. Шайх сен буларни олдинроқ ёдлаб олган бўлсанг керак, деб ажабланганида, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ: “Ундай бўлса, яна янги ҳадислар айтсангиз, уларни ҳам эшитиб, қайта айтиб берардим”, деган эканлар. Шайх рози бўлиб, ўз захираларидан Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ олдин эшитмаган қатор ҳадисларни айтганларида, уларни ҳам санадлари билан ҳеч бир сўзини қолдирмасдан айтиб берган эканлар. Шунда мазкур шайх: “Сенга ўхшаганни кўрмагандим!”, деб у зотнинг зеҳнларига мақтовлар айтган эканлар[2].
Шунингдек, қуйидаги воқеа ҳам ривоят қилинган. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг кўзлари умрлари охирида ожиз бўлиб қолади. Ҳажга уловлари устида кетаётиб, йўлда бир жойдан энгашиб ўтадилар. Шогирдлар таажжубланиб, бунинг сабабини сўрашганда, “Шу ерда дарахт бўлиши керак, шохларига бошим тегмасин деб, эгилиб ўтдим”, деб жавоб берибдилар. Шогирдлар бу ерда ҳеч қандай дарахт йўқлигини айтишади. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ: “Бир пайтлар ёшлигимда шу ердан ўтганимда бир дарахт бўларди, унинг шохлари эгилиб йўловчиларга халал берарди, ўшанда эгилиб ўтгандим. Атрофдаги уйларда яшовчи аҳолидан сўраб келинглар, агар шу ерда дарахт бўлмаган бўлса, менинг хотирамга ўзгариш содир бўлган бўлади ва менга бугундан эътиборан ҳадис айтиш жоиз бўлмай қолади”, деган эканлар. Шогирдлар атрофда яшовчи одамлардан суриштириб, дарҳақиқат, шу жойда бир пайтлар шохлари эгилган дарахт бўлганлиги, отлиқ йўловчиларга халал беравергани учун кесиб ташлангани ҳақида маълумот беришган эканлар. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ буни эшитиб, “Алҳамдулиллоҳ, зеҳним ҳали заифлашмабди”, дейдилар.[3]
Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ туғма, одатдан ташқари бир ғаройиб зеҳн соҳиби бўлганлар. Аслида, бу Аллоҳ таолонинг марҳамати бўлиб, ўз шариатини сақлаш учун мана шундай зотларни чиқариб қўйгандир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг бизларга берган неъматидир. Аллоҳ таоло шундай зотлар билан ўз шариатини бизларгача етказиб берган. Биз бунинг учун Аллоҳга шукр қилишимиз ва биз ҳам шу зотлардек бўлишга интилишимиз ва уларнинг тутган йўлларига амал қилишимиз лозим. Зеро, биз улар билан фахрланиб юравермасдан, биз ва бизнинг фарзанларимиздан ҳам шундай зотлар чиқишини Аллоҳдан сўраб, ҳаракат қилишимиз керак.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон
[1] Шамсуддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 13-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1992.-Б. 273. Абдулазиз ад-Деҳлавий. Бўстон ал-Муҳаддисийн.-Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996.-Б.84.
[2] Аминов.Ҳ. Исмоилов. М. Абиев.Ҳ. Абдуллаев. Б. Абу Исо Ат-Термизий. “Сунани Термизий” шарҳи. Ж.1. Муқаддима: “Irfonnashr”, 2021. –Б.28.
[3] Убайдулла Уватов. Мовароуннаҳар ва Хуросон олимларининг ҳадис илми ривожида тутган ўрни. Ўзбекистон халқаро ислом академияси нашриёт матбаа бирлашмаси. Тошкент-2020. –Б.156.






