Бу фирқанинг асосчиси Абул Ҳузайл Муҳаммад ибн Ҳузайл Лоф бўлиб, у Абул Қайс қабиласида озод қилинган қуллардан эди. Ислом ақидасида кўп хатоликларга йўл қўйган мазкур одамни танқид қилиб Жуббоий, Жаъфар ибн Ҳарб каби уламолар алоҳида китоблар таълиф қилишган.
Масалан, Абул Ҳузайлни кофирга чиқарилишига сабаб бўлган ақидаларидан бири жаннат ва дўзах абадий бўлмай, бир муддатдан кейин йўқ бўлиб кетади. Жаннат ва дўзах аҳли ўринларида қотиб қолади. Аллоҳ уларни на ўлдиришга, на ҳаракатга келтиришга қодир бўлмай қолади, деган ақидасидир. Ваҳоланки, ақоид китобларида жаннат ва дўзахнинг ва ундаги кишиларнинг абадийлиги қатъий равишда таъкидланган.
Шунингдек, жаннатнинг абадийлиги борасида Аҳли Сунна вал-Жамоа уламолари Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) томонидан ривоят қилинган пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларини раддия сифатида келтирадилар. Дедикки: “Ё Росулуллоҳ, жаннат нимадан яратилган?” Айтдилар: “Сувдан”. “Ё Росулаллоҳ, жаннатнинг биносидан бизга хабар беринг!” Росуллуллоҳ айтдилар: “Жаннат тилло ва кумуш ғиштлардандир. Унинг лойи мушкдан, тупроғи заъфарондан, унинг кичкина тошлари марварид ва ёқутдандир, ким унга кирса, неъматланади, ноумид бўлмайди ва абадий қолади, ўлмайди, кийими ҳўл бўлмайди ва ҳеч ҳам ёшлиги кетмайди”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
2-курс талабаси Обидов Қосимжон
манбалар асосида тайёрлади






