
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида “Қуръони карим ва тажвид” курси фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирги кунгача давлатимиз берган бу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда, мадраса раҳбарияти ва албатта устозларининг тинимсиз меҳнат, ҳамда саъй ҳаракатлари билан бу муассасадан минглаб тингловчилар Аллоҳ таолонинг улуғ Каломини мукаммал тўғри ўқишни ўрганиб чиқдилар.
Ана шундай тингловчилардан яна бир қанчаси бугун, 17 июль кунидан «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида «Қуръони карим ва тажвид» ўқув курсининг навбатдаги босқич машғулотларини бошлашди.
Йиғилишда «Қуръон карим ва тажвид» ўқув курсининг раҳбари Аваз қори Давлатов ҳамда курс устозлари Бойхўрозов Хуршид, Саиджамолов Раҳматуллоҳ ва Хушвақтов Юсуф қатнашдилар.


Ўқув курси раҳбари А.Давлатов ўқув курсининг тингловчиларига «Илм ва унинг одоблари» мавзусида маъруза қилиб, уларга ҳақиқий илм эгасига қандай одобларга эга бўлиши лозимлиги ҳақида зарур маълумотлар етказдилар ва битирувчиларга омад тилаб уларнинг ҳаққиларига дуои хайрлар қилдилар.

Ундан ташқари А.Давлатов ўқув курси тингловчиларининг тартиб — интизомга риоя қилишлари, ўз вақтида дарсга келишлари, белгиланган дарсларга мунтазам иштирок этишлари ва бошқа интизомга оид сўзларни айтиб ўтди. Ўз навбатида тингловчилардан ҳам керакли таклифлар ҳамда фикр-мулоҳазалар тингланди ва уларни билим юрти раҳбарияти эътиборга олиши айтиб ўтилди.


“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти матбуот хизмати





