Ҳарзат амир Алишер Навоий бобомизнинг қабрларига у зотнинг қўйидаги фарди битиб қўйилган экан.
Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от.
Бу дунё бир гулзорга қиёс қилинади. Ҳар бир инсон шу гулзорнинг кичик бир хизматчиси сифатида уни гуллаб-яшнашига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб ўтмоғи керак экан. Инсоннинг бу дунёдаги ҳаёти боқий бўлмаса-да, унинг хайрли амаллари воситасида яшаб ўтган ибратли ҳаёти, яхшиликлари бошқалар учун ҳам манфаатли бўла олади.
Ҳазрат бу ҳикматни нафақат бошқаларга англатиш, балки ўзлари ҳам бутун умрларини шу эзгу иларга сафарбар этишни назарда тутганлар.
Фахрий Ҳиротий Навоий қурдирган иншоотларнинг умумий сони 380 дан ортиқ экани ҳақида маълумот берган. Улар сафига 20 та масжид, 5 та мадраса, 12 та хонақоҳ, 58 та работ, 14 та кўприк, 9 та ҳаммом, 2 та шифохона каби жамоат фойдаланиши учун хизмат қилувчи бинолар ўрин олган. Бундан ташқари, Ҳирот ва бошқа ҳудудларда “Дорул ҳуффоз” номи билан аталувчи бир қанча қорихоналар қурдирган. Талабаларга кийим-бош ва йиллик сармоя ажратган. Мударрисларга эса, ойлик маошдан ташқари турар жой билан таъминлаш ишларига ҳам маблағ ажратган. Таъкидлаш зарурки, буларнинг барчаси Навоийнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилган.
Шу ўринда бу қадар катта бунёдкорлик ишлари учун маблағ сарфлаган кишининг даромади қандай бўлган, деган ўринли савол туғилади. Академик Абдулла Аъзам Фахрий Ҳироти маълумотларига таянган ҳолда шундай дейди: «Ҳар куни 75 минг динор амир (Алишер Навоий) хазинасига тушар эди ва 15 минг чиқим бўлар эди». «Бир динорнинг оғирлиги бир мисқол – 2,5 граммдан 5,5 граммгача олтин, кўпинча кумуш танга. Агар бир грамм олий пробали кумуш ҳозирги биржада 0,88 доллар эканини ҳисобга олиб, XIV асрдаги бир динордаги кумуш миқдорини 4 грамм десак, Навоийнинг бир кунлик даромади 140 минг доллардан ошади. Агар Фахрий Ҳиротий олтин динорни назарда тутган бўлса, рақам 10 миллионни ташкил этади».
Ҳазрат Навоийнинг яна бир шогирди Ғиёсиддин Хондамир бир кунлик аромади шунча катта бўлган буюк амир сармояни ҳеч қачон бир жойда жамғариб қўймаганларини ёзган. Ҳазратнинг саховатлари шу даражада бўлган эканки, келган даромадни тезлик билан халқнинг энг зарур эҳтиёжларига, бунёдкорликларга, хайр-саховат ишларига сарфлаган эканлар.
Ҳазратнинг илмий салоҳиятлари ва қолдирган маърифий мерослари бугунгача жаҳон бадиий тафаккурининг шоҳсупасини эгаллаб келяпти. Шундай катта салоҳиятга эга бўлган зот ўз ҳаётлари хусусида шундай ёзганлар:
Кечти умрум нақди ғафлат бирла нодонлиқда ҳайф,
Қолғани сарф ўлди андуҳу пушаймонлиқда ҳайф.
Бу мисраларни ўқиб мулоҳаза қилиш барчамизни умр неъматидан самарали фойдаланиб, уни гўзал ва солиҳ амаллар билан безашга, ҳар бир фурсатимизни унумли ўтказишга масъул эканимизни эслатиб туради.
Ғулом БОБОЖОНОВ,
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори






