﴿بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَـٰنِ ٱلرَّحِیمِ ﴾
﴿وَلَا تُخۡزِنِی یَوۡمَ یُبۡعَثُونَ ٨٩﴾
﴿یَوۡمَ لَا یَنفَعُ مَالࣱ وَلَا بَنُونَ ٨٨﴾
﴿إِلَّا مَنۡ أَتَى ٱللَّهَ بِقَلۡبࣲ سَلِیمࣲ ٨٩﴾
«Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин. У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар, ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келса, (манфаат топар)» (Шуаро сураси, 87-89-оятлар).
Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ ушбу оятни “гувоҳлар олдида мени шарманда қилма” ёки “мени азоблама” дея тафсир этиб, ушбу ҳадисни келтирганлар. “Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Иброҳим алайҳиссалом қиёмат кунида оталарини қора ғубор (чанг) қоплаганини кўрадилар ва дейдилар: “Эй Раббим! Қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмасликни ваъда бергандинг”. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, мен жаннатни кофирларга ҳаром қилдим”» (Имом Бухорий ривояти) У кунда (қиёмат куни на молу дунё ва на фарзандлар отага, онага) ёрдам беролмайди. Кишига фарзанди ёрдам беролмаганидан кейин бошқа ким ҳам ёрдам бера оларди. Аммо кимнинг қалби молу дунё ва фарзанд фитнасидан омон бўлса, унга молу дунёсидан қилган эҳсонлари, солиҳ фарзандлари, амаллари фойда беради?
Қалб соғлом бўлса, барча аъзолар саломат бўлади. Агар қалб бузуқ бўлса, бошқа аъзолар хам бузуқ, касал бўлади,
Имом Қатода, ибн Зайд роҳимаҳумаллоҳ ва аксар муфассирлар: “Тоза қалб унда шак ва ширк бўлмаган қалбдир” деганлар. Фарз, вожиб ва суннат амалларни адо этмай, шаръий кайтариқлардан сақланмай, қалбим тоза дейиш алданишдир.
Абу Усмон Сайёрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Тоза қалб бидъат, хурофотларга берилмаган суннатга амал қилганларнинг қалбидир”
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Тоза қалб мол ва болаларнинг офатидан омон бўлган киши қалбидир”, деганлар.
“Сахихи Муслим”да Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади: Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатга қалблари қушларнинг қалбидек бўлган қавмлар киради” дедилар Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ. “Тоза қалб куфр ва нифоқдан ҳоли бўлган қалб”, деган. Кишининг дунёдаги бойлиги мол ва болалари билан бўлса, динидаги бойлиги қалбининг тозалиги билан бўлади. Инсон қалби тоза бўлса, молини Аллоҳ таоло рози булган йўлларга сарфлайди, фарзандларини динга иршод қилади, шариат аҳкомларини ўргатади. Шунинг учун унинг молу дунёси ва болалари манфаатли, солиҳ бўлади. Аллоҳ таоло буюрган ҳукмларга амал қиладиган инсон, албатта, икки дунё саодатига эришади
Авазбек ЖУМАБОЕВ, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси.






