(Давоми)
Ўзбекистон қонунчилигида миссионерлик ҳақида…
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунга кўра, миссионерлик — аниқ мақсадга қаратилган мафкуравий таъсир ўтказиш орқали шахсни (бир гуруҳ шахсларни) ўз динига киритиш мақсадида унга (уларга) диний қарашларни мажбуран сингдиришга ва диний таълимотни тарқатишга доир фаолиятдир. Ушбу қонунда Давлат конфессияларнинг тинч-тотув яшашига кафил эканлиги ҳамда миссионерликни амалга оширишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Жавобгарлик масаласи қандай бўлади?
Жиноят кодексига мувофиқ, бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Икром Рўзиқулов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси





