Юртимиздан тарихда буюк шахсиятлар, етук уламолар етишиб чиққан. Айниқса, боболаримизнинг Ислом илмларига қўшган ҳиссалари беқиёс. Бизнинг уларга муносиб авлод ўлароқ вазифамиз эса улар қолдирган илмий меросни ўрганиш ва тарқалишига хизмат қилишдир.
Ушбу улуғ мақсад рўёби сифатида Қуръони Карим ва тажвидга ихтисослаштирилган “Кўкалдош” ўрта махсус Ислом билим юртида тарихий воқеа содир бўлди. Чунончи, билим юртимизнинг уч нафар қорилари Қуръони Каримни бошидан охиригача бир ўтиришда ва бир неча устозлар гувоҳлигида ёддан ўқиб беришди!


9-май куни билим юртимизга қарашли “Назарбек” талабар турар жойида 3-курс талабалари Умаров Акбаржон қори 8 ярим соатда, Иззатиллаев Муҳаммаджон қори 10 соатда ҳамда 2-курс талабаси Шуҳратбеков Шукруллоҳ қори 9 ярим соат ичида Аллоҳнинг каломини ёддан ўқиб беришди. Қуръони Карим ўқиш жараёнини мадарсамиз устозлари “Қуръон ва тажвид курси” бўлими бошлиғи Давлетов Аваз қори ҳамда Қуръон ва тажвид фани мударрислари Холдоров Бегзод ва Абдуллаев Абдулбоситлар кузатиб боришди.


Куни кеча ушбу қувончли воқеа муносабати билан “Кўкалдош” ўрта махсус Ислом билим юртида тадбир ўтказилди. Тадбирда нутқ сўзлаган билим юрти мудири Абдулҳақим қори Матқулов ушбу тарихий ютуқлар ва юксалишлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртининг Қуръони Каримни ёдлатишга ихтисослаштириш ҳақидаги ташаббуслари меваси эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Тадбир якунида қорилар билим юрти раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.





Бундай қувончли воқеа мустақил Ўзбекистондаги нафақат “Кўкалдош” мадрасаси, балки барча ўрта-махсус Ислом билим юртлари орасида илк бор кузатилаётгани билан эътиборлидир. Юртимизда амалга оширилаётган диний ислоҳотлар келгусида шу каби кўплаб хайрли ва салмоқли ҳосиллар беришини Аллоҳдан сўраб қоламиз!
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






