SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Қуръони карим ёшлар ҳақида нима дейди?
20.04.2018 / Bo‘limda Maqolalar, Yangiliklar

ЁШЛАР ВА ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ (иккинчи қисм)

Эслатиб ўтамиз, қуйидаги сатрлар “Ёшлар масалалари Ислом нигоҳида” деб номланган туркум мақолаларнинг навбатдагисидир. Ёшлар деганда одатда балоғат ёшидан бошлаб ўттиз беш-қирқ ёшлар орасидаги инсонлар назарда тутилади.

 

”Ёшлар ва ота-онага яхшилик қилиш” мавзусига иккинчи марта қайта тўхталишимизнинг сабаби муҳтарам ёшларимизга дунё ва охират ҳаётида ота-онага яхшилик қилишнинг нақадар катта аҳамиятга эга эканини билдириб қўйишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бурни ерга ишқалсин! Бурни ерга ишқалсин! Бурни ерга ишқалсин!”, дедилар. “Кимнинг, эй Аллоҳнинг расули?” дейилди. У зот алайҳиссалом: “Ким ота-онасини ёки улардан бирини қарилик чоғларида топса-ю, сўнг (уларнинг хизматини адо этиб) жаннатга кира олмаса!”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда шундай дейилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Инсонлардан ким гўзал муомала қилишимга ҳақлироқ?”, деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Онанг”, дедилар. Ҳалиги киши: “Сўнгра ким?”, деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, дедилар. Ҳалиги киши (яна): “Сўнгра ким?”, деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Отанг”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ўтган мавзуда ота-онага яхшилик қилишнинг ўнта мукофоти тўғрисида сўзлаган бўлсак, бу мавзуда ота-она томонидан амалга оширилиши зарур бўлган бешта иш ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу беш ишни қилиш орқали ҳар бир ота-она ўз фарзандларига яхшилик қилиш таълимини берган бўлади. Фарзандлар эса бундан, аввало, ўз ота-оналарига яхшилик қилишлари зарурлигини англаб етишади.

Маълумки, Қуръони карим оятларидан баъзиларида эрнинг хотини устидаги ҳақлари хусусида сўзлангани каби бошқа оятларда адолат мезони мукаммал намоён бўлиши учун эрнинг хотини олдидаги бажариши шарт бурчлари ҳақида ҳам сўз юритилади. Шунингдек, саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ишчиларнинг ўз раҳбарлари устидаги ҳақларига тўхталиб ўтилгани сингари уларнинг ўз бошлиқлари олдидаги бурч ва вазифалари юзасидан ҳам кўрсатмалар берилган. Ёхуд қўшнининг ҳақлари билан бир қаторда унинг бурчларига, қариндошчилик ҳақлари билан бир пайтда уларнинг бир-бирлари олдидаги бурч ва масъулиятларига ҳам бирдек тенг эътибор қаратилганини кўришимиз мумкин. Умуман, қаерда ҳуқуқ ҳақида гап борса, албатта, ўша ерда ёки бошқа бирон ўринда унинг муқобилидаги масъулият ва бурчлар ҳам зикр этилган.

Худди шу каби Ислом фарзанднинг зиммасидаги бурч бўлган иш – ўз ота-онасига яхшилик қилиш ҳақида сўз юритар экан, албатта ота-онанинг бу ишда ўз фарзандига қандай қилиб кўмак бериши ва уни оқ бўлиб қолишдан асраши йўллари ҳақида ҳам етарлича таъкидлаб ўтади. Роббимиз Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эзгулик вa тaқвo (йўли)дa ҳaмкoрлик қилингиз” (Моида сураси 2-оят).

Яъни Аллоҳ таоло: “Яхшилик йўлида ўзаро ёрдамлашингиз” демоқда. Оятда келган “таъавануу” калимаси араб тили қоидалари бўйича бирон ишни ўзаро шерикликда бажаришни ифодалайди. Бундан келиб чиқадики, фарзанд ота-онасига яхшилик қилмоғи, ўз навбатида ота ҳам унга бу ишда кўмак бериши лозим экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга яхшиликда ёрдам берингиз! (Аксинча) ким хоҳласа, фарзандининг оқ бўлишига (ўзи) сабаб бўлаверсин”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Хабарларда ворид бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандига ёрдам берган ота-онага Аллоҳ раҳм қилсин!”, дедилар. Шунда у зот алайҳиссаломга: “Қандай қилиб ёрдам беради?”, дейилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Фарзандининг яхшилигини қабул қилади, ёмонлигини авф этиб юборади”.

Хўш, ўзи фарзандингизга унинг сизга яхшилик қилишида қандай ёрдам бера оласиз?

Биринчидан, фарзандга у ҳали дунёга келмасидан илгари муносиб она танлаш зарур. Чунки аёллар ўзларига, ака-ука ва опа-сингилларига ўхшаш фарзандларни дунёга келтирадилар. Шунга кўра, ўз аҳлига яхшилик қилувчи аёл келажакда оиласига яхшилик қиладиган фарзанднинг, солиҳа аёл эса  солиҳ фарзандларнинг дунёга келишига сабаб бўлади. Умуман олганда, фарзандларнинг солиҳ ва баркамол бўлишида уларга туғилишларидан олдин она танлаш энг муҳим иш бўлиб, эркак кишидан жиддий диққат ва эътиборни талаб қилади.

Ахир, боғ-у бўстонга ўхшаш оилада тарбия топиб, улғаяётган қиз бамисоли қуп-қуруқ биёбон бўлган оилада ўсаётган қиздан бутунлай фарқ қилади-да! Қусур ва нуқсонларга тўла аёл эмизиб, вояга етказадиган фарзанднинг келажакда комил инсон бўлиб етишишини қандай тасаввур қилишимиз мумкин?!

Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига фарзандининг ўзига оқ бўлганини айтиб, шикоят қилиб келди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга фарзандини ҳам бирга олиб келишни буюрдилар. Фарзанд келгач, у зот ундан бу ҳақда сўрагандилар, у шундай савол билан жавоб қилди:

–        Эй мўминларнинг амири! Менинг отам зиммасидаги ҳаққим нималардан иборат? Ҳазрати Умар унга:

–        Онангни ва исмингни танлашда гўзал йўл тутмоғи ҳамда сенга Қуръондан ўргатмоғи, – деб жавоб бердилар. У эса:

–        Отам мен учун булардан биронтасини қилмаган, – деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу отага қараб: “Боравер! Албатта, ўғлинг сен уни оқ қилишингдан илгари сени оқ қилибди”, дедилар.

Юқоридаги воқеадан ҳам очиқ-ойдин билиниб турибдики, фарзандингиз учун муносиб она танлаш ғоятда муҳим ва масъулиятли вазифа ҳисобланар экан. Шунингдек, турмушга чиқаётган қизлар ҳам бўлажак фарзандларининг отаси қандай инсон бўлишига алоҳида эътибор қаратишлари талаб этилади.

Иккинчидан, ота-оналар барча фарзандлари ўртасида тенг ва адолатли муносабатда бўлишлари  зарур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳадя беришда фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар!”, деганлар.

Айнан шу ҳадиснинг бошқа санад билан келган лафзида Набий алайҳиссаломнинг: “Фарзандларингиз ўртасида сиз уларни яхшилик борасида сизга тенглик қилишларини истаганингиздек тенглик қилинглар!”, деганлари ривоят қилинган.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан қўрқингиз ва фарзандларингиз борасида адолат қилингиз!”, деганлар.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан сўзлашиб турган пайтларида бир ёш бола келиб, бир томонда, қавмнинг ичида ўтирган отасининг олдига борди. Отаси унинг бошини силаб, ўнг сонининг устига ўтирғизди. Бироз муддат ўтгач ҳалиги кишининг қизчаси ҳам кириб келди. Ота қизчасининг ҳам бошини силади-ю, аммо уни ерга ўтирғизди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Уни) бошқа сонингга ўтирғизмайсанми, ахир?”, дедилар. Кейин ҳалиги киши қизини кўтариб, нариги (иккинчи) сони устига ўтирғизди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана энди адолат қилдинг”, дедилар”.

Демак, фарзандлар ўртасида адолат қилиш улар томонидан қилинадиган яхшиликларга сабаб бўлса, улардан бирини қолганларидан меҳр ва эътиборда устун қўйиш келгусида уларнинг ота-оналарига оқ бўлишларига олиб келади. Ўрталарида адоват ва ихтилоф уруғини сочади.

Бир ёш шифокор шундай деб ҳикоя қилади: “Отам аввалига учта қиз фарзанд кўрган. Кейинчалик эса яна уч ўғилли бўлган. Аммо орамизда тўнғич ўғил бўлган катта акамнинг отам учун алоҳида ўрни бор эди. У отамизнинг меҳри ва муҳаббатидан бизга қараганда кўпроқ баҳраманд бўларди. Бу ҳолат онамизда ҳам намоён бўлди ва у ҳам катта акамни биздан ортиқроқ кўрарди. Қизиғи шундаки, кейинчалик акам касалга чалинди ва отамнинг меҳри унга янада зиёдалашди, унинг уйланишига катта маблағ сарфлади. Бизга қилмаган хайр-у саховатларни акамга қилди. Ҳозирда эса у эмас, айнан биз отамизнинг ҳақига вафот этиб кетганларидан сўнг  дуо қилиб турамиз. Лекин бир пайтлар биз унинг ўртамизда адолатли бўлишини ва биримизни бошқамиздан ортиқ кўрмаслигини жуда-жуда истар эдик…”.

Бир обрўли киши шундай ҳикоя қилади: “Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, отамиз катта акамизни биздан ортиқроқ кўрарди ва унга энг нозик сирларини ҳам ишонарди. Отамиз доимо акамнинг у билан бирга оила масъулиятини ўз зиммасига олганини айтиб, уни ўзига алоҳида дўст тутиб олганди. Бизни, яъни кичик фарзандларини ўзига яқинлаштирмасди.

Отам вафот этгач акам барча нарсаларни, мол-мулкларни якка ўзи эгаллаб олди. Бизга отамдан қолган меросдан эса деярли ҳеч нарса тегмади. Бу эса бизга яна бир янги оғриқ ва зарба демак эди. Акам ва унинг оиласи отамиздан қолган барча бойликни ўзлариники қилиб олишни истаган пайтларида биз – кичик фарзандларнинг ичимизда моддий жиҳатдан қийин аҳволдагилари ҳам бор эди. Афсуски, ҳозир ҳам биз – отамнинг кичик фарзандлари ҳамда набиралари ўртасида унинг ҳақига дуо қилишни истамайдиганларимиз бор…”.

Нақадар аянчли ҳолат, шундай эмасми?

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Отам бир куни менга ҳадя берди. Кейин онам Амра бинти Равоҳа отамга: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, бунга у зотни гувоҳ қил”, деди. Кейин отам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, у зотга бу ишни зикр қилди. У зот алайҳиссалом: “Сенинг ундан бошқа ҳам фарзандинг борми?”, дедилар. Отам: “Ҳа, бор”, деб жавоб берди. Набий алайҳиссалом: “Сен уларнинг ҳар бирига Нўъмонга берганинг каби ҳадя бердингми?”, дедилар. Отам: “Йўқ”, дея жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ортингга қайтгин! Албатта, мен зулмга гувоҳлик бермайман”, дедилар”.

Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятдан келган лафзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Уларнинг сенга яхшилик ва лутф қилишда баробар бўлишлари сени шодлантирмайдими?”, деганлари,  шунда Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳунинг  оталари эса “Ҳа”, деб жавоб бергани, кейин Набий алайҳиссаломнинг “(У ҳолда) сен бундай қилмагин!”, деганлари ҳам ривоят қилинган (Имом Аҳмад ривояти, шунингдек ҳадиснинг аслини Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳам ривоят қилишган) .

Учинчидан, фарзандлар ҳақига хайрли дуо қилиш керак бўлади.

Фарзандларингизнинг келгусида сизга яхшилик қиладиган инсонлар бўлишида уларнинг ҳақига қиладиган хайрли дуоларингиз ҳам кўмак беради. Бу амал Қуръони карим хабар берганидек, Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг одатлари бўлган.

Масалан, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога “Эй, Раббим! Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ато этгин!” (Соффат сураси 100-оят) деб, шунингдек яна шундай дуо қилганлар: “Эй, Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!” (Иброҳим сураси 35-оят).

Закариё алайҳиссалом эса: “Рaббим, мeнгa ўз ҳузурингдaн пoк зурриёт aтo эт! Дaрҳaқиқaт, сeн дуoни эшитувчидирсaн» (Оли Имрон сураси 38-оят), деб дуо қилгандилар.

Шунингдек, Аллоҳ таоло солиҳ мўминлар тилидан айтиладиган ушбу дуони ҳам Қуръони каримда зикр қилиб ўтади: «Пaрвaрдигoрo, xoтинлaримиздaн вa зурриётлaримиздaн бизлaргa кўз қувoнчини бaxш eт вa бизлaрни тaқвoдoрлaргa пeшвo қилгин» (Фурқон сураси 74-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳадиси шарифларининг бирида: “Учта дуо борки, улар шак-шубҳасиз ижобат қилинади: мазлум кишининг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг ўз фарзанди зарарига (ёки фойдасига) қилган дуоси”, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Шундай экан, фарзандингиз ҳақига қилган хайрли дуоингиз улар томонидан яхшилик кўришингизга сабаб бўлиб, аксинча, фарзандларингиз зарарига сиз томондан қилинган баддуо уларнинг келгусида сизга оқ бўлишларига олиб келади.

Ҳикоя қилинишича, бир киши уламолардан бирининг ҳузурига келиб, фарзандининг унга оқ бўлганидан шикоят қилибди. Олим зот ундан: “Сен унинг зарарига дуо қилганмисан?”, деб сўрабди. Ҳалиги киши: “Ҳа, Аллоҳ унга тавфиқ-кўмак бермаслигини сўраганман”, деб жавоб берибди. Бу гапни эшитган олим: “Батаҳқиқ, Аллоҳ шундай қилибди. Сен ўзинг фарзандингни бузган экансан!”, деб жавоб берган экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз нафсларингизнинг зарарига дуо қилмангиз! Ўз нафсларингизнинг зарарига дуо қилмангиз! Фарзандларингизнинг зарарига дуо қилмангиз! Ходимларингизнинг зарарига дуо қилмангиз! Ходимларингизнинг зарарига дуо қилмангиз! Мол-мулкларингизнинг зарарига дуо қилмангиз! Тағин (бундай дуоларингиз) Аллоҳ таолонинг ато этиши нозил бўладиган қабул соатига мувофиқ келиб,  сизлар учун ижобат қилиниб қолмасин!”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Тўртинчидан, фарзандларни исломий соф тарбия асосида тарбиялаш мақсадга мувофиқдир. Зеро, бу иш фарзандингизга сизга яхшилик қилишида кўмак беради, уни яхшиликка ўргатади, яхшилик ўзи нелигини англатиб, фарзандингизнинг ўзини ҳам у  томон йўналтиради. Баъзан, ёшлар билан ота-оналари йўқ жойда яхшилик қилиш ҳақида сўзлашиб, уларни бунга тарғиб қилганимизда уларнинг кўзларида беихтиёр ёш қалқиётганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин!

Афсус билан шуни таъкидлашимиз ўринлики, ўзлари исломий тарбиядан мутлақо йироқ кимсалар ёшлар билан ота-оналари йўқ давраларда суҳбатлашиб қолганларида  “Отанг эскича фикрлайдиган киши”, “Онанг замондан орқада қолиб кетган аёл”, “Ота-онангга бўйсунар экансан, ҳақиқий эркак эмас экансан!” қабилидаги гапларни ҳеч нарсадан тап тортмай айтаверадилар.

Албатта, исломий тарбия фарзандларимизга яхшиликнинг қийматини англашларига ёрдам беради. Исломга аслида ёт бўлган тарбия услубларида эса яхшилик тушунчаси бирон-бир қийматга эга эмас. Шундай экан, биз бугун фарзандларимизни шахсан назорат қилиб, уларни Аллоҳнинг уйлари – масжидларга, Қуръони каримни тинглашга олиб борадиган бўлсак, батаҳқиқ уларни яхшилик томонга йўналтириб қўйган бўламиз.

Аммо, фарзандларимизни ғарбдан кириб келаётган ўзлигимиз ва динимизга бутунлай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларига бефарқ қараб тураверадиган бўлсак, аслида ўзимиз уларнинг қалбидан яхшилик тушунчасини мутлақо суғуриб ташлаган, энг озида унинг кўз ўнгида бу мўтабар тушунчани бутунлай қадрсизлантирган бўлиб қоламиз.

Келажакда фарзанддан яхшилик кўриш ҳам, уни оқ қилишга мажбур бўлиш ҳам унга берилган тарбиянинг меваси ҳисобланади.

Тиббиёт факультетида таълим оладиган бир мусулмон йигит ёзги таътил даврида икки ойлик инглиз тили курсида қатнашиш учун Лондонга сафар қилибди.  У ерга етиб боргач бир инглиз оиласининг уйидан вақтинча истиқомат қилиб туриш мақсадида бир хонани ижарага олибди. Мазкур оила олтмиш ёшлар чамасидаги бир кекса аёл ва унинг олтмишдан ошган эридангина иборат эди. Йигит бир куни машғулотлардан уйга кечроқ қайтибди. Қараса, уйдагиларнинг барчаси уйқуга кетиб бўлишган экан. Ошхонага кирса, у ерда ишлатилиб, ювилмай қолган идиш-товоқларга кўзи тушибди. Кейин эса кекса уй соҳибасига кўмаклашиш ниятида уларни ювиб қўйибди.

Эртаси куни тонг отгач аёл йигитдан: “Бу ишинг учун қанча ҳақ истайсан?”, деб сўрабди. Табиийки, йигитга бу савол бироз ғалати туюлибди ва табассум қилган ҳолида аёлга: “Мен бу ишни сизга енгил бўлишини истаб, Аллоҳнинг розилиги учун қилгандим”, деб жавоб қайтарибди. Буни эшитган аёл йигитга: “Бизда ҳар бир нарса пул билан ўлчанади, бизда сен айтганинг каби, “Аллоҳнинг розилиги учун” қилинадиган бирон иш топилмайди. Менинг қизим ҳар ҳафтада бир марта икки соатга мен ва отаси учун таом пишириб бериш учун уйимизга келади ва бу иши учун биздан ҳақ олади. Ўғлим эса вақт топса ҳар йили бир марта оналар байрамида мен билан кўришади”,  деган экан!

Ҳа, азизлар айнан ушбу тарбия ғарб, Европа тарбиясидир. Айнан мана шу тарбия динни сариқ чақага илмайдиган тарбиядир. Сиз ўз фарзандингизга ана шундай тарбия беришни истармидингиз?!

Юқоридаги маълумотлардан ҳам яққол кўриниб турибдики, сиз фақат мусаффо исломий тарбия воситасидагина фарзандларингизга яхшилик йўлида кўмакчи бўла олишингиз мумкин.

Бешинчидан, келажакда фарзандларидан яхшилик умид қиладиган ота-она уларга тоқатларидан ташқаридаги юмушларни буюрмаслиги керак. Масалан, ўз ўғлидан хотинини талоқ қилишни қаттиқ туриб талаб қилаётган она уни ўзи оқ бўлиш йўлига тушириб, тоқати етмайдиган нарсага мажбурламоқчи бўлаётган онадир. Худди шу сингари  зарурий бўлмаган турли-туман моддий талабларни фарзандлари зиммасига юклаётган оталар ҳам уларни ўзларига келгусида оқ бўлишларига пойдевор яратиб қўяётган бўладилар!

Қизини эридан ажрашишга ундаётган она унга тоқатидан ортиқ ишни буюраётган бўлади. Ўз навбатида, ўғилларини турли сўзлар билан сўкиб, ҳақорат қилаётган ёки бошқалар олдида дакки бераётган оталар эса фарзандларининг бўйнига улар кўтара олмайдиган юкни илаётганини билиб қўйсинлар! Афсуски, бу ишлари билан улар фарзандларини келгусида бора-бора ўзларига оқ бўлишларидек аянчли ҳолгача олиб бориб қўядилар.

Қуръони каримни бир ўқиб кўринг-а! Роббимиз Аллоҳ азза ва жалла биз бандалар устида чексиз ҳаққи  борлигига қарамай: “Aллoҳ ҳeч бир жoнни тoқaтидaн тaшқaри нaрсaга мажбурламайди” (Бақара сураси  286-оят), дейди! Худди шу оят давомидан мўмин бандалар тилидан қилинган ушбу дуони ҳам келтиради: “Эй Рaббимиз, биздaн илгaри ўтгaнлaрнинг зиммaсигa oртгaн мaшaққaтни бизнинг зиммaмизгa oртмa! Эй Рaббимиз, тoқaтимиз етмaйдигaн нaрсaни бизгa юклaб тaшлaмa! Бизлaрни aфв эт вa кeчир ҳaмдa бизлaргa рaҳм қил! Сeн бизнинг xoжaмизсaн. Бaс, бизлaргa кoфирлaр қaвми устидaн ғoлиблик aтo eт!”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳар бир дарахтнинг ўз меваси бўлади. Қалбнинг меваси эса фарзанддир. Ва Аллоҳ азза ва жалла фарзандига раҳм қилмаган кишига раҳм қилмайди. Жоним унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, жаннатга фақат раҳмли киши киради”, дедилар.

Азиз мўмин биродарлар, муслима опа-сингиллар!

Биз ушбу мавзу давомида келтириб ўтган барча маълумотлардан аёнки, фарзандингизнинг келгусида солиҳ инсон бўлиб улғайишида, шунингдек сизга – ўз ота-онасига яхшилик қиладиган фарзанд бўлишида ҳозирдан бошлаб сиз ушбу бешта иш билан кўмаклаша олар экансиз:

1) солиҳа она (ёки солиҳ ота) танлаш;

2) фарзандлар ўртасида адолат ва тенглик қилиш;

3) уларнинг ҳақига дуо қилиш;

4) мусаффо исломий тарбия воситасида тарбиялаш;

5) тоқатларидан ташқари ишларга буюрмаслик.

Аллоҳ таоло барчамизга солиҳ ота-она ва фарзандлар бўлишимизни муваффақ айласин! Омийн!

Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари” номли мақолалар
туркуми асосида “Кўкалдош”  ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баратов Ғиёсиддин ва 3-курс талабалари томонидан тайёрланди.

What you can read next

Илм излаб сафар қилишдаги ҳимматларининг олийлиги
Илм излаб сафар қилишдаги ҳимматларининг олийлиги
Ислом умматининг турли оқимларга бўлиниб кетиши
Ислом умматининг турли оқимларга бўлиниб кетиши
Faxrlandik
Faxrlandik

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP