Бугун 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, профессор Д.Мақсудов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор М.Муҳаммадсиддиқов “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида мадрасага ташриф буюрдилар. Меҳмонларни билим юрти раҳбари бошчилигида мадраса жамоаси самимий кутиб олди.


Ташриф буюрган меҳмонлар дарс жараёнлари билан танишиб, талабалар билан суҳбатлашдилар. Талабаларнинг фиқҳ фанидан масалаларни араб тилида ўқиб, она тилимизга таржима қилиш, араб тили грамматикасидаги матнларни таркиб қоидалари асосида изоҳлаб бериш борасидаги қобилиятларини юқори баҳоладилар. Шунингдек, мадраса талабалари ва Қуръон ва тажвид курси тингловчилари таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, таълим-тарбия жараёнларини кўздан кечирдилар. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ҳақида суҳбатлашиб талабаларнинг талаб ва таклифлари, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Айни дамда жаҳонда кечаётган глобал қарама-қаршиликлар, тўқнашувлар ва ана шундай вазиятда бизнинг тутадиган қатъий ўрнимиз илм ўрганишдан иборат бўлиши лозимлиги ҳақидаги қарашларини баён этдилар.






Шундан сўнг, билим юртининг маънавият залида ўқитувчи ва талабалар иштирокида учрашув ташкил этилди. Соҳа раҳбарлари ўз маърузаларида ҳозирги кунда мамлакатимизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, сўнгги йиллардаги диний таълимдаги ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, келажакда олий диний таълим муассасаларида билимларини давом эттириб соҳа ривожига ҳисса қўшадиган етук мутахассислар бўлиб етишиш, дориломон замона имкониятларидан унумли фойдаланиб, билим ва малакаларимизни мустаҳкамлаш борасида қатъият кўрсатиш лозимлиги борасида ўз тавсияларини бериб ўтдилар. Таълим сифатини ошириш учун яна нималар қилиш кераклиги ҳақидаги ёшларнинг фикрлари билан қизиқдилар. Уларнинг келажак мақсад ва вазифалар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тинглаб, йўлланма ва тавсиялар беришди.


Мулоқот давомида бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаси ҳисобланган «Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юртининг фаолияти кенгайиб бораётгани таъкидланди. Жумладан қабул квоталари оширилди, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миромоновичнинг “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сонли Фармони билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ «Кўкалдош» мадрасасида «Қуръони карим ва тажвид» ўқув курслари очилди. Республикамизда фақатгина битта жойда – «Кўкалдош» мадрасасида имконияти чекланган: кўзи ожиз, кар-сақов, ногиронлар учун хайрия ўқув курслар ташкил қилинди. «Кўкалдош» ўрта-махсус билим юртида халқаро миқёсида мақомга эга бўлиб, хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш бошлангани эътироф этилди.
Учрашувда ўқитувчи ва талабаларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Хориждан араб тили бўйича мутахассис жалб этиш, ёшларнинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етишлари, спорт билан мунтазам шуғулланишларини таъминлаш учун спорт зали қуриб бериш ва талабалар турар жойини яқин масофага кўчириш каби таклифлар берилди.
Тадбир сўнггида билим юрти раҳбарияти ҳамда у ерда фаолият олиб бораётган устозлар ва ходимларга миннатдорлик билдириб, барчанинг ҳаққига дуойи хайрлар қилинди.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Ғаниев





