“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Мотуридия таълимоти ва унинг бугунги кундаги аҳамияти” номли махсус курси режа асосида ташкил қилинган бўлиб, талабаларнинг Мотуридия таълимоти бўйича илмларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Бугун, 2 март куни билим юртида “Мотуридия таълимоти ва замонавий оқимлар” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди. Давра суҳбатида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази мутахассиси Ихтиёр Абдураҳмонов ўз маърузаси билан иштирок этди.

“Мотуридия таълимоти Аҳли-сунна вал жамоа ақидасининг асл ўзаги бўлиб, бу барча Аҳли-сунна олимлари томонидан бирдек эътироф этилган.
Мотуридий олимлар кўплаб адашган фирқалар қаторида мўътазилийларга ҳам алоҳида раддиялар бериб келган. Мўътазилийларнинг ақидаси ботил эканини исботловчи далиллар мотуридийлик таълимоти бўйича ёзилган манбаларда ўз аксини топган. Бироқ ҳозирда сохта салафийлик ва мазҳабсизлик руҳида ёзилган адабиётларда мотуридия таълимотини мўътазиланинг бузуқ ақидалари билан қориштириб юбориш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Шубҳасиз, бу икки ақидавий йўналиш мазкур орасида ер билан осмончалик фарқ бор. Бу фарқни тўлиқ англаш учун катта маҳорат ва чуқур билим талаб этилади”.
Давра суҳбатининг нақадар қизиқарли ва серқиррали бўлганини талабалар давра суҳбати сўнгида берган саволларидан ҳам англаб олиш мумкин эди. Талабалар берилган саволларига тўлиқ ва атрофлича жавоблар олдилар.











