Бир киши ҳанбалий мазҳабини ўрганиш учун Қози Абу Яъло Ҳанбалийнинг олдига келди. Қози ундан қайси шаҳардан келгани ва у ернинг аҳолиси қайси мазҳабга эргашишларини сўради. Ҳалиги киши ўзи яшаётган шаҳарнинг одамлари шофеъий мазҳабига эргашишларини айтди. Қози Абу Яъло ундан нима сабабдан ўзининг мазҳабини ташлаб, ҳанбалий мазҳабини ўрганмоқчилигини сўради. Меҳмон Қози Абу Яълога “Сизга бўлган кучли муҳаббатим ва ҳурматим сабаб мазҳабингизга ўтмоқчиман!”, деб жавоб берди.
Қози Абу Яъло унинг ушбу самимий муносабатига ташаккур айтиб шундай насиҳат қилди: “Мазҳабингизни ўзгартиришингиз яхши эмас. Чунки атрофингизда барча шофеий мазҳабида бўлгани ҳолда ўзингиз ҳанбалий мазҳабида бўлсангиз, ибодат масалаларини ўрганадиган бирор олимни топа олмайсиз. Бу эса атрофингиздагилар билан низо чиқариш ва хусуматлашишга олиб боради. Шундай экан, сиз ўз ўлкангиз аҳолиси эргашган мазҳабни маҳкам ушланг”.
“Мусаввада” асари, 452-бет.
Рустам ОХУНЖОНОВ «Кўкалдош» ЎМИБЮ Матбуот котиби таржимаси






