Маълумки, мазҳабимиз имоми Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг икки машҳур шогирдлари бўлган. Уларнинг бирлари Абу Юсуф бўлсалар, иккинчилари имом Муҳаммаддирлар. Мазҳабимизнинг шаклланишида ушбу икки имомнинг ўрнилари беқиёс.
Уламоларимиз Абу Ҳанифа ва икки шогирдларининг таржимаи ҳолларига алоқадор кўплаб маълумотлар келтирганлар. Жумладан, Имом Заҳабий ўз китобларида Абу Юсуф ҳақида шундай ёзадилар: “У имом, мужтаҳид, аллома, муҳаддис, қозилар қозиси Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ал-Ансорий ал-Куфийдир. 113-йилда таваллуд топган. Ҳадис эшитган кишилари: Ҳишом ибн Урва (Зубайр розияллоҳу анҳунинг набиралари), Аъмаш, Убайдуллоҳ ибн Умар, Абу Ҳанифа ва бошқалар.
Абу Юсуф Абу Ҳанифага шогирд тушиб, у кишини маҳкам ушлаган ва энг олди шогирдларидан бўлган.
Кейинчалик Абу Юсуфнинг қўлида Имом Муҳаммад, Имом Муъалло ибн Мансур, Ибн Самоъа ва бошқалар таълим олдилар.
Абу Юсуфнинг ҳадис илмида ўзларига хос ўрнилари бўлиб, у кишидан Яҳё ибн Маъин, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Али ибнул Жаъд ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.
Абу Юсуфнинг оталари камбағал киши бўлиб, кичкина дўконча ҳисобига кун кўришарди. Абу Ҳанифа эса Абу Юсуфни моддий тарафдан қўллаб-қувватлаганлар.
Али ибн Ҳармала Абу Юсуфдан ривоят қилади: “Илм талаб қилиб юрган пайтимда камбағал эдим. Бир куни отам менга: “Болам, Абу Ҳанифа билан бирга оёқ чўзиб ўтариверма, (сен ишлашинг керак) ахир биз камбағалмиз-ку…” дедилар. Мен отамга итоат қилиб пул топиш ҳаракатига тушдим. Шунда Абу Ҳанифа келиб менга юз дирҳам берди ва “Дарс ҳалқасидан қолма, ўқишдам чалғима, агар бу пуллар тугаса менга билдиргин (яна бераман)” деди. Кейин бир неча кун ўтгач яна менга пул берди”.
Абу Юсуф айтадилар: “Абу Ҳанифадан ўн етти йил бирга ўтириб дарс олдим”.
Абу Юсуфнинг шогирди Ҳилол Роъй айтади: “Абу Юсуф тафсир, ғазотлар, араблар тарихини ёддан биларди”.
Яна бир бошқа шогирди Ибн Самоъа айтади: “Абу Юсуфнинг кунлик икки юз ракъат (!) намоз ўқиш вирди (вазифаси) бор эди”.
Имом Заҳабий айтадилар: “АБу Юсуф илмда шу даражада чўққига чиққан эдики, ҳатто Халифа Ҳорун Ар-Рашид ҳам уни жуда улуғларди”.
Абу Сулаймон Жузжоний айтади: “Абу Юсуфнинг шундай деганини эшитганман: “Халифа Рашиднинг ҳузурига кирганимда қўлида иккита дур бор эди. Уларни қўлида ушлаб, ўйнаб турарди. Шунда халифа менга “Бу икки дурдан-да чиройлироқ нарсани кўрганмисан?” деди. Мен, “Ҳа” дедим. У “Нима экан у?” деди қизиқиб. Мен (халифанинг дур ушлаб турган қўлларини назарда тутиб): “Дурлар турган идиш” деб жавоб бердим. Шунда халифа дурларни менга ташладида: “Ол, булар сенга, нима қилсанг хоҳишинг” деди.
Имом Заҳабий айтадилар: “Имом Абу Юсуф олтмиш тўққиз ёш умр кўрган”. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
“Сияру аъломин нубало” китоби 8-жуз.
Пўлат Зийнатуллоҳ
Кўкалдош ЎМИБЮ талабаси






