6. “Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз!”
Яъни, оға-инилардек, ҳасад-адоват қилмасдан, бир-бирингизнинг савдонгизни бузмасдан, ўртадаги борди-келдини узмасдан ҳамиша очиқ юз ва тоза қалб билан яхши ишларда биродарингизга ёрдамчи бўлиб, ўзаро меҳр-муҳаббат ва дўстона лутф билан муомала қилингиз. Унутмангки, сизлар Аллоҳнинг қулларисиз! Хожасига содиқ қуллар Унинг амрини асло ерда қолдирмайдилар. Парвардигорингиз сизларни дин йўлида оға-инилардек ўзаро баҳамжиҳат бўлишга буюрди. Аллоҳ таолонинг ушбу амрини амалга оширмоқ учун қалблар бир-бирига ошно ва сафлар жипс бўлиши шарт. “У сизни ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг дилларини бирлаштирган Зотдир!” (Анфол, 63-оят).
Биродарига салом бермоқ, акса уриб “алҳамду лиллаҳ” деганида “ярҳамукаллоҳу ва яшфийк” деб жавоб айтмоқ, касал бўлса, бориб кўрмоқ, чақирганида бормоқ, вафот этса жанозасида қатнашмоқ каби мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақларига риоя этиш орқали ҳам мўминларнинг бирдамлиги янада мустаҳкамланади.
Бир-бирларига ҳадялар қилиб, қўл сиқишиб кўришадиган мусулмонлар ўртасида меҳр-муҳаббат кучаяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир-бирингизга ҳадялар беринглар. Чунки ҳадя қалбдаги кекни кетказади”. (Термизий ривояти). “Бир-бирингизга ҳадялар қилиб туринглар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар”. Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: “Бир-бирингиз билан қўл бериб кўришинглар, чунки у нафрат-адоватни йўқотади. Ўзаро ҳадя алмашиб туринглар!»
Ҳасан Басрий айтадилар: “Қўл бериб кўришмоқ ўртадаги меҳр-муҳаббатни зиёда қилади”.
Асадулло Холмуродов
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси





