«Кўкалдош» ўрта махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси Ғиёсиддин Баратов томонидан нашрга тайёрланган Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – икки олам сарвари» асарининг таржимасига
ТАҚРИЗ
Юртимиз истиқлолга эришгач, халқимиз асрлар оша эътиқод қилиб келаётган муқаддас Ислом дини борасида Ватанимиз ва жаҳон уламолари томонидан таълиф этилган асарларни ҳар томонлама илмий ўрганиш, тадқиқ этиш ва халқимизга соф ҳолда етказишга кенг йўл очилди. Айниқса сўнгги йилларда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини, сийратларини, ҳадиси шарифларини ўрганишга ва улар асосида баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган кўплаб асарлар ёзилиб, таржима этилаётгани қувонарли ҳолдир. Ана шундай асарлардан бири Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – икки олам сарвари» асаридир.
Мазкур асарда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хилқатлари, юксак ахлоқий ва маънавий фазилатлари, шу билан бир қаторда, у зот алайҳиссаломнинг ўз ҳаёт йўлларида бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, асл Ислом динининг моҳияти ҳисобланадиган инсонпарварлик тамойилларини кўрсатиб беришда барчага намуна бўлганликлари оят ва ҳадислар воситасида тушунарли тарзда баён қилиб берилган. Ҳадислар манбаи аниқ кўрсатилган. Зарур ўринларда керакли изоҳлар бериб борилган.
Шунингдек, ушбу асарда халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бағрикенглик ва одамийлик, ўзаро ҳурмат туйғусига асосланган муносабатларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нечоғлиқ катта эътибор берганлари у зотнинг ҳаётларидан олинган лавҳалар воситасида бугунги кун китобхонига батафсил ёритиб берилган. Бу эса ўз навбатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиймоларида бугунги кундаги турли бузғунчи оқим ва тоифаларнинг даъволарига батамом зид равишда илоҳий таълимотларни ўз ҳаёти ва жамиятда муносиб тарзда татбиқ эта олган юксак маънавиятли шахсни ўқувчи онгида гавдалантириб беради.
Хулоса тарзида шуни айтиш мумкинки, ушбу асар ҳар бир мўмин-мусулмон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари ва хулқларидан ибрат ола билиши ва ҳаётига татбиқ қилиши зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олгани билан ҳам улкан аҳамиятга эгадир.
Шайх Абдулазиз Мансур
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари
* * *
«Кўкалдош» ўрта махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси Ғиёсиддин Баратов томонидан нашрга тайёрланган Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – икки олам сарвари» асарининг таржимасига
ТАҚРИЗ
Ислом илмларининг ичида сийрат илми бевосита Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари, хулқлари, инсонлар билан олиб борган муносабатларини билишда муҳим аҳамиятга эгадир. Бу эса ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаётида татбиқ этиши лозим бўлган юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни шакллантиришда сийрат илмига оид асарларнинг аҳамиятини янада оширади.
Охирги йилларда диёримизда сийрат фанига тааллуқли бир қатор асарлар битилди ва таржима қилинди. Бу ишлар бугунги кунда ҳам изчиллик билан давом этмоқда. Ана шундай хайрли ишлардан бири Саййид Муҳаммад Ҳасаний қаламига мансуб «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – икки олам сарвари» асарининг таржимасидир. Мазкур асар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамойилларини ва пайғамбарлик тарихинигина эмас, балки буюк хулқларидаги инсонийлик, меҳр-шафқат ва юксак бағрикенглик фазилатларини очиб бера олгани билан ҳам ушбу йўналишдаги бошқа китоблардан алоҳида ажралиб туради. Шу билан бирга, асарда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юртимиздаги кенг китобхонлар оммасига ҳали у қадар яхши таниш бўлмаган бинокорлик, тижорат, таълим-тарбия ва маданият соҳасида ўз умматларига берган тавсиялари ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида содир бўлган воқеа-ҳодисаларнинг зоҳирий ва ботиний ҳикматларига алоҳида урғу берилгани ҳам китобнинг қийматини янада оширади.
Китобнинг бугунги кундаги аҳамиятига тўхталадиган бўлсак, бу асар халқимиз орасида, шу жумладан ёш авлод вакиллари ўртасида юксак инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини ёйишга, гўзал хулқ ва асрлар оша миллий қадриятларимизга айланиб кетган ҳадис ва оятларнинг моҳиятини тўғри англатишга хизмат қила олиши жиҳатидан ҳам муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бирга, ушбу китоб бугунги кунда дин ниқоби остида фаолият олиб бораётган бузғунчи кучларнинг иддаоларидан фарқли равишда, Пайғамбар алайҳиссаломнинг инсоният учун раҳмат қилиб юборилганларини яққол ва аниқ мисоллар воситасида очиб бера олади. Бу эса мазкур китобдан динимизнинг моҳиятини тўғри тушунтира билишда фойдаланиш имкониятини яратади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мазкур асар билан танишиш ҳар қандай инсонда Исломнинг эзгу ғоялари ҳақида дастлабки таассуротларни шакллантиришда ўзига хос илмий манба бўлиб хизмат қилади деган умиддамиз.
С. Примов
Имом Бухорий номидаги
Тошкент Ислом институти
«Диний фанлар» кафедраси мудири






