4. Бир-бирларингиздан юз ўгириб, ўртадаги алоқани узмангиз!
Дунёвий нарсалар сабабли биродардан юз ўгирмоқ ҳаромдир. Қуйидаги ҳадисда ҳам айнан ушбу маъно таъкидланган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб, бир-бирига йўлиққанда униси у ёққа, буниси бу ёққа бурилиб кетиш мусулмонга ҳалол эмас. Уларнинг биринчи бўлиб салом бергани энг яхшисидир”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродари билан бир йил аразлашиб, алоқани узган кимса бамисоли унинг қонини тўккан кабидир”. (Абу Довуд ривояти).
Бироқ бирон диний масала туфайли Аллоҳ йўлида уч кундан ортиқ ҳам ҳажр қилмоқ мумкин. Имом Аҳмад юқоридаги фатвога Табук ғазотидан узрсиз қолиб кетган уч саҳобийнинг мусулмонлардан ажратиб қўйилганини далил қилиб келтирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу уч саҳобийга танбеҳ бериб ва мунофиқ бўлиб чиқишларидан хавфсираб эллик кун уларни бошқалардан ажратиб қўйдилар. Ҳеч ким улар билан гаплашмади, муомала қилмади. Залолат манбаларига чақирувчи ва улкан бидъатларни қилиб юрувчи кимсаларни ҳам бошқалардан ажратиб қўймоқ мумкин. Хаттобий одоб бериш мақсадида ота фарзанди билан, эр хотини билан маълум вақт алоқани узиб қўйишига рухсат берганлар. Бу масалада ҳатто уч кундан ортиқ ҳажр қилмоқ жоиз дейилган. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларини бир ой четлаб қўйганлар.
Асадулло Холмуродов
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси






