2. Бировга зарар бериш мақсадида молнинг баҳосини ошириш ножоизлиги
Бир киши мол сотиб олишга рағбати йўқ бўлса‑да бозорда овозни баланд қўйиб, мол баҳосини оширади. Масалан, ўзини харидор қилиб кўрсатади-да, мол баҳосини кўтариб савдолашади. Бу иш сотувчи билан келишиб олиб қилинса ҳам, сотувчи бехабар бўлса ҳам, барибир қатъий ҳаром ҳисобланади. Чунки айни услуб алдов ва ғирромликдан бошқа нарса эмас. Исломда ҳар иккиси қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировга зарар бермоқ ниятида мол нархини сунъий равишда оширишни ман қилганлар”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ибн Абу Авфо бундай иш қилувчини рибо молини еювчи хоин деб атаганлар. Ибн Абдулбар айтадилар: “Агар киши шариат ҳукмини билиб туриб шу ишга қўл урса, билиттифоқ гуноҳкордир”.
Хуллас, алдов ва хиёнат аралашган барча муомалалар Исломда қайтарилган. Молнинг айбини беркитиш, яхши нарса билан ёмон нарсани аралаштириб сотиш ва ҳоказо ғирромликлар ман этилган.
Фақат душманга қарши жангда ҳийла қилиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уруш ҳийладир!”
Асадулло Холмуродов
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси






