«Унинг аломатларидан (бири) – У сизларни (Одамни) тупроқдан яратгани, сўнгра сизлар башарга айланиб, (ер юзи бўйлаб) тарқалишларингиздир. Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» (Рум сураси, 20-, 21-оятлар).
Ушбу ояти карима Аллоҳ таолонинг азамати ва қудратининг комиллигига далолат қилади. Парвардигори олам отамиз – Одамни яратди. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам ернинг турли томонларидан олинган бир ҳовуч тупроқдан яралди. Одам болалари ернинг миқдорича келадилар. Улардан оқлари, қоралари, қизиллари ва уларнинг ўртасидагилари бор. Улардан ёмонлари, яхшилари, бахтлилари, бахтсизлари ва уларнинг ўртасидагилари бор” (Имом Аҳмад ривояти).
“Башарга айланиб, (ер юзи бўйлаб) тарқалишларингиз” жумласи билан инсонларни турли халқлар қилиб, ернинг турли жойларига тарқалиши учун ҳайвонлар ва кемалар бўйсундириб қўйилгани таъкидланмоқда.
“Ўзларингиздан жуфтлар яратгани…” Яъни Ҳавво онамиз яратилганига ишора бор. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг чап қовурғасидан Ҳавво онамизни, қолган инсонларни эса эркак ва аёлнинг нутфасидан яратди. Агар Аллоҳ таоло эркакларни бир жинсдан ва аёлларни эса бошқа жинсдан (жин ёки ҳайвондан) яратганида, улар ўртасида ўзаро унс-улфат бўлмай, бир-бирларидан нафратланиб қочишган бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Аёллар билан яхши муносабатда бўлинглар! Чунки аёл қовурғадан яралгандир. Албатта, нарсаларнинг энг қийшиғи юқори қовурғадир. Агар тўғрилайман десангиз, уни синдириб қўйишингиз мумкин. Тарк қилсангиз, қийшиқлигича қолади. Аёлларни асранг!” (Имом Бухорий ривояти).
“Таскин топишингиз учун” калимасидан эркаклар қачон қувватлари ва шаҳватлари ортиб кетса, аёлларидан фойдаланиш орқали сокинлашиши тушунилади. Боиси Аллоҳ таоло ҳар икки жуфтни бир-бирига муҳтож қилиб яратган.
“Ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилгани”. Ояти каримадаги “мавадда”ни Ибн Аббос ва Имом Мужоҳидлар жимо, “раҳмат”ни эса фарзанд деб тафсир қилишган. Имом Судий эса “мавадда”ни муҳаббат, “раҳмат”ни шафқат деб тафсир қилган. Ибн Аббосдан нақл қилинган бир ривоятда “мавадда”дан киши ўз жуфтини севиши, раҳматдан эса жуфтига мусибат етганида унга марҳамат кўрсатиши ирода қилинган дейилади. Ана шу марҳамати туфайли эркак ва аёл ўртасида меҳр-шавқат туйғулари пайдо бўлган. Буларнинг барчасида ақл эгалари учун Аллоҳ таолонинг қудрати ва буюклиги мужассам.
Дарҳақиқат, инсонни эркак-аёлга ажратиб, жуфт қилиб яратишининг ўзи Аллоҳнинг ягоналиги, баркамол сифатлар соҳиби эканининг далилидир. Зотан, инсоннинг эркак ва аёллик ҳолати улкан мўъжизадир. Аллоҳ таоло инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб беришини “таскин топишингиз учун” демоқда. Эркак фақат аёлдангина сокинлик, осойишталик ва тинчлик топади. Ўз ўрнида аёл ҳам ўзига керак сокинликни фақатгина жуфти ҳалоли бўлган эридан топади. Аллоҳ таолонинг эр ва хотиннинг орасига севги, меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат туйғуларини солгани учун ҳам улар бир-бирларининг баъзи камчилик ва нуқсонларини кўрмайдилар. Бир-бирига суяниб, меҳр улашиб яшайверадилар. Зеро, тафаккур қиладиган қавмлар учун бунда оят-белгилар бордир.
Авазбек ЖУМАБОЕВ, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси






