Шу кунларда бир гуруҳ уламолар Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши йиғилиши, Уламолар форуми ва “Мир Араб” мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган халқаро анжуманда иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турибди.


Бугун, 25 ноябрь куни Тожикистон Республикаси муфтийси Саййидмукаррам Абдулқодирзода “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрди. Азиз меҳмонни билим юрти мудири бошчилигида мадраса жамоаси самимий кутиб олди.


Ташриф давомида меҳмонлар мадрасада яратилган замонавий шароитлар билан танишди ҳамда талабалар билан учрашув бўлиб ўтди. Сўнгра XVI асрга оид кўҳна илм даргоҳининг таркибига кирувчи масжидда аср намози ўқилди.
Муфтий Саййидмукаррам Абдулқодирзода ҳазратлари шаҳримиздаги “Ҳазрати Имом” мажмуаси каби диққатга сазовор жойлар, янги барпо этилган масжидлар ҳамда мадрасани зиёрат қилди. Яратилган шароитлар муфтий ҳазратларида катта таассурот қолдирди.



Ташриф сўнгида Муфтий Саййидмукаррам Абдулқодирзода ҳазратлари “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида таълим учун яратилган шароит ва таълим сифатини юқори баҳолар экан, билим юрти раҳбарияти ҳамда у ерда фаолият олиб бораётган устозлар ва ходимларга миннатдорлик билдириб, келгуси фаолиятларига муваффиқият тилаб дуолар қилди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






