Аллоҳ таоло саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни башариятниинг энг гўзал суратида, одамзотнинг энг мукаммал хилқатида яратди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам махлуқотлардаги барча гўзалликларни, халқий ва хулқий фазилат ва камолотларни ўзларида жамлаганлар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламни таърифлаган барча уламолар илгари ҳам, кейин ҳам у зот алайҳиссаломга баробар инсон йўқ ва бўлмайди ҳам, деб ҳисоблайдилар.
Икки дунёнинг қуёши Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мукаммал таърифлашга сўзлар ҳам, қаламлар ҳам ожиздир. Шунинг учун мақоламизга «Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суратларининг гўзаллиги ҳақида” деб ном бердик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк сифатлари ва шамоили шарифаларидан хабардор бўлган сайин кишида у Зотнинг илмга асосланган суратлари шаклланиб, қалбига муҳрланади ҳамда хаёлида акс этиб боради. Бу эса ўз пайғамбарини севган ҳар бир кишида у зотни бир маротаба бўлса ҳам кўришга бўлган шавқ ҳиссини оширади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Умматимдан менга нисбатан муҳаббатлироғи мендан кейин келадиган кишиларки, улар ўз аҳли ва моли эвазига бўлса ҳам мени кўришни орзу қиладилар”.
Буюк ватандошимиз имом Термизий роҳимаҳуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари ва чиройли суратлари ҳақидаги ривоятларни жамлаб китоб таълиф қилганлар. Мазкур китобга “Шамоили Муҳаммадийя” деб ном берганлар. Бошқа бир “Саййидуна Муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи васаллам” китобининг муаллифи шайх Абдуллоҳ Сирожиддин роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Отамнинг “Шамоили Муҳаммадийя” китоби ҳақида: “Бу Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бизнинг боғланадиган василамиздир”, деб бир неча бор айтганларини эшитганман». Мазкур китобнинг биринчи бобида улуғ саҳобалар Анас ибн Молик, Ҳинд ибн Абу Ҳола, Жобир ибн Самура, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абу Туфайл, Жобир ибн Абдуллоҳ, Баро ибн Озиб ва Алий розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган ҳадислар келтирилади.
Келинг, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суратларини баён қилиш учун ушбу ривоятларнинг баъзилари билан танишиб чиқайлик.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда новча ҳам, пакана ҳам, ўта оппоқ ҳам, буғдойранг ҳам эмас эдилар. (Сочлари) жуда жингалак ҳам, ўта силлиқ ҳам эмасди”.
Саҳобалардан Ҳинд ибн Абу Ҳола розиияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ҳақида ўта вассоф (кўп сифатловчи) эдилар. Жиянлари Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳу у зотдан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ҳақида сўраганларида, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилиб: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда улуғ, шу билан бирга улуғ деб тан олинган эдилар. Юзлари ўн тўрт кунлик ойдек порлаб турарди. Ўрта бўйли кишидан сал узунроқ, жуда новча одамдан қисқароқ эдилар. Бошлари катта, сочлари бир оз буралган эди. Агар сочлари (осонлик билан) очилса, фарқ очардилар. Акс ҳолда очмасдилар. Сочларини ўстирган пайтларида икки қулоқларининг юмшоқ жойидан ҳам ўтарди. Ранглари қизилга мойил оқ, пешоналари кенг, қошлари ингичка, узун, ўсган, ораси туташмаган эди. (Икки қошлари) орасида бир томир бўлиб, ғазабланганларида бўртиб чиқарди. Бурунлари узун эди. Унда бир нур порлаб турарди. Яхшилаб разм солмаган одам у зотни дўнгбурун деб ўйларди. У зотнинг соқоллари қалин, ёноқлари текис, оғизлари катта, тишлари ораси очиқ бўлган. Кўкракларидан киндикларигача ингичка туклар ўсганди. Бўйинлари кумушдек тиниқ бўлиб, худди ҳайкалнинг бўйнига ўхшарди. У зотнинг жуссалари мўътадил, ўртача семизликда, гўштлари осилиб турмас эди. Қоринлари билан кўкраклари баравар бўлган. Кўксилари кенг, икки елкалари ораси узоқ, бўғимлари суяги катта, аъзолари тукдан холи ва нурли эди. Кўкраклари ўртаси билан киндиклари чизиқдек тортилган мўй ила уланганди. Бундан ташқари икки сийналари ва қоринлари тукдан холи бўлган. Лекин, билаклари, елкалари ва кўкраклари юқори қисмида тук бор эди. Икки билаклари суяги узун, кафтлари кенг, қўл-оёқлари панжалари йўғон-гўштли эди. Қўл-оёқлари бармоғи мўътадил узунликда бўлган. Оёқ кафтларининг ерга тегмайдиган қисми очиқ-бўш эди. Икки қадамлари силлиқ бўлганидан унда сув турмасди. Юрганда (оёқларини ердан) зарб билан узиб олардилар. Олдинга сал ташлаб қадам босар, оҳиста юрар, қадамни катта-катта ташлардилар. Гўё тепаликдан тушиб келаётгандек (салобат билан) юрардилар. Агар (бирон тарафга) қарасалар, бутун (таналари) билан бурилиб қарардилар. Кўзлари пастга қарарди. Осмондан кўра кўпроқ ерга боқардилар. Кўпинча кўз қири билан назар ташлардилар. Саҳобалари ортида юрар, бирон киши билан учрашиб қолсалар, биринчи бўлиб салом берардилар”.
Аллоҳ таоло барчаларимизга Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бу дунёда тушларимизда кўришни, охиратда эса олий жаннатларда у зот билан бирга бўлишни насиб айласин!
“Кўкалдош” ЎМИБЮ мударриси: А.Супиев





