Инсон ўз қадрини биладиган мард одамдан ҳаё қилади, нодондан кўра олимдан кўпроқ ҳаё қилади. Ёш бола ва ҳайвонлардан ҳаё қилмаган ўринларда ҳам, фосиқдан кўра солиҳ одамдан кўпроқ ҳаё қилади. Кимки, ўз қадрига етадиган бўлса, бошқалардан кўра ўзидан кўпроқ ҳаё қиладиган бўлади. Аммо ҳиммати тубан одам бошқалардан ҳаё қилади, лекин одамлар кўз ўнгидан холи қолса ҳаё қилмайди. Чунки ўзининг қадр-қиймати бошқалардан кўра паст кўринади ва у ҳаё қилишга арзимайди деб, ўйлайди. Шунинг учун салаф олимларимиздан бири: “Ким ошкора қилинганда уяладиган амални махфий қилаверса, демак, ўзи учун ўзининг қадр-қиймати йўқ экан”. Бир обиддан: “Одамларнинг энг ёмони ким?”-деб сўралганида, у: “Одамлар уни кўрганида “бу яхши одаммас” дейишлиги парвойига ҳам келмаган одамдир”-деди.
Асадулло Холмуродов
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси






