Баъзи инсонлар баъзи кофир халқларни ёки улардан бўлган айрим шахсларни, масалан: Олмон ёки Япон миллати кабиларни кўп кашфиётлари ва илмий баҳслари туфайли ҳиммати олий кишилар дейишади. Бу эса очиқ хатодир. Чунки “ҳиммати олий”-дегани охиратни истовчиларга хосдир. Кофирнинг ҳиммати эса иззат-нафси қалбининг иймон нури билан таскин топишига йўл қўймай, ширк ва куфр билан ифлосланган. Бу оламдаги энг катта гуноҳ билан кирланган. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва унинг турар жойи дўзах бўлур. Ва золимларга нусрат берувчилар йўқдир”. (Моида сураси, 72-оят). “Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўёки осмондан қулаб тушган-у, уни йиртқич қуш олиб қочган ёки уни шамол узоқ ерга учириб кетган кабидир”. (Ҳаж сураси, 31-оят). “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқиб чиқарибди”. (Нисо сураси, 48-оят).
Юқорида айганимиздек, “инсон истагининг комиллиги унинг муродининг комиллиги билан ўлчанади”. Ким “истак”га эътибор қаратса-ю, “мурод”га эътибор қилмаса мана шу очиқ хатони қилади.
Бу дунёни мазаммат қилиб, унинг ҳақирлиги ва охиратни мақтаб ва унинг жуда улуғ неъмат экани ҳақида жуда кўп оят ва ҳадислар келган. Кофирнинг муроди эса фақат дунёсини обод қилиш, шу дунёси учун ишлайди, шу дунё учун курашади. Охиратда қайта тирилиб ҳисоб-китоб бўлишини ёлғонга чиқариб, ундан юз ўгирган ва воз кечган. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Биз ила йўлиқишни умид қилмаганлар ва бу дунё ҳаётидан рози бўлиб, у билан хотиржам бўлганлар ҳамда оятларимиздан ғофил бўлганлар. Ана ўшаларнинг жойлари. Қилган касблари туфайли, жаҳаннамдир”. (Юнус сураси, 7-8-оятлар). “Улар бу дунё ҳаёти ила шод бўлдилар. Ҳолбуки, бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас матоҳ, холос”. (Раъд сураси, 26-оят). “Айтинг, дунёнинг матоҳи жуда оз нарсадир, охират эса тақво қилганларга яхшироқдир”. (Нисо сураси,77-оят). “Бу дунё ҳаёти ўйин кулгудан ўзга ҳеч нарса эмас”. (Анъом сураси, 32-оят). “Куфр келтирганларга бу дунё ҳаёти зийнатланди ва улар иймон келтирганларни масхара қилурлар”. (Бақара сураси,212-оят). “Одамлардан баъзилари: “Роббимиз, бизга бу дунёда бергин”, дейди, унга охиратда насиба йўқдир”. (Бақара сураси, 200-оят). Аллоҳ таоло охират бу ҳақиқий ҳаёт эканини айтиб шундай дейди: “Бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулгидан иборатдир. Агар билсалар, охират диёри, ана ўша ҳақиқий ҳаётдир”. (Анкабут сураси,64-оят).
Шунинг учун будунёни охиратдан афзал кўриб, фақат бу дунё билан машғул бўлиб қолган киши аблаҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: “Балки, сизлар бу дунё ҳаётини устун қўясизлар. Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир”.(Аълаа сураси, 16-17-оят). “Албатта, анавилар шошган(дунё)ни яхши кўрурлар ва оғир кунни ортларида қолдирурлар”. (Инсон сураси,27-оят). “Аммо кимики туғёнга кетган бўлса. Ва бу дунё ҳаётини устун қўйган бўлса, бас, албатта дўзах унинг ўрни бўлади”. (Назиъат сураси, 37-39-оятлар). “Ўз динларини ўйин-кулги қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб кетганларни тарк этинг”. (Анъом сураси, 70-оят). Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам бу дунёнинг ўткинчи чиройига кўз тикишдан қайтарган ва айтади: “Кўзларингни уларни синаш учун айримларига баҳраманд қилиб берганимиз ҳаёти дунёнинг турли зийнатларига тикма. Роббингнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир”. (Тоҳа сураси, 131-оят). Мўминларга қарата айтади: “Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У зот уларга ўз шахсларини униттирди. Ундоқ кишилар фосиқдирлар”. (Ҳашр сураси, 19-оят).
Абу Ҳурайра ва Абу Саъид (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат кунида банда келтирилиб унга: “Мен сенга қулоқ, кўз, молу-дунё ва бола-чақа бердим, чорва ва экинларни сенга бўйсундириб қўйдим. Уларга эгалик қилдинг ва фойдаландинг. Бу кунда бизга йўлиқишингни ҳеч ўйлаб кўрдингми?”,-дейилади. Банда: “Йўқ”-деб жавоб беради. “Сен Мени унутганинг каби, бугун сени унутаман”-дейилади”. (Имом Аҳмад, Муслим, Термизий ва Ибн Хузаймалар ривояти).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўзахга ўхшаганини кўрмадимки, ундан қочган одам(қўрқувидан) ухлаёлса, Жаннатга ўхшаганини кўрмадимки, уни истаган одам (иштиёқидан) ухлай олса”–дедилар. (Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё малъундир ва дунёдаги Аллоҳнинг зикри, Аллоҳ яхши кўриб рози бўлган нарсалар, олим ва илм ўрганувчидан бошқа ҳамма нарса малъундир”-дедилар.
Бу дунёнинг паст нарсалиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дунёни жуда фасоҳат билан лўндагина қилиб “Ботил” яъни беҳуда, деб сифатлаши етарлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Шоир айтган сўзларнинг ичида энг тўғриси Лабиднинг мана бу сўзидир: “Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса ботилдир”.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирдим, ул зот бўйрадан бўлган кароватнинг устида ётган эди, ёстиқ эса теридан бўлиб, ичи хурмо пўстлоғи билан тўлдирилган. Ҳузурларига бир-неча саҳобалар келди. Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб бурилиб ўтирди. Умар бўйранинг устида тўшак кўрмади. Бўйра Пайғамбар алайҳиссаломнинг орқаларига ботиб из қолдирган эди. Умар (розияллоҳу анҳу) йиғлаб юборди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй, Умар нега йиғлаяпсан?-деди. Умар: “Мен биламанки, Аллоҳнинг ҳузурида сизнинг ҳурматингиз Кисро ва Қайсардан жуда баланд, у иккаласи дунёни оёқ ости қилиб яшамоқда. Сиз эса бундай ачинарли ҳолатда яшаяпсиз. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Улар учун дунё, биз учун охират бўлишига рози бўлмайсанми?”-дедилар. Умар: “Йўқ, аксинча розиман”-деди. “Бу яшашимз ҳам шунақа”-дедилар”. (Имом Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривояти).
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат кунида бу дунёда роҳат-фароғатда яшаб дўзах аҳлидан бўлган бир киши келтирилади. Уни дўзахга бир солиб олинади ва ундан: “Эй одам боласи! Сен дунёда бирор яхшилик кўрдингми? Роҳат-фароғат кўрдингми”-деб сўралади. У эса(дўзах азобиникўргандан сўнг): “Эй Роббим, Аллоҳга қасамки, ҳеч ҳам роҳат кўрмабман”-дейди. Ва бу дунёда фақир ва қийинчиликда яшаб жаннат аҳлидан бўлган кишини келтиради. Уни жаннатга бир солиб чиқарилади ва ундан: “Эй одам боласи! Сен дунёда ҳеч фақирлик ё қийинчилик кўрдингми?-деб сўралади. У (жаннатнинг роҳатини кўргандан сўнг): “Эй Роббим! Аллоҳга қасамки, дунёда ҳеч ҳам фақирлик ё қийинчилик кўрмабман”-дейди, дедилар”. (Имом Муслим ва Аҳмад ривояти).
Ҳиммати олий киши қудратли Подшоҳ бўлган Аллоҳ ҳузурида сидқ ўриндиқда улкан мулк эгаси бўлиш имкони бор. Малоикалар унинг хизматида бўлади. Жаннатнинг ҳар хил эшикларидан кириб: “Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши!” (дерлар). (Раъд сураси, 24-оят). Агар у иймон йўлидан қайтиб куфр ва фисқ ботқоғига ботса ва жаннатдан воз кечса, жаҳаннамга ўтин бўлади. унақа инсонлар моли ва жонини Аллоҳнинг йўлидан инсонларни тўсишга сарфлайди. Аллоҳ таоло улар ҳақида айтади: “Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганлар, батаҳқиқ, қаттиқ адашгандирлар”. (Нисо сураси, 167-оят). “Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларга фасод қилганлари учун азоб устига азоб зиёда қилдик”. (Наҳл сураси, 88-оят).
Аллоҳ таоло инсонни тавҳид фитратида яратса-ю у фитратини булғаса, ақл неъматини берса-ю, у жойига ишлатмаса. Ўзининг тавҳидига ва Пайғамбарининг ростгуй эканига далиллар юборса, мўъжизавий китобини туширса-ю, буларнинг ҳаммасидан юз ўгирса, уларни қабул қилиб амал қилмаса, ғам-ташвиши ва билгани фақат бу дунё бўлса, қандай қилиб бу инсонни “олий ҳимматли” дея оламиз. Аллоҳ таоло айтади: “Биз ҳар умматнинг оятларимизни ёлғонга чиқарганларидан бир гуруҳини тўплаган кунда улар жамланиб-тизилиб туришар. Токи улар келиб бўлгач, У зот: “Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқардингизми?! Уларни пухта англамай туриб-а? Йўқса, нима қилган эдингиз?”дер. Ва уларга, зулм қилганлари сабабли, сўз(ланган азоб) тушар. Бас, улар сўзлай олмаслар”. (Намл сураси, 83-85-оятлар).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло мутакаббир, ахлоқсиз, бозорларда бақир-чақир қилиб юрадиган, куни билан эшакдай ишлаб, кечаси ўликдай ухлайдиган, дунё ишларини пухта билиб, охират ишларидан бехабар кишиларни жуда ёмон кўради”. (Ибн Ҳиббон ривояти).
Бу ҳадис кофирларга жуда мос тушади. Ҳақиқатан улар дунё ишларида моҳир бўлса-да, охират ишларидан бехабар ва ўзларидаги арзимас нарсалар билан шодланиб юришади. Аллоҳ таоло айтади: “Улар бу дунё ҳаётининг зоҳирини билурлар. Ҳолбуки, улар охиратдан ғофилдирлар”. (Рум сураси, 7-оят). “Бизнинг зикримизга орқа ўгирган, ҳаёти дунёдан бошқа нарсани ҳоҳламайдиганлардан юз ўгир. Уларнинг эришган илмлари мана шу”. (Нажи сураси, 29-30-оятлар). Улар дунё ишлари билимини ўрганиш учун қаттиқ тиришади, шижоат билан ҳаракат қилади. Илмларнинг энг шарафлиси бўлган охират илмидан мутлақо бехабардир. Албатта, шундай шарафли нарсани арзимас нарсага алмашган кимсаларни Аллоҳнинг ёмон кўриши, Ундан юз ўгириб бадбахт бўлгани учун уларга нафрати бўлиши муносибдир. Аллоҳ таоло уларни ақл неъмати билан икром қилиб, ҳайвонлардан фарқли қилиб қўйди. У ҳайфонларни уларга бўйсунадиган қилиб қўйди. Баъзиларини сўйиб ейди, баъзаларининг териларидан фойдаланади ва баъзиларини миниб роҳатланади. Аслида, у кофирлар ҳам ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ва унга ҳеч нарсани шерик келтирмаслик ва Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш учун яратилган. Аллоҳ таоло айтади: “Куфр келтирганлар мисоли ҳудди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётганга ўхшайди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар”. (Бақара сураси, 171-оят). “Ёки сен уларнинг кўплари тинглай олур ё англай олурлар, деб ҳисоблайсанми? Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар”. (Фурқон сураси, 44-оят). “Куфр келтирганлар ҳузур қилурлар ва худди чорва ҳайвонлари егандек ерлар ва дўзах уларнинг жойидир”. (Муҳаммад сураси, 12-оят). Аллоҳ таоло Рум сурасида айтади: “(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин одамларнинг кўпи (яъни кофирлар) буни (яъни, Аллоҳ таолонинг бу оламни яратишдаги ҳикмати ва унда адолат билан иш кўришини жоҳиллиги ва тафаккур қилиб кўрмаслиги сабабли) билмаслар. Улар бу дунё ҳаётининг зоҳирини (ҳавои-нафси ва шаҳватлари истаган нарсаларнигина) билурлар. Ҳолбуки, улар (энг олий мақсад бўлган) охиратдан ғофилдирлар (яъни, хаёлларига ҳам келтирмайди, ундан бехабар, унинг учун ҳаракат қилмайдилар). Аллоҳ таоло биринчи оятда “билмаслар” деса, иккинчи оятда “билурлар” деди. Демак, фақат дунёга чекланиб қолган билим ҳақиқий билим бўлолмаскан.
“Зоҳирини”-деганидан англашиладики, дунёнинг зоҳири ва ботини бор экан. Зоҳири – жоҳиллар биладиган дунё ялтир-юлтири билан ҳузурланиш ва неъматлари билан лаззатланишдир. Ботини ва ҳақиқати эса – у охират экинзоридир. Унда тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан охиратга озуқа тайёрланади.
“Улар бу дунё ҳаётининг зоҳирини (яъни: қачон экади ва қачон йиғади? Нимани қандай қуриш керак? Каби турмуш-тарзи ва дунёвий ишларини) билурлар”. Айниқса, бизнинг замонимизда кофирлар дунёвий билимларни дақиқ жиҳатларигача нозиклик билан ўрганмоқдалар, аммо охират илмидан мутлақо бехабар ва юз ўгирганлар.
Кофирлардан баъзилари жаннатга киришни истайди ва унга етишга интилади. Лекин унга етишиш йўлида хато қиладилар. Чунки жаннатга элтувчи йўл битта бўлиб, унинг бошида у йўлда юрувчиларни етаклаб йўл кўрсатиб бориш учун жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам турадилар. Бу тоифадаги кофирлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом нинг рисолатига иймон келтиришдан, у кишининг шариатига бўйсунишдан бош тортадилар. Ҳақиқат аниқ бўлиб, далил-исбот билан исботланса ҳам, қайсарлик билан ота-боболари ва бошлиқларига тақлид қилишда давом этадилар. Қабрида Пайғамбаримиз ҳақида сўралинса, жавоби: “Одамлар у ҳақда ундай деганини, бундай деганини эшитган эдим” деб анқайиб тураверади.
У бу дунёда арзимас бемаъни нарсалар учун кўп изланади, лекин унинг ҳиммати ҳақни излашга қолганида ва унинг далилларини кўриб чиқишда жуда пастлик қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Ўша кунда бир чеҳралар қўрқувга тўлади. Улар иш бажарувчидир ва ниҳоятда чарчагандир. Ўта қизиб турган оловга улоқтирилади”. (Ғошия сураси, 2-4-оятлар.) “Айтинг: Сизларга амаллари юзасидан энг кўп зарар кўрганларни хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ саъй-ҳаракатлариботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир”. (Каҳф сураси, 103-104-оятлар). “Ва уларга Аллоҳ томонидан ўзлари хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур”. (Зумар сураси, 47-оят).
Қандай қилиб мусулмон киши кофирнинг ишлари билан ҳайратланиб, уни олий ҳимматли дейиши мумкин? Ваҳоланки, у барча қилган ишлари фақат бу дунёсини обод қилиш учун бўлса. Сўнгра, баъзилари буни савоб учун, деб қилса-ю, лекин исломни қабул қилиб Аллоҳга бўйсунмаса, унинг қилган ишлари охирада унга фойда бермайди. Аллоҳ таоло айтади: “Ва қилган амалига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборамиз”. (Фурқон сураси, 23-оят). “Роббиларига куфр келтирганларнинг амалларининг мисоли, худди бўронли кунда шамол учириб кетган кулга ўхшайди. Улар ўз касбларидан бирор нарсага эга бўлмаслар”. (Иброҳим сураси, 18-оят). “Куфр келтирганларнинг амаллари саҳродаги саробга ўхшар. Чанқоқ одам уни сув деб ҳисоблар. Қачонки, унинг олдига келса, ҳеч нарсани топмас. Ва у олдида Аллоҳни топар. Бас, У зот унинг ҳисобини тўлиқ қилур. Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилгувчидир”. (Нур сураси, 39-оят).
Асадулло Холмуродов
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси





