Аллоҳ таолонинг биз бандаларга берган неъматлари жуда кўп. Биз бу неъматларни санаб саноғига, шукр қилиб бу неъматлар шукронасини адоғига етказа олмаймиз. Ана шундай неъматлардан бири Аллоҳ таоло бизни Муҳаммад сoллaллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан қилганидир. Бунинг улуғ шарафлигига сийрат китобларини ўқиш асносида амин бўламиз.
Расулуллоҳ сoллaллоҳу алайҳи васаллам умматлари устида жуда қайғурардилар. Ҳудди, она ўз боласига қандай қайғурса ана ўшандай умматлари устида ғам чекар эдилар. Балки у зот сoллaллоҳу алайҳи васаллам умматларига онаданда меҳрибонроқ эдилар. Ҳаттоки асир тушган мушрикларга ҳам раҳм қилардилар.Биринчи уларни иймонга чақириб кўрар, агар иймон келтиришмаса исломга қарши гапирмаслик шарти билан уларни озод қилиб, уларга раҳм қилар эдилар. Яна меҳрибонликлари тимсоли сифатида Тоиф воқеаларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Тоиф сафарида у зотни тошбўрон қилишди. Ваҳоланки Росулуллоҳ сoллaллоҳу алайҳи васаллам Тоиф аҳлига иймонга келишни, Аллоҳга ҳеч нарсани ширк желтирмасликни таклиф қилгандилар ҳалос. Шундан сўнг Аллоҳ таоло Тоиф аҳлининг ҳалок бўлиши ёки омон қолиши ихтиёрини Росулуллоҳ сoллaллоҳу алайҳи васалламга топширди. Аммо у зот соллaллоҳу алайҳи васаллам Тоиф аҳлига раҳм қилиб меҳрибонлик кўрсатдилар, уларга бир ёмонликни исташ ўрнига уларни дуо қилдилар. Энди ўйлаб кўринга, Ўзларига зулм қилган қавмга раҳм қилган зот қандай қилиб ўз умматларига меҳрибонлик қилмайдилар?
Росулуллоҳ сoллaллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб ўзларини олдиларидаги саҳобийларга, нафақат саҳобийларга балки келажакда келадиган умматлари учун ҳам офиятни, нажотни сўрар эдилар. Қуйидаги ҳадисда эса умматлаи учун заҳира қилиб олиб қўйган энг катта дуолари тасвирланган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий сoллaллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг қабулида шак йўқ дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуойимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк қилмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”,-дедилар. (Икки шайх ва Термизий ривояти)
Бу ҳадисдан Набий сoллaллоҳу алайҳи васалламга Роббилари томонидан қабул бўлишига шак-шубҳа йўқ бўлган дуо берилганини, Набий сoллaллоҳу алайҳи васаллам эса бу дуоларидан ўзлари учун эмас, аҳли оилалари учун эмас балки умматларини шафоат қилиш учун фойдаланганларини англаймиз. Бундай уммат ғамини яна қайда кўришимиз мумкин?
Аллоҳ таоло Набий сoллaллоҳу алайҳи васалламга Зуҳо сурасининг 5-оятини нозил қилди:
وَ لَسَوْفَ يُعْطِيْكَ فَتَرْضَى
“Яқинда Роббингиз Сизга (шундай неъматлар) ато этурки, Сиз (у Илоҳий марҳаматлардан) рози бўлурсиз”.
Шунда у зот сoллaллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан бирортаси дўзаҳда бўлса рози бўлмайман”,-дедилар. Субҳаналлоҳ!!! Бизнинг аҳволларимиз ҳабибимизнинг бундай эътирофларига арзирмикан? Бундай ҳадисларни ўқиб инсоннинг кўзига ёш келади, қалби титрайди. Беихтиёр ҳозирги кундаги у зотнинг суннатларига беэътиборлик, у зотнинг кўрсатмаларига амал қилмаслик натижасида пайдо бўлган турли хил жамият иллатлари кўз олдимизда гавдаланади. Бундай пайтда ҳар бирларимиз “Расулуллоҳ сoллaллоҳу алайҳи васаллам учун нима қилаяпмиз?”, “У зотга саловат айтаяпмизми?”, “У зотнинг суннатларига амал қилаяпмизми?”, “У зотнинг сийратларини ўрганаяпмизми?” деган саволларни ўзимизга берган ҳолимизда у зотга ғоибдан қаттиқ муҳаббат қўйишимиз керак. Зеро, у зотга муҳаббат қўймагунча комил мўмин бўла олмаймиз. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизга Росуллуллоҳ сoллaллоҳу алайҳи васаллмга нисбатан саҳобий розияллоҳу анҳумларникидек муҳаббат, ҳарислик ато этсин!!!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим
юрти талабаси Хушвақтов Абдулҳай






