Аллоҳга беадад шукрлар ва ўзидан кейин пайғамбар келмайдиган зотга чексиз саловот ва саломлар бўлсин. Инсоннинг дунёга келиши ва яхши яшашига ҳаёт кечириши учун моддий жиҳатларга ота – онанинг ҳиссаси кўпроқ бўлади. Лекин маънавий жиҳатдан баркамол бўлиши учун устозларнинг ўрни алоҳида бўлади .Шу сабабдан ҳам халқимизда устоз отангдай улуғ деган ҳикматли сўзлар бекорга айтилмаган. Инсоннинг икки дунёда саодатли бўлиши учун ҳам устозларнинг хизматлари беқиёс. Устоз муаллимлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдузлардир. Улар туфайли инсонлар тўғри йўлни топадилар ва уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Устоз муаллимларни ҳурматини жойига қўймаган шогирддан келажакда инсонларга манфаати етадиган етук мутахассис ёки олим чиқиши умид қилинмайди. Ҳаж сурасининг 32- оятида шундай марҳамат қилинади; “( Иш) шудир! Ким Аллоҳ билдирган шиорларни ҳурмат қилар экан, бу диллардаги тақво туфайли ҳосил бўлур”, дея марҳамат қилинади. Тафсир китобларида айтилишича “шиоруллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати ва улуғлиги билдирилган барча нарсалар тушунилади. Устоз ва муаллимлар эса ўзларидаги илм шарафи туфайли Аллоҳ улуғлаш кераклигини билдирган ва ҳурматлашга чақирган нарсаларнинг бошида турадилар. Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ( саллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилиб дедилар; “Катталаримизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга меҳр кўрсатмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган киши менинг умматимдан эмас’’ ( Имом Аҳмад ривояти)
Ўтган улуғларимиз, салафи солиҳларимиз устоз ва муаллимнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри не чоғлик баланд эканлигини яхши ҳис этганлар ва шунга кўра муомала қилганлар. Буюк саҳобийлардан Али (розияллоҳу анҳу): Мен ўзимга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа, сотиб юборсин хоҳласа, қул қилиб олсин ! деган эканлар .
Бурҳонул ислом Зарнужий (раҳимаҳуллоҳ): ”Дин ишига оид бўлган нарсалардан сенга бир ҳарф ўргатган киши сенинг диндаги отанг бўлади’’, дедилар. Халқимизда эса “ Устоз отангдан улуғ!” деган ҳикматли сўз бор.
Имом Мовардий (раҳимаҳуллоҳ ) ўзининг ,,адабуд дийн вад дунё’’ асарида кўплаб муҳаққиқ олим ва муфассирлар устоз ҳаққини ота ҳаққидан устун эканлиги ҳақидаги қарашни мақуллаганларини зикр қилади.
Киши учун устознинг фазли отанинг фазлидан устун эканлигида ҳеч қандай муболаға йўқ. Зеро ота фарзандини юқори оламдан ерга тушишига сабаб бўлган бўлса, устоз унинг ердан юқорига қараб кўтарилишига хизмат қилади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадим-қадимдан устоз ва муаллимларга мисли кўрилмаган ҳурмат кўрсатиб келганлар. Устозни улуғлаш тўғрисида Навоий ҳазратлари айтадилар :
Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила
Айламак бўлмас адо анинг ҳақин минг ганж ила
Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, устоз деганда фақат диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилади .
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга таълим бераётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг !’’ (Имом Табароний ривоят қилган ). Устоз ва муаллимларга ўзини паст тутиб, ҳокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади .
Устозларимизни ҳурмат қилишлик шоирларимизнинг шеърларида ҳам ўз ифодасини топган :
Дейдилар устоз жабри ота меҳридан афзал,
Шогирдларнинг иқболи устоз жабрига бадал.
Устоз қадами қутлуғ,
Устоз отангдай улуғ.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бу дунё шарофати ва охират саодатига етишишни хоҳлаган ҳар бир толиби илм учун устозларини дуосини олиб уларни рози қилишлиги лозим.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси
Оллоёр Юсупов






