Имом Абул Фараж Ибн Жавзий Ҳанбалий ўзининг “Дафъу шубуҳотут ташбиҳ” номли асарининг 97-бетида шундай ёзади:
“Мен ҳанбалийларга қуйидагича насиҳат қилдим: “Эй асҳобларим, сиз Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳнинг давомчиларисиз, сиз нақл эгаларисиз, сизлар қамчи остида туриб, “Мен У (Аллоҳ таоло) айтмаган нарсани қандай айтаман”, деган Аҳмад ибн Ҳанбал сизларнинг имомингиз бўлади. У зот роҳимаҳуллоҳнинг мазҳабига бидъатларни ва унда бўлмаган нарсаларни киритишдан эҳтиёт бўлинг! Сўнгра сизлар зоҳирий маънога эга бўлган ҳадисларни айта бошладингиз: “оят ва ҳадисларда келган “Қадам”нинг маъноси тана аъзосидир” дедингиз. Исо алайҳиссалом ҳақида гапирилса, насронийлар Аллоҳнинг Руҳи, у Аллоҳнинг Марямга кирган руҳи деб эътиқод қилишди. (Сизнинг эътиқодингиз насоролар эътиқодига ўхшайди)”
Ким Аллоҳ таоло Ўз муқаддас зоти билан “Истиво” қилди деса, у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони ҳис қилиш аъзолари билан сезиладиган жисм даражисига олиб чиқиб қўяди. Биз Аллоҳ таолога нисбатан асл бўлмиш ақлни ишга солиб, Аллоҳни танидик ва Унга қадим Зот эканлиги ҳукмини берганимизга қарши чиқиб бўлмайди. Агарда сизлар “Биз ҳадисларни ўқиймиз ва сукут сақлаймиз”, десангиз, мен сизларни умуман айбламас эдим. Сизлар ҳадисларни зоҳирига қараб амал қилишингиз жудаям қабиҳ иш ҳисобланади. Сизлар солиҳ салафлардан бўлган Имом Аҳмаднинг мазҳабига у мазҳабда умуман бўлмаган нарсаларни киритманг. Сизлар ҳанбалий мазҳабини шу даражада шарманда қилдингизки, ҳаттоинки ҳанбалий деган сўз эшитилса дарҳол ҳаёлга мужассима (Аллоҳ жисмдан иборат, Унга жисм исбот қилувчи) деган нарса келади”.
Ушбу сатрлар ҳанбалий мазҳабининг олимига тегишли бўлиб, у олим ўз асарларида ҳанбалийлардан чиққан мужассималарга кескин раддиялар берганлар.
Ҳозирги кунда ўзларини биз салафи солиҳларнинг эътиқодидамиз, Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал бизнинг имомиз, биз у зотнинг ақидасидамиз деб, тажсим ва ташбиҳ ғояларни ташиб, мусулмонларни адаштириб юрган сохта салафийларга ҳам ушбу сатрлар шак-шубҳасиз тегишли экани кундек ёруғ.
Аллоҳ таоло барчамизни ботил фирқа эътиқодий қарашларидан Ўзи муҳофаза қилсин!
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот котиби Рустам Охунжонов





