SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасаллам – мукаммал қалб соҳиби
21.10.2022 / Bo‘limda Maqolalar

Муҳаммад алайҳиссаломга ато этилган комил ақл

Комил ақл кўплаб фазилатларни қўлга киритишга ҳамда барча ножўя хатти-ҳаракатлардан сақланишга сабаб бўладиган улуғ неъмат ҳисобланади. Комил ақл ўз эгасини барча яхшилик ва фазилатлар сари етаклайди. Бу фикримизга Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг Исломни қабул қилишлари ҳақидаги воқеа мисол бўла олади.

Бир куни Холид ибн Валид Исломни қабул қилиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Ул зотнинг ҳузурларига кириб: «Ассалому алайка, эй Аллоҳнинг Расули», деб салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга очиқ чеҳра билан жавоб қайтардилар. Холид ибн Валид: «Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ йўқлигига ва сиз Аллоҳнинг Расули эканингизга гувоҳлик бераман», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яқинроқ кел», дедилар. Яқинроқ борган эди, «Сени ҳидоятга бошлаган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин! Мен сенда шундай ақл-фаросат кўрган эдим ва у сени фақат яхшилик сари етаклашига умид қилган эдим», дедилар.

Қурро ибн Ҳубайродан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Бизнинг хўжайинларимиз, бекаларимиз бўларди, биз Аллоҳ азза ва жаллани қўйиб, уларга бўйсунардик. Уларга мурожаат қилсак, чақириғимизга жавоб қайтаришмасди. Мушкул пайтларда улардан ёрдам сўрасак, ёрдам ҳам беришмасди. Улар устимиздан ҳукмрон бўлса ҳам, ҳузурингизга келишга журъат қилдик. Аллоҳ таоло сиз туфайли бизларни ҳидоят йўлига бошлади. Биз энди фақат Аллоҳга ибодат қиламиз», дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга жавобан: «Кимга (соғлом) ақл ато қилинган бўлса, албатта нажот топади», дедилар».[1]

Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ таолодан неъмат ўлароқ, энг мукаммал ақл ато этилган эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Нун. Қaлaм вa (у билaн) ёзилaдигaн нaрсa(битик)лaргa қaсaмки, (Эй Муҳaммaд,) сиз Роббингизнинг нeъмaти бoис мaжнун эмaссиз!» (Қалам сураси, 1–2-оятлар).

Аллоҳ таоло бирон нарса билан қасам ичса, ўша нарсанинг қадри Аллоҳ наздида улуғ эканлиги билинади. Мазкур оятдаАллоҳ таоло бундай улуғ нарсалар билан қасам ичиш ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етук ақл ва мукаммал илм соҳиби эканлари ҳамда мушриклар айтган мажнунлик сифатидан буткул пок эканларига ишора қилмоқда.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни кўплаб неъматлар билан сийлаган. У зотга барча пайғамбарлик ва рисолатларни ўзида мужассам этган ҳамда уларнинг барчасига якун ясаб берадиган пайғамбарлик ва умумий рисолат инъом этган. Барча илмларни қамраб олувчи Қуръони Карим фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгагина нозил қилинганидан ҳам у зотнинг ақллари барчанинг ақлидан устун ва афзал эканлигини билиш мумкин. Буюк тобеъин Ваҳб ибн Мунаббиҳ шундай деган: «Олдинги китоблардан етмишга яқинини ўқиб чиққан бўлсам, уларнинг барчасида қуйидаги маълумотга дуч келганман: «Инсониятнинг барчасига ато этилган ақл-фаросат Пайғамбар алайҳиссаломга берилган ақлий салоҳият олдида бир дона қум заррасининг бутун Ер юзидаги қумлар олдидаги ҳолатига ўхшайди. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг ақл жиҳатидан энг устуни, фикр жиҳатидан энг афзали эдилар».[2]

Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ақлий салоҳиятлари комиллиги, фикр доиралари кенглиги очиқ-ойдин намоён бўлган ўринларни зикр қиламиз.

1. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳиллик ва гумроҳлик ботқоғига ботган инсонларга пайғамбар қилиб юборилдилар хамда қисқа фурсат ичида уларни бутун дунё ўрнак оладиган даражадаги ақл-фаросатли, салоҳиятли, маданиятли инсонлар қилиб тарбияладилар.

Ҳеч шубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни Аллоҳ таоло ўргатган таълимотлар ва нозил қилган ваҳийлар ёрдамида бажарганлар.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига зино қилишга рухсат сўраб келган йигитга берган жавоблари.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўша йигитга: «Бировлар онанг биланми ё синглинг биланми, ёки қизинг биланми, зино қилишига рози бўласанми?» деганларида у: «Йўқ, асло», деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Худди шунга ўхшаб, бошқалар ҳам бунга рози бўлмайдилар», дедилар. Бу гаплардан қаттиқ таъсирланган йигит: «Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, бундан кейин асло зино қилмайман», деди.

3. Қурайшликлар Ҳажарул асвадни жойига қўйиш масаласида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳакам этиб сайлаганларида, ҳамма рози бўладиган адолатли ҳукм чиқарганлари.

Қурайшликлар Каъбани қайта тиклашаётганда Ҳажарул асвадни жойига ким қўйиши борасида тортишиб қолишди. Ҳар бир қабила катта шараф ҳисобланган бу ишни ўзи қилишни хоҳларди. Низо кучайиб, иш шу даражага бориб етдики, ҳатто қабилалар бир-бирларига қарши урушга тайёрлана бошлади. Абдуд-дор уруғи уруш бошланганининг белгиси сифатида қон тўла идишни олиб, ўртага қўйди. Уларга қўшилиб, Адий ибн Каъб ибн Луай уруғи ҳам бу шарафли ишга етишиш учун ўлгунича урушишга қасам ичди. Иккала уруғнинг вакиллари ўртадаги қон тўла идишга қўлларини ботириб олишди.[3] Ўзаро келишмовчилик тўрт-беш кун давом этди. Сўнгра тўпланиб, бир-бирларини инсофга чақиришди ва Каъбанинг эшигидан биринчи бўлиб кирган кишини ўзларига ҳакам қилиб тайинлаш ва у чиқарган ҳукмга рози бўлишга қарор қилишди. Эшикдан биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. У зотни кўришлари билан: «Бу Амин-ку! Унинг ҳакам бўлишига розимиз», деб хурсанд бўлишди. Бўлиб ўтган воқеани Пайғамбар алайҳиссаломга айтиб беришгач, у зот: «Менга бир мато келтиринглар», деб буюрдилар. Мато келтирилди. У зот Ҳажарул асвадни матонинг устига қўйдилар-да: «Ҳар бир қабила аъзолари унинг четидан ушлаб, баравар кўтарсин», дедилар. Ҳамма келиб, матонинг четидан ушлади, тошни қўйиладиган жойгача кўтариб боришди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Ҳажарул асвадни олиб, жойига ўрнатдилар. Шундай қилиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг оқилона тадбирлари туфайли юзага келган низо барҳам топиб, қурилиш давом этди.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманларга нисбатан ҳушёрликлари, уларнинг макр-ҳийлаларига қарши турли эҳтиёт чораларини кўришлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд ибн Собитга яҳудийларнинг ёзуви ва тилини ўрганишни буюришлари душманларнинг макр-ҳийлаларидан сақланиш мақсадида қилинган муҳим чора-тадбирлардан бири бўлган.

Яна шундай тадбирларига Бадр ва Аҳзоб ғазоти кунлари душманнинг сони ва қурол-аслаҳалари ҳақида маълумот келтириш учун одам жўнатганларини ҳам мисол қилиш мумкин.

Пайғамбар алайҳиссалом Аҳзоб ғазоти куни Нуъайм ибн Масъуд Ашжаъийни душман қўшинини саросимага солиш вазифаси билан юбораётиб: «Қўлингдан келса, ҳийла ишлатиб, уларни довдиратиб қўй, чунки уруш макру ҳийла ишлатишдан иборат», деб кўрсатма бердилар. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душман тараф ҳимояга тайёргарлик кўрмаслиги ёки қўшин сонини янада кўпайтириш пайига тушмаслиги учун ўз ҳарбий ­тайёргарликларини сир тутардилар. Бу тадбир сабаб кўп ҳолларда ортиқча қон тўкилишининг олди олинарди.

5. Гўзал муомала ва оқилона сиёсат орқали турли табақадаги кишиларнинг кўнглини топишлари.

Пайғамбар алайҳиссалом умматларининг қалбини ўзлари келтирган ҳақ дин томон мойил қилиш учун бетамиз, пасткаш ва жоҳил кишиларни ҳам хушмуомалалик билан қарши олганлар. Бу эса уларнинг кўнглини юмшатиб, қалбларида Пайғамбар алайҳиссаломга муҳаббат ва самимиятни пайдо қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: «Инсонлар билан хушмуомалада бўлиш садақадир», деб марҳамат қилганлар.

6. Саҳобалар орасидан дин асосларини моҳирона баён қилиб бера оладиган одамларни танлаб олиб, уларни подшоҳ ва амирларга юборишлари.

Пайғамбар алайҳиссалом Ислом қувватланганидан кейинги даврда подшоҳлар ҳузурига элчилар жўнатиб, уларни Исломга даъват этганлар. Бунинг учун юборилган элчидан сўзга усталик, зукколик ва ҳушёрлик талаб этилган. Чунки бир оғиз сўз ҳам подшоҳнинг фикри ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алоъ ибн Ҳазрамий розияллоҳу анҳуни подшоҳ Мунзир ибн Сова ҳузурига бир мактуб билан элчи қилиб юбордилар. У подшоҳнинг ҳузурига келиб, шундай деди: «Эй Мунзир, сен ақлли кишисан, охират куни борлигини асло унутма! Сен эътиқод қилаётган мажусийлик шу қадар ботилки, унда на арабларга ва на аҳли китобларга ҳурмат бор. Мажусийлар никоҳга олиш мумкин бўлмаганларни никоҳга оладилар. Ейишдан ҳазар қилинадиган нарсаларни ейдилар. Дунёда сиғинаётган оловлари эса охиратда ўз бошларига етади. Эй Мунзир, сен ўз ақли ва ўз шахсий фикрига эга инсонсан. Ўйлаб кўр! Дунёда асло ёлғон гапирмаган, бирор кишига хиёнат қилмаган, берган ваъдасига ҳаргиз хилоф иш тутмаган Муҳаммад алайҳиссаломга ишонмаслигинг мумкинми?! У зот ҳақида бирор ақлли киши: «Қанийди, бу Пайғамбар буйруқларини, қайтариқларини ва чиқарган ҳукмларини бекор қилса» деб айта олмайди». Элчининг гапини чуқур мулоҳаза қилган Мунзир шундай жавоб берди: «Ўзимизнинг мажусийлик дини ҳақида ўйлаб кўриб, у охират учун эмас, фақат дунё учун экандеган хулосага келдим. Сизларнинг динингиз ҳақида фикр юритиб, унинг ҳам охират, ҳам дунё учун эканини билдим. Мени Ислом динини қабул қилишдан тўсадиган нарса қолмади. Кеча Ислом динини қабул қилаётган кишилардан ажабланар эдим. Бугун эса Ислом дини ҳақ бўлишига қарамай, уни қабул қилмаётганлардан ажабланяпман. Мен ҳозир Исломни қабул қилиш-қилмаслик ҳақида эмас, балки Пайғамбар ҳузурига шахсан ўзим бориб, шаҳодат келтирсаммикан ёки мактуб ёзиб, иймон келтирганим ҳақида хабар берсаммикан, деб ўйлаб қолдим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир саҳобий – Муҳожир ибн Умайя розияллоҳу анҳуни Ҳимяр подшоҳи Ҳорис ибн Абду Кулолнинг ҳузурига элчи қилиб юбордилар. У подшоҳ ҳузурига келгач, шундай хитоб қилди: «Эй Ҳорис, сен Расулуллоҳ Исломга даъват қилган биринчи подшоҳ эдинг. Бироқ сен у зотнинг даъватларига жавоб бермай, хатога йўл қўйдинг. Агар сени атрофингдаги подшоҳларнинг ҳолати алдаб қўяётган бўлса, у ҳолда подшоҳларнинг подшоси бўлган Аллоҳ таолодан қўрқ. Сени бугунги кунинг хурсанд қилаётган бўлса, эртанги кунингдан қўрқ. Сендан олдин ҳам қанча-қанча подшоҳлар ўтган. Уларнинг қилган ишларидан бор-йўғи қуруқ хабарлар қолди. Улар узоқ давру даврон суриб, кўп орзу-ҳавасларга берилдилар, лекин ўзлари билан нимани олиб кетдилар? Улар орасида ажали етиб ўлганлари ҳам, қасос ва ўч олиниб, қатл этилганлари ҳам бор. Мен сени шундай Робб таолога итоат этишингга даъват этаманки, агар ҳидоят йўлини истасанг, У Зот сени ман қилмайди, У Зот сени ҳидоят йўлига бошлашни истаса, бирон киши сенга тўсиқ бўла олмайди. Шунингдек, сени уммий[4] Пайғамбарга эргашишга чақираманки, дунёда у буюрган нарсадан гўзалроқ нарса йўқ, у қайтарган нарсадан қабиҳроқ нарса йўқ. Билиб қўй, сенинг шундай Парвардигоринг борки, У Зот тирикларнинг жонини олувчи, ўликларни тирилтирувчи ҳамда кўзларнинг хиёнатини ва қалбларнинг яширин сирларини билувчидир».[5]

Ҳотиб ибн Абу Балтаъа розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Искандария подшоҳи Муқавқис ҳузурига элчи қилиб жўнатдилар. Подшоҳ ҳузурига юборилган мактубни олиб кирганимда у менга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, ўз қароргоҳидан жой берди. У ерда бир неча кун турдим. Сўнгра подшоҳ ўз ҳузурига руҳонийларини тўплаб, элчи орқали мени чақиртирди. Мен уларнинг ҳузурига борганимдан кейин подшоҳ менга: «Сендан баъзи саволларни сўрамоқчиман», деди. «Майли, сўрайвер», дедим. У мендан: «Менга Муҳаммад ҳақида хабар бер-чи, у ҳақиқатдан ҳам пайғамбарми?» деб сўради. Мен: «Ҳа, шундай, у Аллоҳнинг элчиси», деб жавоб бердим. У сўрашда давом этиб: «Агар ҳақиқатдан ҳам пайғамбар бўлса, нега у ҳолда қавми ўз юртидан ҳайдаб чиқарса ҳам, уларни дуоибад қилмади?» деди. Мен эса: «Марям ўғли Ийсо Аллоҳнинг элчиси эканига ишонасанми?» деб, унинг саволига савол билан жавоб бердим. У гапимни тасдиқлаб: «Ҳа, албатта ишонаман», деди. Шунда мен унинг сўзини ўзига қарши ишлатиб: «Нега Ийсо алайҳиссалом қавми уни хочга михлаб азобламоқчи бўлса ҳам уларнинг ҳалок бўлишини сўраб, дуоибад қилмаган?» дедим. Шу гапимдан кейин Муқавқис таслим бўлди ва: «Офарин! Сени юборган одам (Муҳаммад) ҳақиқатдан ҳикмат соҳиби экан. Менинг ҳузуримга сендек доно ва ақлли кишини юборибди. Мана бу ҳадяларни Муҳаммадга олиб бор. Ўз юртингга эсон-омон етиб олишинг учун аскарларим сени кузатиб қўйишади» деб, кетишимга рухсат берди. Муқавқис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ҳадялар орасида учта жория қиз ҳам бор эди. Уларнинг бири кейинчалик Пайғамбар алайҳиссаломнинг фарзандлари – Иброҳимнинг онаси бўлди. Яна бири Абу Жаҳм ибн Ҳузайфа Адавийга, бошқа бири Ҳассон ибн Собит Ансорийга ҳадя қилинди. Бундан ташқари, ўшанда Муқавқис яна зебу зийнатлар билан безатилган ажойиб кийимларни ҳам ҳадя қилиб юборган эди».


[1] Имом Табароний «Мажмаъуз-завоид» номли китобида айтади: «Мазкур ҳадиснинг биргина ровийсини ҳисобга олмаганда қолган барча ровийлари сиқодир (ишончлидир)».

[2]«Мавоҳиб»нинг шарҳида зикр қилинган.

[3]Шунинг учун ҳам улар тарихда «Қон яловчилар» деб ном қолдирган.

[4] Ўқиш ва ёзишни ўрганмаган.

[5] «Ровзул унф» китобида шундай зикр қилинган.

What you can read next

Яширинча ваъдалашманг!
Яширинча ваъдалашманг!
Қуръони карим ёшлар ҳақида нима дейди?
Ёшлар ва илм
Салафи солиҳлар Аллоҳ таолонинг хабарий сифатлари ҳақида айтган сўзлари
Салафи солиҳлар Аллоҳ таолонинг хабарий сифатлари ҳақида айтган сўзлари

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP