Имом Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимҳуллоҳ “Рўза тутиш одоблари” бобида қуйидаги гапларни айтадилар: “Сиз агарда рўза тутаётган бўлсангиз, рўза фақатгина таом ейиш, ичимлик ичиш ва жимоъдан сақланиш деб гумонда бўлиб қолманг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қанчадан қанча рўзадор борки, уларнинг рўза тутишлиги фақатгина очлик ва чанқоқликдир”, деганлар.
Рўза тутишликнинг энг мукаммал сурати барча тана аъзоларининг Аллоҳ таоло кариҳ кўрган нарсалардан тийилиши билангина бўлади. Жумладан, кўзни гуноҳ нарсаларга назар қилишдан сақлаш, тилни бефойда гаплардан тийиш, қулоқларни эса Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тинглашдан сақлаш, чунки бир нарсага қулоқ солувчи сўзловчига (гуноҳ ёки савобда) шерик бўлади ва у икки ғийбат қилувчининг бири ҳисобланади. Сиз қорин ва фаржларни қандай сақласангиз, бошқа жамийки аъзоларни гуноҳлардан шу каби сақлашингиз лозим бўлади. Хабарларда келади: “Беш нарса борки улар рўзадорнинг рўзасини очади: ёлғон гапириш, чақимчилик, ёлғон қасам ичиш, шаҳват билан назар солиш.” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза қалқондир. Сизлардан бирингиз рўза тутса сўкинмасин, фисқ сўзларини сўзламасин ва жоҳиллик қилмасин. Агар уни бирортаси ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман” – деб айтсин”, деб марҳамат қилганлар. ”
Сиз фақатгина ҳалол таомлар билан ифтор қилишга ҳаракат қилинг ва таомни кўпайтирмангки, таомингиз тутган рўзангиз эвазига кечаси ошиб кетмасин. Сиз одатда еб юрган икки маҳал овқатингизни бир ўтиришда еб қўйсангиз фарқи бўлмай қолади, зеро рўзадан мақсад шаҳватни синдириш ва тақвони зиёда қувватли бўлиши учун жисмоний қувватингизни синдириш бўлади. Энди сиз агар кечки пайт ифторда тушликда емаган ҳиссангизни ўрнини тўлдирадиган бўлсангиз, сизнинг рўзангизда фойда қолмайди. Ошқозонингизнинг оғирлашгани қолади холос. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло наздида тўлдириладиган идишларнинг энг ёмон кўргани бу ҳалолдан бўлган нарсалар билан тўлган қориндир. Энди ўйлаб кўрингчи, уни ҳаром нарсалар билан тўлдирсангиз аҳволингиз нима бўлади!
Рўзанинг маъносини билиб олган бўлсангиз, ўша маъноларни ўзингизда кўпайтиришга қўлингиздан келганича бел боғланг, зеро рўза ибодатларнинг асоси ва Аллоҳ таолога яқинлашиш калитидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, Роббингиз айтади: “Ҳар бир яхшилик (савоби) ўн баробаридан етти юз баробаригачадир. Рўза Мен учун ва Мен Ўзим унинг мукофотини бераман. Рўза дўзахдан қалқондир. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир…”.
Имом Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Бандам ўз шаҳватидан, еб ичишдан мен учун кечади. Рўза Мен учун ва Мен Ўзим унинг мукофотини бераман.”
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Жаннатда рўзадорлар учун Райён деб аталадиган эшик бор. Унга улардан бошқалар кирмайди. Рўзадорларнинг охиргиси киргач, эшик беркитилади. Ким унга кирса, (жаннат шаробидан) ичади. Ичган киши эса абадий чанқамайди”. Имом Термизий ривоят қилган.
Рустам Охунжонов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби






