Тамийм Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир», дедилар. «Ким учун?» дедик. «Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун», дедилар».
Ушбу ҳадисда ҳам комил иймон учун зарур бўлган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ҳузурида сўзлаб:
«Дин насиҳатдир», дедилар.
«Насиҳат» сўзи луғатда «холис», «покиза», «содиқ» маъноларини билдиради. Урфда эса бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дин насиҳатдир» деганлари, диннинг асосий мадори насиҳатдан иборатдир, деганларидир. Бу у зотнинг «Ҳаж арафадир» деганларига ўхшайди. Яъни, ҳажнинг мадори, асосий рукни Арафотда туришдир, деганларидир.
Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу умумий гапни эшитиб, унинг тафсилотини билмоқчи бўлдилар ва:
«Ким учун?» деб сўрадилар.
Яъни, «Насиҳат қилсак, ким учун қиламиз?» дедилар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дийннинг мадори бўлмиш насиҳат беш нарсада эканлигини баён қилиб бердилар:
1. «Аллоҳ учун», яъни, Аллоҳга иймон келтириш, унга шукр қилиш, амрларини бажариб, қайтарганларидан қайтишга ундаб, насиҳат қилишдир.
2. «У Зотнинг Китоби учун», яъни Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни ўрганиш, унга амал қилиш ва одамларни ҳам шу ишга ундаб, насиҳат қилиш.
3. «У Зотнинг Расули учун», яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишининг шариатларига, суннатларига тобеъ бўлиш, бошқаларни шунга чақириш.
4. «Мусулмонларнинг имомлари учун».
Улар учун насиҳат қилиш уларга итоат қилиш ва одамларни ҳам шунга чақириш билан бўлади.
5. «Мусулмонларнинг оммаси учун».
Барча мусулмонларга икки дунё саодати, яъни Ислом йўлини кўрсатиб, насиҳат қилиш бўлади.
Асланкулов Аброр
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси






