“Салаф” деб аслида исломнинг илк 3 асрида яшаган Аҳлу Сунна вал Жамоа уламолари назарда тутилади. Бу ном Саҳобийлар, Тобеъинлар, Табааъ тобеинлар ва улардан илм олган имомларга нисбатан умумий қўлланилади.
Салафийлик эса ислом дини асл соф кўринишига қайтаришни даъво қилувчи, Қуръон ва Суннатни салафларнинг фаҳмига кўра тушунишларини иддао қилувчи фирқадир. Уларнинг фикрича тарих мобайнида Қуръон ва Суннатдан олинадиган тушунчалар ўзгариб бузилиб кетган.
Аммо, уларнинг бундай иддао қилиб, ўзлари 18-20 асрларда яшаганларга суяна туриб, асл салафи солиҳлар: Имомларимиз Абу Ҳанифа, Шофеъий, Моликий, Аҳмад, Мотуридий ва Ашъарий роҳимаҳумуллоҳларга эргашаётганларни адашганга чиқаришлари ажабланарли ва жуда тушунарсиз.
Имом Муҳаммад Абу Заҳронинг “Исломий мазҳаблар тарихи” китобларида салафийлар ҳақида шундай дейилади: “Салафий деб ўзлари шу нисбатни берганларни назарда тутмоқдамиз, зеро уларнинг баъзи фикрлари салафларникига нақадар тўғри келмаслиги борасида (китобимизда) кейинроқ муноқаша қиламиз.
Улар аввалига 4-ҳижрий асрда зоҳир бўлишди. Аслида Ҳанбалийлардан эдилар ва ўзларича барча фикрлари салафларнинг фикрларини тирилтириб, унга зид бўлганларига курашган Имом Аҳмад Ибн Ҳанбалга тегишли деб даъво қилдилар. (Аммо, уларнинг даъволарини асл Ҳанбалийлар ва имом Аҳмаднинг чин шогирдлари йўққа чиқаришди. Имом Ибн Жавзийнинг “Ташбеҳ гумонларини Танзиҳ тарсакилари билан даф этиш” номли китобларида батафсил ёритилган)
Сўнгра уларнинг зоҳир бўлиши 7-ҳижрий асрда қайтадан бошланди. Уни шайхул ислом Ибн Таймия тирилтирди ва бу даъватни кучайтирди ҳамда ўз асридаги аҳволдан келиб чиқиб яна бир қанча ишларни қўшиб қўйди. (Имом Ибн Таймия жуда ҳам баҳсли шахс. У кишининг кўплаб фикрлари, биз ҳанафийларга йўл бўлсин, мазҳабдошлари ҳанбалийлар орасида ҳам баҳсли қаралади. Шу сабаб энг тўғри йўл у кишига бутунлай эргашиб кетмаслик ва умуман адашган залолатдаги киши деб ҳам қарамасликдир, роҳимаҳуллоҳ)
Сўнгра, (салафийлик) даъвати 12-ҳижрий асрда (18-милодий аср) араб ярим оролида қайта жонланди. Уни Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб тирилтирди. Ҳозиргача ваҳҳобийлар айнан салафийлик ғоялари билан ўз фирқаларига даъват қилиб келадилар. Шу сабаб бу фирқа ва унинг фикрларини баён этишни лозим топдик”. (Имом Муҳаммад Абу Заҳро роҳимаҳуллоҳ “Тариху мазаҳибил Исламийя”, 177-бет)
Ҳозирда салафийлик жуда ҳам кенг тарқалиб кетишига асосий сабаб, араб ярим оролида Саудия Арабистони қироллиги деган давлатнинг ташкил топишидир. Аслида, айнан салафийлик ва ваҳҳобийлик устига қурилган бу давлат, кейинчалик нефт сотувидан тушган миллиардлаб пулларини ўз даъватларини дунё бўйлаб ёйишга ва тарқатишга ишлатишади.
Саудиянинг ваҳҳобийлик пропогандасига сарфлаган пуллари $100 миллиарддан ошиб бўлган. 1987-2007 йилларнинг ўзида бу сумма $87 миллиардни ташкил қилади. Ўрта осиё, Кавказ орти, Татаристон ва Чеченистон каби туб аҳолиси мусулмон бўлган Собиқ Иттифоқ давлатида ваҳҳобийликни тарғиб қилиб, асли Аҳлу Сунна бўлган халқни ўзаро бир-бирига қайраш орқали иттифоқдошлари АҚШнинг душмани СССРни кучсизлантириш учун йилига $1миллиард сарфлаганлари ҳақида ҳам фактлар бор.
Кўриб турганингиздек, Салафийлик чин салафлар йўли эмас! У бир пайдо бўлиб, яна йўқ бўлиб кетадиган бир фирқа. Шунинг ўзи ҳам унинг Аҳлу Сунна эмаслигига кифоя. Зеро, Набий ﷺ айтадилар: “Умматимдан бир тоифа ҳақ устида туришда бардавом бўлади, уларга хилоф қилганлар зарар бера олмайдилар” (Муслим ривояти). Имом Бухорий уларни Аҳли Илм деган. Бир зоҳир бўлиб, яна 100 йиллаб йўқ бўлиб кетадиган, аҳли илмларга тош отиб, мусулмонларга қарши уришадиганлар қандай қилиб ҳақда бўлишсин?!
Агзамов Санжар
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси






