Араб тилида пайпоққа ҳозирги кунда “жавроб” сўзи ишлатилинади. Лекин ўтмишда “жавроб” деб умуман бошқа нарсаларга айтилган. Шунга кўра, замонавий юпқа, резинкасиз ўзи тура олмайдиган пайпоқлар ўтмишдаги жавроблар эмас.
Энди “Мухтасари Қудурий”да келган матнга ўтамиз: “Жавробларга қуйидаги шартлар топилмаса масъҳ тортиб бўлмайди: имом Абу Ҳанифага кўра мужаллад (қадамдан тўпиққача тери қопланган бўлиши) ёки мунаъал (қадамнинг остки қисми теридан бўлиши) керак.
Имом Абу Юсуф ва Муҳаммадларга кўра жавробларга масъҳ тортса бўлади агар у (оёққа кийилганда боғичсиз йиғилиб қолмай, ўзи тура оладиган даражада) қалин бўлса ва (масъҳ тортганда) сув ўтказмаса”.
Имом Абу Ҳанифа ҳам кейин икки шогирдларининг фикрларига қўшилганлари ривоят қилинади, ва мана шу фикр, яъни имом Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг қавлларига фатво берилган.
Демак, оёққа кийилган нарса у чармдан бўлсин, жундан тўқилган мато бўлсин, юқоридаги шартлар: ўзи тура оладиган даражада қалин бўлса ва сув ўтказмаса унга масъҳ тортиш жоиз бўлади.
Бу шартлардан биронтаси бўлмаган пайпоқларга мутлоқ масъҳ тортиб бўлмайди. 4 фиқҳий мазҳабларда жавробга қўйилган шартлар бироз фарқ қилса ҳам, замонавий юпқа пайпоқларга масъҳ тортишни биронта мазҳаб жоиз деб билмайди!
Охунов Мақсуд
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси






