Нубувват замонининг саодатли кунларидан бирида содир бўлган ажойиб бир воқеани Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилиб берганлар. Бир куни саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирганларида тўсатдан сочлари қоп-қора, кийимлари оппоқ бир киши кириб келди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ўтириб, савол сўрай бошлади: “Эй Аллоҳнинг расули, иймон нима? Ислом нима? Эҳсон нима?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон, ислом ҳақида жавоб бердилар. “Эхсон нима?” саволига берган жавоблари шундай бўлди: “Эҳсон – Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек ибодат қилмоғингдир, гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам, албатта У сени кўриб турибди”. Уламолар иймон тўғрисидаги саволни ақоидга, ислом тўғрисидаги саволни фиқҳга, эҳсон тўғрисидаги саволни эса тасаввуфга оид деб таъриф берганлар. Ҳақиқатан ҳам инсоннинг ақийдаси тўғри бўлиб, намоз, рўза, закот каби ибодатларни адо этса-ю, қалби ҳозир бўлмайдиган бўлса, ибодати мукаммал бўлмай қолади.
Эҳсон сўзи араб тилида бир қанча маъноларни англатади. Масалан, “аъло даражада амалга оширмоқ”, “яхшилик қилмоқ” каби.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
هَلْ جَزَاءُ الإِحْسَانِ إِلَّا الإِحْسَانُ
Яъни: “Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир” (Ар-Роҳман сураси, 60-оят). Бу яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир, деганидир.
Бу оятда биринчи зикр қилинган эҳсон (яъни яхшилик) бандадан бўлиб, у Аллоҳ таолонинг ибодатини астойдил жидду-жаҳд билан бажаришдир. Кейинги зикр қилинган эҳсон Аллоҳдан бўлиб, у Аллоҳ бандаларини жаннатига киритиши билан бўлади.
Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир қилаётган ишларимизни аъло даражада бажармоғимиз, ўзаро бир-биримизга саховат кўрсатиб, яхшилик қилмоғимиз, неьматларни исроф қилмаслигимиз эҳсон бўлар экан.
Бир олимнинг ҳузурига шогирдларидан бири келиб: “Устоз, мен эҳсон мақомига етдим. Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қиляпман”, дебди. Устози ундан: “Оиланг, қўни-қўшнинг ва яқинларинг билан қандай ҳолатдасан?” деб сўрабди. Шогирд устозига: “Расулуллоҳ алайҳиссалом эҳсонни ибодатларда демаганмидилар?” дебди. Шунда устоз: “Аллоҳ таоло буюрган нарсаларни бажариб, қайтарганларидан қайтишинг ибодат эмасми?” деб саволига савол бериб жавоб берган экан.
Бугунги кунда кўпчилигимиз ибодат деганда намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва шуларга ўхшаш маълум нарсаларнигина ибодат деб тушуниб қолганмиз. Ҳолбуки, ибодат бу Аллоҳга қуллик қилиш демакдир. Намоз ўқиш, Қурьон тиловат қилиш вақтидагина Аллоҳга қул бўлиб, қолган вақтда қулликдан чиқиб қоламизми? Йўқ, ундай эмас.
Аллоҳ таоло Жумьа сурасида марҳамат қилиб: “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз”, дейди (10-оят). Аллоҳ таоло бу оятда бандаларига ер юзида халол ризқ талаб қилиб, Ўзини кўп зикр қилишга, натижада бандалар зафар топишларига ундамоқда.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги бир фарздир”, дедилар” (Байҳақий ривояти).
Қилаётган ҳар бир ишимизни у қандай бўлишидан қатьий назар, чин иҳлос, покиза қалб ила, Аллоҳ кўриб турганини хис қилиб бажарсак, Аллоҳга ҳақиқий эҳсон (ибодат) қилган бўламиз. Шунда қилган барча ишларимизда барака бўлади. Чунки, Аллоҳнинг баракаси хақиқий соф қалбларгагина бўлади. Келинг дўстлар, барчамиздан ғолиб бўлган Зотдан қалбларимизни мусаффо қилишини сўрайлик!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим
юрти талабаси Зокиров Исроил






