Тил инсонга берилган энг улуғ неъматлардан биридир. Инсонлар ўзаро суҳбатларида бир-бирларига фикрларини баён қилиб беришларида тилнинг ўрни беқиёс. Пайғамбарлар ҳам ўз рисолатларини тил орқали етказишган. Бундан келиб чиқадики тил бўлмаганида инсонлар тўғри йўлни топа олишмаган бўлишарди. Тўғри гаплашишнинг соқовча усуллари ҳам бор-ку дейишингиз мумкин. Лекин бу инсонлар ўзаро олди-берди қилишларида, бир-бирларини чақиришларида, фикр алмашишларида бир мунча қийинчиликлар туғдиради. Ҳуллас, тил бўлмаса, инсонлар ҳаётида катта қийинчиликлар пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам шундай неъматларни бериб қўйган Аллоҳга шукроналар айтишимиз керак. Лекин бундай неъматларга ношукрлик қилиб, айнан тил неъматидан инсонларни сўкишда, уларни ҳақоратлашда фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас. Балки бундай инсонлар кўпчиликни ташкил қилади ҳам. Бу мақолани ёзишимга ҳам шундай инсонлар сабаб бўлди.
Йўлда юриб кетар эканман, майин овоз билан бир киши қўштирноқ ичида шириндан-шакар сўзлар билан сўкинаётгани қулоғимга чалинди. Бундай майин овозли киши ким бўлди экан деб орқамга ўгирилиб қарасам, бешинчи-олтинчи синфлар атрофидаги икки болакай бир-бирини аёвсиз ҳақоратлар эди.Мен шу кунгача бундай ёш болаларни сўкиниб гапиришини эшитмаган эдим. Уларни сўзларини эшитиб ёқа ушлайсан киши. Қуш уясида кўрганини қилади, уларни қандай ота-она тарбиялаётган экан ўзи. Кўпчилик бунинг сабабини оиладан, мактабдан қидиради. Лекин мен буларни инкор қилмаган ҳолда ҳаммамиз бунга айбдормиз деган бўлар эдим. Ахир “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деб бежизга айтилмаган. Президентимиз ҳам “Ўз болангни ўзинг асра” деган гапларида мана шундай иллатлардан сақлашни ҳам назарда тутган бўлсалар керак.
Бизга мукаммал қилиб берилган ислом динимиз ҳам сўкиш иллатини қоралайди. Бу борада кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Келинг уларни кўриб чиқайлик.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мусулмонни сўкиш фосиқликдир. Ўлдириш эса кофирликдир”, дедилар. (Муттафақун алайҳи)
Демак, сўкиш фосиқликни келтириб чиқарар экан. Фосиқлик эса дунё-ю охиратда жазосиз қолмайди, албатта. Сўкувчи кишини нафақат инсонлар, балки Аллоҳ таоло ҳам ёмон кўради. Бу борада Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ Таоло (кишиларни) ёмон иборалар билан сўкувчи ва оғзини шундай сўкишга ўргатган кишини яҳши кўрмайди”, дедилар. (Бухорий ривояти)
Сўкиш инсонга лаънат олиб келади. Фақат ўзигагина лаънат олиб келиш билан чекланса-ку майли. Лекин кўп ҳолларда сўкувчининг ота-онасига лаънат олиб келади.Қуйида келтирадиган ҳадиси шарифимиз ҳам айнан шунинг учун айтилгандек гўё.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши ўз ота-онасини сўкиши катта гуноҳдир”, дедилар. Шунда саҳоба розияллоҳу анҳумлар (ҳайрон бўлиб): “Эй Аллоҳнинг росули киши ўз ота-онасини ҳам сўкадими?”, деб сўрашди. У зот: “У киши бир одамни сўкади. Сўкилган киши эса сўкканни ота-онасини сўкади”, дедилар.
Азизлар бу ҳадисга яҳшилаб эътибор берадиган бўлсак, инсонларни сўкиш гўёки ота-онани сўкиш билан тенглаштирилаётганига гувоҳ бўламиз. Шунинг учун бу иллатдан сақланишимиз керак. Ахир ҳеч қайси фарзанд ота-онасини сўкилишини ҳоҳламайди-ку.
Ҳулоса қилиб айтадиган бўлсак, жамиятимизда кенг тарқалган сўкиш иллатини йўқотишга ҳаммамиз масъулмиз. Ҳаммамиз буни олдини олишга ҳаракат қилишимиз, сўкиш зарарларини тушунтиришимиз, юқоридаги ҳадисларни мазмуни билан сўкувчиларга насиҳат қилишимиз керак бўлади. Муаммо анча юқорида эканлигини кўриб турибмиз. Яъни баъзи ота-оналарни ўзлари оила даврасида сўкиниб гаплашишади. Бундан болалар ўрнак олади. Шунинг учун сўкмайдиганлар сўкадиган дўстларини тўғри йўлга бошлаши керак. Шундагина ижобий натижаларга эришамиз. Мен ишонаманки, агар ҳаммамиз бунга қарши жидду-жаҳд ила ҳар қадамиммизда курашадиган бўлсак бу иллат бизни тарк этади. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни тўғри йўлга бошласин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим
юрти талабаси Хушвақтов Абдулҳай





