Ҳадис шарҳи
Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирганимизда, либослари жудда оппоқ, сочлари тим қора киши келди. Унда сафар аломатлари кўринмасди, ҳеч биримиз уни танимас эдик. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларига тиззасини теккизиб, икки кафтини сонига қўйиб ўтирди ва “Эй Муҳаммад! Менга Ислом ҳақида маълумот беринг”,деди. У зот: “Ислом Aллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Aллоҳ таолонинг расули эканига иқрор бўлишинг; беш вақт намозни адо қилишинг; закот беришинг; Рамазон ойида рўза тутишинг ва йўлга қодир бўлсанг, Байтуллоҳга ҳаж қилишинг”, дедилар. У: “Рост айтдингиз”, деди. Биз ун(инг гапи)га ҳайрон бўлдик – ўзи сўраб, ўзи тасдиқлайди. “Менга иймон ҳақида маълумот беринг”, деди у. У зот: “Aллоҳ таолога Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳ таолодан эканига иймон келтириш (ишониш)дедилар.У: “Рост айтдингиз”, деди. (Сўнг): “Менга эҳсон ҳақида хабар беринг”, деди. У зот: “Aллоҳ таолога Уни кўриб турганингдай ибодат қилишинг. Чунки сен уни кўрмасанг-да, албатта, У сени кўради”, дедилар. (У): “Менга қиёматнинг қачон бўлиши ҳақида маълумот беринг”, деди. У зот: “У ҳақда сўралувчидан кўра сўровчи яхши билади”, дедилар. (У): “Менга унинг аломатлари ҳақида маълумот беринг”, деди. У зот: “Чўрилар ўз хожаларини туғиши; ялангоёқ, яланғоч, фақир чўпонларнинг иморат (бино) қуришда мақтаниб, фахрланишларини кўришинг”, дедилар. Сўнг у кетди. Мен бир мунча муддат (уч кун атрофида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўринмай) турдим. Кейин у зот менга: “Эй Умар, сўровчининг кимлигини биласанми?” дедилар. Мен: “Aллоҳ ва Расули билади”, дедим. У зот: “У Жаброил эди. Сизларга динингизни ўргатиш учун келди”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Ҳазрати Умар ва бошқа саҳобалар Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазурларида ўтиришганида бир киши келди. У ҳудди қуёш каби порлаб келди. У кишининг устиларида оппоқ кийим бор эди. Сочлари тим қора эди. У кишида сафар аломатлари кўринмас эди. Зеро, сафардан келган инсон терлаган, кийимлари чанг бўлади. Шунинг учун у киши саҳобаларга Мадинада яшайдиган инсон кишилардан бири бўлиб туюлди. Aммо у кишини саҳобалардан ҳеч ким танимас эди.
Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб чўкка тушиб ўтирдилар.
Ҳазрати Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ бирор дарс ўртасида чиқиб кетсалар, янги либос кийиб қайтар эканлар. Талабанинг либоси қиммат бўлиши шарт эмас, покиза бўлиши зарур.
Жибрил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Менга иймон ҳақида маълумот беринг”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Aллоҳга … иймон келтиришинг,…” деб жавоб бердилар.
Фаришталарга иймон келтириш, Қуръон ва суннатда баён қилинган уларнинг сифатларига, гуноҳ ва маъсиятлардан пок эканликларига иймон келтиришдир. Улар Аллоҳ таолонинг мукаррам бандаларидир.
Аллоҳ таоло пайғамбарларига нозил қилган ҳамма китобларга иймон келтириш лозим.
Пайғамбарларга иймон келтириш. Пайғамбар алайҳимуссаломларнинг барчалари маъсумдирлар. Ҳар бир уммат ўз Пайғамбарига итоат этмоғи лозим. Уларнинг ададларини чекламай пайғамбарларга иймон келтириш шарт.
Қиёмат кунининг қоим бўлишига иймон келтириш. Қиёмат кунига иймон келтириш маҳшарда тўпланиш, жаннат ва дўзахга, ҳавз, мезон торозуга иймон келтиришни ўз ичига олади.
Иймон шартларидан яна бири яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳ таолодан эканига ишонишдир.
«Кўкалдош» ЎМИТМ мударриси Авазбек Жумабоев






