Ҳалол ризқ талаб қилиш, ҳалол луқма ейиш Ислом динимизда жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу Аллоҳ таолонинг буйруғидир. Шу эътибордан Қуръони Каримда бу борада жуда ҳам кўп оятлар ворид бўлган. Жумладан, Бақара сурасида шундай дейилган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ
“Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир”.[1]
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни ҳалол нарсаларни тановул қилишга амр қиляпти. Шунингдек шайтонга эргашишдан қайтармоқда. Зеро, ким шайтонга эргашадиган бўлса, у учун ҳалол-ҳаромнинг фарқи бўлмайди. Шайтон ўзига эргашган инсонларга ҳалол едирмаслик билан, уларни Аллоҳнинг тоатидан чиқаришга ҳаракат қилади. Демак, ким ҳалол луқма талабида бўлса, шайтонга эргашмаган ва унга қарши чиққан бўлади.
Бошқа оятда шундай дейилган:
وَكُلُوا مِمَّا رَزَقَكُمُ اللَّهُ حَلَالًا طَيِّبًا وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي أَنْتُمْ بِهِ مُؤْمِنُونَ
“Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг”.[2]
Ушбу оятда ҳам юқоридаги оятдаги каби Аллоҳ таоло инсонларни ҳалол нарсаларни ейишга буюряпти. Қуйидаги оятда эса, Аллоҳ таоло мусулмонларни ер юзида тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда ва бу иш “Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг” деган жумла билан ифода қилиняпти:
فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз”.[3]
“Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг” оятини “Айсарут тафасийр” китобида “Саъйу ҳаракат ва амал билан Аллоҳ таолодан ризқ талаб қилинглар”[4], деб тафсир қилинган.
Арок ибн Молик[5] роҳимаҳуллоҳ жумъа намозини ўқиб бўлгач, масжиддан чиқиб, масжид эшиги олдига бориб: “Эй Аллоҳим! Мен чақириғингни қабул қилиб фарзингни адо қилдим. Энди сен буюрганингдек (ризқ талабида) кетяпман, фазлинг сабабли мени ризқлантиргин. Сен энг яхши ризқ берувчи зотсан”, деб дуо қиларкан[6].
Бошқа бир оятда эса шундай дейилган:
هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِنْ رِزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ
“У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқида енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузуририга бўлади”.[7]
Ушбу ояти карима уламолар томонидан Исломда меҳнатга чорлаш ва ризқни териб ейиш, ер юзининг турли жойларида ҳаракат қилиш зарурлигига далил қилиб келтирилади.
Бошқа бир оятда шундай дейилган:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ
“Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”.[8]
Имом Қуртубий ушбу оят тафсирида: “Бу оятдаги “ботил йўл билан еманг” қайтариғи остига ҳаромнинг барча турлари киради. Қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топишлик, ҳаром касбларни қилиб мол топиш ва бошқалар”, деб айтган.[9]
Юқорида келтирилган ояти карималарда ҳалол ризқ талаб қилишга буюриляпти. Шунингдек, бировларнинг молини ботил йўл билан ейишдан қайтариляпти. Демак, ҳалол ризқ талаб қилиш Аллоҳнинг амри бўлиб, бунга итоат этиш лозимдир. Ким бу амрга итоат этадиган бўлса, у улкан ажрларга эга бўлади. Шунингдек, ҳалол таом ейиш, ҳаром луқмадан сақланиш дуоларнинг ижобат бўлишига ҳам асос бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ таоло Покдир ва фақатгина покиза нарсани қабул қилади. Албатта Аллоҳ таоло мўминларга расулларга амр қилган нарсани амр қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Расуллар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар”[10], деди. Ва яна: “Эй иймон келтирганлар! Биз сизга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар”[11], деди. Сўнгра, узоқ сафар қилган кишини зикр қилдилар: “Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, (уст-боши) чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Роббим, эй Роббим”, дейди. Ҳолбуки егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Унинг дуоси, қандай ижобат бўлсин?”-дедилар. Муслим ривоят қилган.
Шунингдек, Бақара сурасининг 168-оятининг тафсири борасида тафсир китобларида ушбу ривоят келтирилган:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Мана бу: “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар….” (Бақара сураси, 168-оят)ояти Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида тиловат қилинди. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси ижобат бўладиган қилиб қўйсин”, деб айтди. У зот: “Эй Саъд! Таомингни ҳалол қилгин, шунда дуоси ижобат бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони унинг қўлида бўлган зотга қасам ичаманки, киши ҳаром луқмани қорнига ташлайдиган бўлса, унинг амали қирқ кунгача қабул қилинмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаром ва рибодан ўсадиган бўлса, унга дўзах муносибдир”, дедилар.[12]
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча мусулмонлар ҳалол ризқ талаб қилишга интилишлари лозим бўлади. Чунки бу Аллоҳнинг буйруғидир. Чунки, ким ҳаром ейдиган бўлса, ёки фарзандларини ҳаромдан таомлантирадиган бўлса, гуноҳкор бўлади ва қиёматда бунинг учун жавоб беради. Зеро, пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам ҳалол касб қилишган. Масалан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик қилганлар, Иброҳим алайҳиссалом зироатчи бўлганлар, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор бўлганлар, Шуъайб алайҳиссалом чўпон бўлганлар, Довуд алайҳиссалом темирчи бўлганлар. Яъни совут ясаб сотганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларида қўй боққиб чўпонлик қилганлар кейин савдогарлик қилганлар. Демак, барчани тўғри йўлга бошлайдиган улуғ зотлар ҳам ҳалол касб қилиб ҳаёт кечиришган. Шунга кўра барчамиз ҳалол луқма талабида бўлишимиз лозим. Аллоҳ барчамизни ҳалол ризқ билан ризқлантирсин.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон
[1] Бақара сураси, 168-оят.
[2] Моида сураси, 88-оят.
[3] Жума сураси, 10-оят.
[4] “Айсарут тафасийри ликаламил алиййил кабийр”, Абу Бакр Жазоирий.
[5] Арок ибн Молик Ғифорий, Маданий роҳимаҳуллоҳ фақиҳ, муҳаддис бўлган. У киши улуғ тобеинлардан бўлиб Абу Ҳурайра, Оиша, Ибн Умар ва Зайнаб бинти Абу Салама розияллоҳу анҳулардан ривоят қилган. У кишидан ўғли Хусайм ибн Ирок ва Букайр ибн Ашаж, Язийду ибн Абу Ҳабийб ва Яҳё ибн Саъийд ва бошқалар ривоят қилишган. У киши кундузлари рўзадор, кечалари намозда қоим бўларди. Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ: “Мен Ирок ибн Моликдан кўра кўпроқ намоз ўқийдиган бирор кишини билмайман”, деб айтган.
[6] “Мухтасару тафсири Ибни Касийр, Муҳаммад Али Собуний.
[7] Мулк сураси, 15-оят.
[8] Бақара сураси, 188-оят.
[9] “Тафсири Ҳилол”. Биринчи жуз. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
[10] Муъминун сураси, 51-оят.
[11] Бақара сураси, 172-оят.
[12] “Тафсирул Қуръанил Азийм”, Ибн Касийр. “Ад-Дуррул мансур”, Жалолиддин Суютий. “Муъжамул авсот”, Табароний.






