Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, сизларнинг ҳаракатларингиз турличадир”. (Лайл сураси, 4-оят).
Ҳиммат ҳам Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ризқдир. Аллоҳ таоло ризқини хоҳлаган бандасига кўпроқ, хоҳлаган бандасига озроқ беради. Аллоҳ таолонинг ҳикматиданки, бандаларининг баъзиларини илмда афзал қилса, баъзиларини амалда афзал қилади.
Абдуллоҳ ибн Умар, Урва ибн Зубайр, Мусъаб ибн Зубайр ва Абдумалик ибн Марвон Каъбанинг ёнида ўтирган эди. Шунда Мусъаб: “Келинглар, Аллоҳдан орзуларимизни дуо қилиб сўрайлик!”-деди. Бошқалар: “Унда ўзинг бошлаб бер”-дейишди.
Мусъаб ибн Зубайр “Ироққа ҳоким бўлишни, Ҳусайннинг қизи Сакина ва Толҳа ибн Убайдуллоҳнинг қизи Оишага уйланишни сўраб дуо қилди” ва орзусига етди. Бу икки аёлдан ҳар бирига беш юз минг дирҳам маҳр берди ва яна шунча пул тўй харажати қилди.
Урва ибн Зубайр фақиҳ бўлишни ва ундан ҳадис ривоят қилинишини сўради ва орзусига етди.
Абдумалик ибн Марвон бутун мусулмонларга халифа бўлишни сўради ва орзусига етди.
Абдуллоҳ ибн Умар эса Аллоҳ таолонинг жаннатини сўради….
Инсонларнинг ҳиммати турлича бўлишига далолат қиладиган нарсалардан: Баъзи инсонлар тунни беҳуда гапларни тинглаш билан бедор ўтказишади, аммо Қуръон тинглашга тоқат қилолмайди. Баъзи инсонлар Қуръондан баъзи қисмини ёдлайди, аммо охиригача ҳиммат қилолмайди. Яна кимдир фиқҳ илмига ҳиммат қилса, бошқа бири кечаси туриб таҳажжуд ўқишга ҳиммат қилади. Баъзилар олий мақсадларни ҳавас қилишади-ю, аммо унга жидду-жаҳд билан ҳаракат қилишга иродасизлик қилади. Бу эса ёлғон орзу-ҳаваслар билан алданишдир. Шоир айтганидек,
Мақсадга орзулар билан етилмас,
Дунё курашсиз қўлга киритилмас.
Агар ҳимматлар олий бўлса, инсон яхши нарсаларга эришиш йўлида жидду-жаҳд қилади, бор қувватини сарфлайди, камчиликлардан узоқлашади.
Шоир Мутанаббий айтган: “Агар инсон бир улуғликка эришган бўлса, билгинки, унинг жисми машаққат чеккан бўлади”.
Яна бир шоир айтади: “Сўради: “Нега ғамлар чекиб ўзгардинг, ахир ишларинг ҳамма ҳавас қилгудек бўлса?”. Мен дедим: “Ғам –ғуссам билан ўз ҳолимга қўй, ҳимматимга яраша ғамим бор”.
Мўъминларнинг амири Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганида хотини Фотимага қараб: “Хоҳласанг биз билан қолиб яшагин, Хоҳласанг кетишинг мумкин, чунки бутун умматнинг ташвиши турганда сенга вақт ажрата олмайман” -деди. Шунда хотини йиғлаб, ҳар қандай ҳолатда ҳам у кишининг ёнида бўлишни танлади.Бир киши Умар ибн Абдулазизга: “Биз учун озроқ вақтингизни ажратинг”-деганда, у киши: “Мен ислом умматининг юки зиммамда экан роҳатланишдан воз кечдим, то қиёмат кунигача бўш вақтим бўлмас”-деди.






