Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деётганларини эшитдим: “Гуноҳ иш қилаётган кишини кўрган одам, аввало қўли билан, унга қодир бўлмаса, тили билан, унга ҳам қодир бўлмаса дили билан тўхтатсин. Охиргиси имони заиф кишидир”, дедилар”(Имом Муслим ривояти).
Ҳадиси шарифда “гуноҳ иш”, деб таржима қилинган “мункар” сўзидан вожиб амални тарк қилиш ёки ҳаром ишни бажариш тушунилади. Уламолар гуноҳ ва маъсиятдан қайтариш вожиб эканига ижмо қилишган. Мусулмон гуноҳга гувоҳ бўлса, унга имконият даражасида қаршилик қилади ва қудрати етганча ўзгартиради.
Қўл ва тил билан гуноҳдан қайтаришга ожиз бўлган киши савоб ва гуноҳ ишларни билиб, қалбда инкор этиши лозим. Бу ҳар бир мукаллаф мусулмонга фарзи айндир. Ким савоб ва гуноҳ ишларни қалбида билмаса, ҳис этмаса ҳалок бўлади. Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш бирор кишидан соқит бўлмайди. Гуноҳга қалбда норози бўлиш мусулмон одамни масъулиятдан холи қилади. Маъсиятга шоҳид бўлиб, инкор этмаслик мўминнинг имони заиф эканига ишорадир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) “Яхшиликкка буюриб, ёмонликдан қайтармаган одам ҳалок бўлади”, деяётган кишини эшитиб: “Қалби билан яхши ва ёмон амални билмаган кимса ҳалок бўлади”, дедилар.
Хато ва маъсиятга рози бўлиш гуноҳи кабира. Ким бир ишни хатолигини билиб, унга рози бўлса гуноҳи кабира қилган бўлади. Бу хатони бажариш эса ҳаром ишларни энг ҳуниги ҳисобланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ерда хато содир этилганда, унга гувоҳ бўлиб, ёмон кўрган одам гуноҳга шоҳид бўлмагандек бўлади. Ким гуноҳга гувоҳ бўлмай, унга рози бўлса шоҳид бўлгандек бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд).
Қўл ва тил билан мункар ишдан қайтаришнинг икки ҳукми бор. Биринчиси фарзи кифоя. Гуноҳ ишни кўпчилик кўрса, уни инкор этиш ва шариатга мувофиқ кўринишга ўзгартириш барчага вожиб бўлади. Улардан баъзилар ёки бир киши маъсиятдан қайтарса қолганлардан соқит бўлади. Аксинча, хавф-хатар ва узрсиз ҳеч ким қайтармаса ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади. Бу амални фарзи кифоя эканига Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи далил бўлади: “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир” (Оли Имрон сураси, 104-оят). Бу ердаги “сизлардан” сўзидан араб тили қоидаси бўйича икки хил маъно олиш мумкин. Яъни сизлардан бир жамоат чиқиб, яхшиликка даъват қилиш, амри маъруф, наҳйи мункар ишлари билан шуғуллансин, деб ҳам тушуниш мумкин. Бу тафсирга кўра, амри маъруф ва наҳйи мункар билан шуғулланиш фарзи кифоя саналиб, умматнинг ҳаммаси эмас, балки маълум бир қисми – уламолар шуғулланса, шунинг ўзи кифоя қилиб, бошқаларнинг зиммасидан бу вазифа соқит бўлади. Яна, Имом Бағавий: “Бу оятдан “сизлар ҳаммангиз мазкур ишларни қиладиган уммат бўлингиз”, деган маънони олиш ҳам жоиз”, деб айтганлар. Муфассирларнинг аксарияти шу иккинчи тафсирни қўллаб-қувватлаганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу иккинчи тафсирга биноан, амри маъруф ва наҳйи мункар билан шуғулланишни фарзи айн, яъни ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир, деб билганлар. Жумладан, Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари ҳам “Таъвилоту Аҳлис-сунна” номли тафсир китобида Оли Имрон сурасининг “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” ояти ва бир неча ҳадиси шарифлардан далил келтириб, амри маъруф, наҳйи мункар ишларини қилиш ҳар бир мусулмонга фарзи айн қилинган, деб таъкидлаган.
Амри маъруф ва наҳйи мункарга қодир бўлиб, уни тарк қилишнинг оқибати оғир. Чунки мункар ишдан қайтариқ бўлмаса ер юзида ёмонлик ва разолат тарқалади, гуноҳ ва маъсият кенг ёйилади. Натижада, яхши-ю ёмонлар бирдек Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Исроил авлодидан кофир бўлганлар Довуд ва Исо ибн Марям тили билан лаънатландилар. Бунга итоатсизликлари ва тажовузкор бўлишлари сабаб (бўлди). (Яна улар) қилиб юрган мункар (ношаръий) ишлардан бир-бирларини қайтармас эдилар. Қилиб юрган ишлари нақадар ёмон!”(Моида сураси, 78-79 оятлар).
Мусулмон мункар ишдан қайтаришга қодир бўлиб, унинг натижасида фасод келишига гумони ғолиб бўлса, бунинг зарари қайтарилган гуноҳдан кўпроқ бўлса наҳйи мункарнинг вожиблиги соқит бўлади. Зарарнинг эҳтимоли бўлганда ёмонликдан қайтаришнинг вожиб экани соқит бўлмайди.
Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш гуноҳ қилаётган одамни қабул қилишига боғлиқ эмас. Чунки амри маъруф ва наҳйи мункардан гуноҳни инкор этиш талаб қилинади. Қайтариқ ёки яхшиликка чақириқни қабул қилиши назарда тутилмаган. Бу борада Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз”(Ғошия сураси, 21-оят). Бошқа оят бундай дейилади: “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур”(Зориёт сураси, 55-оят).
Баъзилар: “Ўзингни қийнама!”, “Уларни ўз холига қўй”, “Уларга гапиришни фойдаси йўқ”, деб яхшиликка чақираётган ёки мункар ишдан бошқаларни қайтараётганларни ҳам тўхтатишади. Ҳадиси шарифда шундай кимсаларга раддия бор. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамиша Исломга чақирганлар, яхшиликка буюрганлар, ёмонликдан қайтарганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дин насиҳатдир”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, ким учун?” дедик. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ, Унинг китоби, расули ҳамда мусулмонлар уммати ва омма учун”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Аллоҳнинг китоби учун насиҳатдан унга амал қилиш тушунилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га насиҳатдан мурод у зотнинг суннатига амал қилишдир. Мусулмонлар уммати ва оммасига насиҳатдан, уларга амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш ирода қилинган. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар”(Тавба сураси, 71-оят).
Амри маъруф ва наҳйи мункарни ҳикмат билан қилиш лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!”(Наҳл сураси, 125-оят). Ҳикмат буюрилаётган ва қайтарилаётган ишнинг ҳолатига қараб турли бўлади. Баъзида ҳалимлик билан юмшоқ сўзлар айтилиб, насиҳатомуз кўришнишда бўлади. Гоҳида эса ғазаб билан, қилинаётган ишни нақадар ёмон эканини англатиш мақсадида қаттиқ ва қўпол сўзлар ишлатилади.
Амри маъруф ва наҳйи мункар қилаётган одам меҳрибон, мулойим, ҳалим, адолатли, тақволи ва илмли бўлиши лозим. Суфёни Саврий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Амри маъруф ва наҳйи мункарни уч хислати бор одам қилсин. У шафқат билан буюради. Шафқат билан қайтаради. Адолат билан буюради. Адолат билан қайтаради. Буюрган ва қайтарган ишларни олими бўлади”.
Мўминларга амри маъруф ва наҳйи мункар йўлида етган азият, машаққат ва қийинчиликлар хорлик ҳисобланмайди. Балки, банда учун дунёю охиратда азизлик ва шараф бўлади.
Ислом дини олимлари яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришда алоҳида масъулият эга. Чунки улар бошқалар билмаган шариат илмларини ўрганганлар. Уларга нисбатан омманинг қалбида эҳтиром ва ҳайбат бўлади. Олимлар амри маъруф ва наҳйи мункар қилишса бошқаларнинг бўйсиниши қабул қилиши осон бўлади. Аллоҳ таоло олимларга ҳикмат ва чиройли мавъиза қилиш имкониятини берган. Қуръони каримда олимларни мадҳ этилиб бундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”(Мужодала сураси, 11-оят).
Амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчиларнинг ўзига хос одоблари бор. Улар, аввало, буюрганига бўйсинишлари ва қайтарганидан сақланган бўлишлари лозим. Уларнинг амаллари Аллоҳ таоло рози бўладиган ишлар бўлиши керак. Инсон яхшиликка буюриши ва ёмонликдан қайтариши ўзининг зарарига ҳужжат бўлиши, қиёмат куни дўзахга улоқтирлишидан сақланиши лозим. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз? Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат(боиси)дир”(Саф сураси, 2-3 оятлар).
Амри маъруф ва наҳйи мункар мўминликнинг гўзал хислатларидан. Инсон уни бажаришда Аллоҳ таолони розилигини, буйруқларига бўйсинишни ният қилади. Шуҳрат қозонишни ва бошқа дунёвий нарсаларни мақсад қилмайди. Аллоҳ таоло барчаларимизни яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтаришда Ўзининг розилигини топишни насиб этсин.
“Сузук Ота” жоме масжиди имом-хатиби
Сўпиев Айюбхон