Шураҳбил ибн Саъд
Шураҳбил ибн Саъд Хотматул маданийин уруғининг мавлоси бўлганлар. 123 ҳижрий йилда юз ёшдан ўтиб вафот этганлар. Зайд ибн Собит, Абу Ҳурайра, Абу Саъид ал Худрий розияллоҳу анҳумлардан ҳадис ўрганганлар. Ибн Ҳиббон ишончли ровийлар сафида зикр қилган. Ибн Исҳоқ ундан ривоят қилмаганлар. Ибн Саъд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Қубодан Мадинага ҳижратларини Шураҳбилдан ривоят қилган.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ
Ваҳб ибн Мунаббаҳ асли форслардан бўлган. Жоҳилият даврида аждодлари араб диёрларининг жанубида истиқомат қилишган. Ваҳб ибн Мунаббаҳ 34 ҳижрий йилда туғилганлар. У зот жуда зоҳидона ва тақво асосида ҳаёт кечирганлар. Ривоят қилинишича, йигирма йил хуфтон ва бомдодни бир таҳоратда ўқиганлар. Қирқ йил тунда кўрпага ухламаган.
Манбаларда у зот ишончлилиги билан танилган. Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ ибн Аббос, Жобир, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумлардан ҳадис ривоят қилган. Уламолар ундан фақат нодир ҳоллардагина ривоятларни қабул қилишган. Чунки, у зот аҳли китобнинг ривоятларига катта эътибор қаратганлар. Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ яҳудий ва масиҳийларнинг китобларидаги маълумотларни билганлар. Пайғамбарларнинг қиссаларини ривоят қилишда танилган ишончли ровийлардан ҳисобланадилар. Ваҳб ибн Мунаббаҳнинг қолдирган маълумотлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига кириш қисми ҳисобланиб олдинги пайғамбарларнинг тарихларини ёритиб беради. Ваҳб ибн Мунаббаҳ тобеъинларнинг охирги уламоларидан ҳсобланади ва табаъа тобеъинларнинг устози ҳисобланади. Ундан кейинги даврда Ибн Исҳоқнинг устозлари даври бошланган, хусусан Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад, Осим ибн Умар, Муҳаммад ибн Муслим аз Зуҳрий самарали ижод қилишган.






