SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
БУЮК ТИЛШУНОС АЛЛОМА ИБН ҲОЖИБ ВА УНИНГ “АЛ‑КОФИЯ” АСАРИ
25.01.2023 / Bo‘limda Maqolalar, Yurtimiz allomalari

Буюк тилшунос аллома ибн Ҳожиб ва унинг “ал-Кофия” асари

Мақола машҳур тилшунос олим Ибн Ҳожибнинг «Кофия» асари ҳақида гапирилиб, унинг бўлимлари ва боблари, уларда келтирилган қоидалар ва мисолларга алоҳида тўхталади. Алломанинг тилшунос ва педагогик маҳорати ҳақида хабар беради.

 «Кофия» китоби Ибн Ҳожиб номи билан машхур бўлган буюк тилшунос олим Абу Умар Усмон ибн Умар Курдий томонидан ёзилган. У 1174 (570ҳ.) йилининг 1 июлида Мисрда дунё келган. Отаси Миср амирининг ҳожиби, яъни қўриқчиларидан бири бўлгани учун «Ибн Ҳожиб» яъни, «Қўриқчининг ўғли» деган ном унга тахаллус бўлиб қолган. Ёшликданоқ Қоҳира шаҳрида Қуръон илмини ўрганиб, Каломуллоҳни тўлиқ ёд олган. У араб тили, қироат илми ва моликий мазҳаби асосида фиқҳ илмини мукаммал ўрганди ва бу соҳаларда катта-катта ютуқларга эришадилар Одамлар у кишидан илм олишга жуда ҳам рағбатли бўлганлар. Чунки Ибн Ҳожиб илмнинг барча йўналишларида фақиҳ, фозил зот эди. Одамлар у кишига «илмда денгиз каби бўлган», деб тариф берганлар.]2:3[

У киши илмнинг барча соҳалари усул уд-дин, фуруъ уд-дин, араб тили, тафсир, қироат, аруз, сарф йўналишларида мукаммал билим эгаси бўлган, жумладан, наҳв илмини чуқур эгаллаб, бу борада кичик бир рисола яратди. Муаллиф ушбу китобини ўқувчилар ёдлашлари ва эсда сақлашлари осон бўлиши учун   ихчам бўлишини инобатга олиб, кенг маънони ифода қиладиган сўзлар билан бойитди. Шу боис асар кўпчилик эътиборини қозонди. Китоб ўз замонасида араб тили дарсликлари ичида тенгсиз эди. Асар ўша пайтнинг ўзидаёқ мадрасаларда араб тили дарслиги сифатида ўқиладиган ва наҳв масалаларида манба деб эътибор қилинадиган бўлди.

Аллома Дамашқ шаҳрида моликийлар мадрасасида мударрислик қилган. Ҳижрий 638 йилда Дамашқдан Қоҳирага қайтиб келиб, таълим беришни давом эттирди. У ерда ҳам олимлар, фақиҳлар Ибн Ҳожибнинг бебаҳо илмидан фойдаландилар.

«Кофия» китоби олимнинг ҳаётлик чоғидаёқ катта шуҳрат қозонди. Ибни Ҳожиб ўзининг ушбу асарида наҳв илмининг вужудга келиши, қоидаларни ишлаб чиқилиши ва бугунги кундаги каби мукаммал ҳолдаги кўринишига сабаб бўлган буюк шахсни зикр қилиб ўтади.

Алломанинг фазлини Имом Ибн Дақиқул Ийд эътироф этиб, айтади: «Ибн Ҳожибга балоғат илми Аллоҳ томонидан осон қилинган. Илмнинг соялари у кишининг боши узра соя соларди. Ҳикмат булоқлари у киши учун чиқариб қўйилган эди. У кишининг хотираси шу қадар кучли эдики, англаш жуда қийин бўлган масалаларни ҳам бир лаҳзада, осонгина тушуниб, эсда сақлаб қоларди».]1:81[

Ўрта асрлар араб олими Ибн Халликон бундай дейди: «Бир куни Ибн Ҳожибнинг ҳузурига бир масала хусусида бордим. Фикрлари шу қадар тиниқ ва равшан эдики, мен у киши билан фикр алмашиш ўрнига барча сўзларини тинглаб ўтирдим. Чунки у мен учун ҳеч қандай сўзга ўрин қолдирмаган эди».]2:3[

Аллома Ибн Аби Солиҳ «Ибн Ҳожиб бу умматнинг энг закий зотларидан бири эди. Унинг даврида ундан кўра яхши биладиган одам топилмасди. Усул илмида тенги йўқ эди. Унинг ҳар бир айтган сўзи ҳужжат, далиллар билан бўлар эди. Жуда ҳам тавозули, кечиримли, пок, ҳаёли, илмга муҳаббатли, азиятларга эса сабрли, бардошли эди». ]2:3[

Олим Ибн Ҳожибнинг илм олишларига сабаб бўлган, у кишини буюклик сари етаклаган устозлари:

  1. Абу Муҳаммад Қосим ибн Фирруҳ ибн Абил Қосим аш-Шотибий (538-590ҳ.)
  2. Абул Жувд Ғойяс ибн Форис ибн Маккий ибн Абдуллоҳ ал‑Лахамий (518-605ҳ.)
  3. Абул Фазл Муҳаммад ибн Юсуф ибн Алий ал‑Ғазнавий ал‑Ҳанафий (522-599ҳ.)
  4. Абу Мансур Шамсуддин Абу Ҳасан Алий ибн Исмоил ибн Алий ал‑Абёрий (557-618ҳ.)
  5. Ал-Ҳафиз Баҳоуддин Абу Муҳаммад ал-Қосим ибн Асокир (527‑600ҳ.)

У кишининг илм чироқларини келажак авлодларга омонатдорлик ила етишида хизмат қилган улуғ шогирдлари:

  1. Шайх Абу Бакр ибн Умар ибн Алий ибн Салим Аллома Розийюддин ал-Қистонтиний (607-695ҳ.)
  2. Ал-Малик ан-Носир Довуд ибн Ийса ибн ал-Одил Абу Бакр ибн Айюб (656ҳ.) вафот этган.
  3. Аллома Зайнуддин Абдуссалом ибн Алий ибн Умар ибн Сайдуннас (681ҳ.) вафот этган.
  4. Шайх Жамолиддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Молик араб тили граматикасидаги машҳур «Алфия» китобининг муаллифи.
  5. Камолиддин Абдурроҳман ибн Абдулкарим ал-Ансорий (651ҳ.) вафот этган.

Аллома Ибн Ҳожиб томонидан ҳозирга қадар толиби илмлар ундан манфаат олиб фойдаланишаётган бебаҳо илмий мерослар қолдирган бўлиб, улар:

1. Наҳв илмига оид: «Кофия» (биргина шу асарга 67га яқин шарх ёзилган), «Шарх ал-муқоддаматайн», «Вофия», «Ал-амалий ан-наҳвийя», «Шарҳул кофия», «Шарҳул вофия назмул кофия», «Китабу фи илмил калом»,

2. Сарф фанига оид: «Шафия фис сарф» (бу асарга 26та шарх тасниф этилган), «Шарҳ аш-шафия».

3. Фиқҳ фанига оид: «Мухтасарул фиқҳ»(бу асар 60та фиқҳ китобидан жамланган), «Жамиул уммаҳат»,  «Мухтасару Ибни Ҳожиб».

4. Арузга оид: «Мақсадул жалил фи илмил Холил» (ушбу асар 171 та байтдан иборат) ва «Амолиюн наҳв».

5. Усулул фиқҳга оид: «Мунтаҳас сувал вал амал фи илмил усул вал жадал».

6. Замахшарийнинг машҳур «Муфассал» асарига ёзилган «Ийзоҳ» номли шарҳ.

«Кофия» асари қуюдаги бўлимлардан иборат:

المقدّمة – Кириш – муаллиф китобнинг кириш қисмида калима ва унинг турлари, калом, исм, ҳосил ва маҳсул, исмнинг хусусиятлари, мўъраб, мўърабнинг ҳукми, эъроб, омил, тақдирий эъроб ва лафзий эъроб ҳақида сўз юритган.

غير المنصرف – Ғайрул мунсариф (икки келишиклик исмлар) – бу бўлимда исмнинг сарфланмаслигига сабаб бўладиган тўққизта иллат ва унга мисоллар, ғайри мунсариф бўлган исмнинг мунсариф бўлиши жоиз бўлган ўринлар ҳақида сўз боради. Сўнг ўша тўққизта иллат бирма-бир мисоллар билан айтиб ўтилади. Улар: адл, васф, таънис, маърифа, ужмат, жам, таркиб, алиф ва нун, вазн феъллардир.

المرفوعات- Марфуот (бош келишдаги исмлар) – бу бўлимда фоил ва унинг мафъулдан олдин  ва кейин келиш ўринлари, феълнинг ҳазф бўлиш ўринлари, икки феълнинг бир исм устида тортишуви, ноиби фоил, мубтадо, хабар, мубтадонинг ҳазф бўлиши жоиз ҳамда лозим бўлган ўринлари ва хабарнинг ҳазф бўлиши, жоиз ҳамда лозим бўлган ўринлари,  «إنّ» ва унинг шерикларининг хабари, жинсни инкор қилувчи «لا»нинг хабари, «ليس»га ўхшаш  «ما ва لا» инкор йукламаларининг исми ҳақида сўз боради.

المنصوبات – Мансубот (тушим келишикдаги исмлар) – бу бўлимда, мафъули мутлақ, мафъул биҳи, мунодо ва мунодонинг тобеълари, музоф бўлган мунодо, тархим, мандуб, таҳзир, мафъул фиҳи, мафъул лаҳу, мафъул маъҳу, ҳол, тамйиз, мустасно, «كان» ва унинг шерикларининг хабари, «إنّ» ва унинг шерикларининг исми, жинсни инкор қилувчи «لا» билан мансуб бўлиш ўринлари,  «ما ва لا» инкор йукламаларининг хабари ҳақида сўз боради.

المجرورات – Мажрурот – бу бўлимда музоф илайҳ, маънавий изофа, лафзий изофа, изофанинг турли таркибий кўринишлари, мавсуф ва сифатдаги изофа ҳақида, олтита исмнинг изофа бўлишининг ҳукми ҳақида сўз боради.

التوابع – Тавобеълар – бу бўлимда наът, мавсуф ҳолатининг сифати ва мутаъллиқи, атф, тавкид, бадал, атфул баён ҳақида сўз боради.

المبنيات – Мабнийёт – бу бўлимда, замирлар ва уларнинг турлари, исми ишоралар, мавсула, «الذي» билан хабар қилиб келтириш, исми феъллар, товушлар, мураккаб исмлар, киноялар, сўроқ ва хабар  учун ишлатиладиган «كم», исми истифҳом ва исми шартлар ҳамда зарфлар ҳақида сўз боради. 

الأسماء ولواحقها – Исмлар ва унинг тобеълари – бу бўлимда, маърифа, алам, накра, адад исмлар, музаккар ва муаннас, мусанно, мажмуъ, масдар, исми фоил, исми мафъул ва сифати мушаббаҳа ҳамда исми тафзил ҳақида сўз боради.

الأفعال – Феъллар – бу бўлимда, мозий, музореъ, «ان» носиба тақдир қилинадиган ўринлар, мажозий калима, амр, ноиби фоил, мутаъаддий  феъллар, афъоли қулуб, ноқис феъллар, муқораба феъллар ва таажжуб феъллар ҳамда мадҳ ва зам феъллар ҳақида сўз боради.

الحروف- Ҳарфлар – бу бўлимда, жар ҳарфлари, феълга ўхшаш ҳарфлар, атф ҳарфлари, танбиҳ ҳарфлари, нидо ҳарфлари, ийжоб ҳарфлари, зоида ҳарфлари, тафсирия ҳарфлар, масдар ҳарфлари, таҳзиз ҳарфлари, таваққуъ ҳарфлари, истифҳомнинг икки ҳарфи, шарт ҳарфлари, «ان ولو» феъл учун лозимлиги, радд ҳарфи ва муаннаснинг «تاء»си, танвин ҳамда тавкиднинг нуни ҳақида сўз боради.

Ҳижрий 646 йил, шаввол ойининг 26 куни милодий 1249 йил, 18 февраль чошгоҳ вақтида буюк аллома, фақиҳ, фозил, араб тили илмининг беназир намоёндаси бўлган Ибн Ҳожиб Искандария шаҳрида вафот этди. Ўша куннинг ўзида «Абул Аббос ал-Мурсий» масжиди яқинидаги Боб ул-Баҳр қабристонида Шайх Солиҳ ибн Абий Шамма мақбараси ёнига дафн қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, алломанинг бу дарслик китоби мана саккиз асрдан буён Шарқнинг мадраса ва мактабларида араб тили сабоғидан фойдали китоб сифатида, асосий дастуруламал бўлиб келмоқда. Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки ушбу асар қолган асарлардан, бўлимларни алоҳида номланиши, қоидаларни мавзуларга ажратиб ёзилиши, ихчамлиги ва қоидаларни ёдлашга осонлиги, ҳозирги кунга қадар араб тили ўрганувчиларнинг қўлидан тушмаслиги ва бир нечта бошқа хусусиятлари билан ажралиб  туради.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1. Мустафо Абдуллоҳ Ал-Ҳожи Халифа «Кашф аз-Зунун». Ал-Қоҳира. Дорул кутуб ал-илмий 2016 й

2. Солиҳ Абдулазиз аш-Шаир «Ал-кифоя фи илми ан-наҳв ва аш‑шофия фи илми ат-тафсир ва ал-хот». Ал-Қоҳира. Мактубул одоб 2010 й

3. Ризо Жамол «Набзатун ан кофияти Ибн Ҳожиб» alukah.net 2015 йил 6 декабр.

4. Аллома Ҳифси Насиф «Ад-Дурусун наҳвийя» Ал-Қоҳира. Дарул ақида 2007 й

5. Абдулмажид Анарбой «Ан-Наим» Тошкент. 2002 й
Дилшод Рахмоналиев
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси

What you can read next

“НАВРЎЗИМДАН НУРАФШОН ЮРТИМ!” МАВЗУСИДА ҲУНАРМАНДЛАР ФЕСТИВАЛИ
“Наврўзимдан нурафшон юртим!” мавзусида ҳунармандлар фестивали
Muallimning odoblari
Muallimning odoblari
Фиқҳий мазҳабларга тақлид қилиш зарурати
XVII аср буюк олими мулла Али Қорининг ҳаёти ва илмий фаолияти

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP