Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй-жойлар қуришда Аллоҳ таолонинг, йўловчилар, қўшнилар ва масжиднинг ҳаққига қатъий риоя қилганлар, бу соҳада ҳам етарли билимга эга бўлганлар. У зот алайҳиссалом бино қуриш учун жой танлашга алоҳида аҳамият берардилар. Мисол учун, Мадинадаги ҳовлилар, ҳаммому бозорлар ва бошқа қурилишларни олсак, уларнинг аксари набавий лойиҳа асосида барпо этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурилишларда ўзлари ҳам бевосита қатнашардилар.
Ибн Саъд «Табақот» номли китобида шундай ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом Мадинада уй-жой ва ҳовлиларни тақсимлаб бераётганларида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга уйининг лойиҳасини чизиб берганлар».
Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом бир ялангликка чиқиб: «Мана шу ер ҳаммом (қуриш) учун жуда қулай экан», дедилар ва саҳобаларга ўша жойга ҳаммом қуришни буюрдилар. Шундан кейин ана шу ерда ҳаммом барпо этилди.
Ривоят қилинишича, бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам катта қўшин билан ғазотга чиқдилар. Қўшиндагилар бир манзилга тушиш пайтида чодирларини бетартиб жойлаштириб, одамларга ноқулайлик туғдириб, йўлларни тўсиб қўя бошладилар. Буни кўрган Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир жарчи орқали қўшиндагиларни бундай қилишдан қайтардилар.
Қаранг, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари урушда бўла туриб, йўловчиларга ноқулайлик туғдирмаслик, уларга озор бермасликка қанчалик аҳамият бермоқдалар! Энди у зотнинг тинчлик пайтида бутун бошли шаҳарнинг қурилажак бинолари жойлашувига қанчалик катта эътибор билан қараганларини ўзингиз тасаввур қилаверинг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иморат қуриш ва иншоотлар барпо қилишда саҳобаларни муайян қоидага асосланишга буюрганлар. Шунинг учун ул зотдан уй қураётганда қўшнининг ҳаққи тўғрисида сўралганда: «Иморатингни унинг иморатидан юқори кўтариб юбормагинки, шамол йўлини тўсиб қўясан, қозонинг(да пишириладиган ва қовуриладиган овқатларнинг) ҳиди билан ҳам озор берма. Мабодо озор берадиган бўлсанг, унга ҳам овқатдан чиқар», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «…қўшнига келадиган шамолни фақат ўзи рухсат берсагина тўсиб қўйса бўлади», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурилишларда бевосита қатнашиб, ишини пухта бажараётган саҳобаларни мақтаб, уларнинг маҳоратига муносиб баҳо берардилар. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қайс ибн Толқ Ҳанафийнинг бир масжид қурилишида саҳобалар билан бирга астойдил лой қораётганини кўриб қолдилар. Кейин лой қоришни Қайсга топширдилар-да: «Лойни унинг яқинига қўйинглар, у бу ишни бошқалардан яхшироқ билади», дедилар. Қайс ибн Толқнинг ўзи бу воқеани шундай хотирлайди: «Мен Мадинага – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимда у зот саҳобалар билан масжид қурилишида ишлаётган эканлар. Лой қоришни яхши билганим учун дарҳол белкуракни қўлимга олиб, лой тайёрлай бошладим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қараб: «Бу Ҳанафий лой қоришга уста экан», деб мақтадилар». Бошқа бир ривоятда шундай дейилган: «У лой қоришга устароғингиз экан».
Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаи киромларга бозор қуриш учун жой танлаб берар, қурилишга тааллуқли зарур кўрсатмалар ҳам берардилар. Баъзан қурилажак бозор ўрнини кўриш учун ўзлари юриб борардилар. Яна баъзи бир ҳолатларда эса ноқулай жойларда қурилган эски бозорларни бошқа, қулай жойларга кўчиришни маслаҳат берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозордаги савдо-сотиқни шахсан кузатиб борардилар. Бозорда айланиб юриб, савдогарларнинг ишига разм солар, уларни ҳалол бўлишга буюрар ҳамда муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрардилар. Баъзан сотилаётган маҳсулотлар сифатини ҳам текшириб кўрардилар. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом буғдой уюми олдидан ўтаётиб, қўлларини буғдой орасига суқдилар. Қўлларига намлик теккач: «Эй буғдой эгаси, бу нимаси?» деб сўрадилар. Шунда у киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга ёмғир теккан эди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша (нам) жойини одамлар кўриши учун устига чиқариб қўйсанг бўлмайдими?» деб танбеҳ бердилар ва: «Ким алдаса, биздан эмас», деб қўшиб қўйдилар.[1]
Савдогарлар ҳали бозорга етиб келиб улгурмай, йўлдаёқ улар билан кўтара савдо қилишга уринадиганларга бу иш тўғри эмаслигини тушунтириб, бундан қайтарардилар. Бир сафар шундай ишдан хабар топган Пайғамбар алайҳиссалом савдо карвони бозорга етиб келгунича карвондагилар билан савдо қилмаслик лозимлигини одамларга тушунтириш учун бир саҳобийни юборганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарозибоннинг ҳалол ўлчаб, тортиши, адолатли ва мурувватли бўлишига ҳам алоҳида эътибор берганлар. Шу нарсаларни назорат қилиш учун Макка фатҳидан кейин Саъид ибн Саъид ибн Осни Макка бозорига, Умар розияллоҳу анҳуни эса Мадина бозорига ҳоким қилиб тайинлаган эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бозор аҳлининг (маҳсулотларни) ўлчаб-тортиб берадиган тарозибони бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Оғирлигини ўлча, паллани оғир қил», деб тайинлаганлар».[2] «Паллани оғир қил» деган сўзлари «хурмони ўлчаганда хурмо палласини оғирроқ қил», деган маънодадир.
Шунингдек, у зот бозор расталарини маҳсулот билан тўлдиришга, харидоргир моллар тақчил бўлиб қолмаслигига ҳам аҳамият берганлар. Бу тадбир маҳсулот талаш бўлиб, нарх-наво ошиб кетишининг олдини оларди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Жалб қилувчи[3] ризқланувчидир. Иҳтикор қилувчи[4] лаънатлангандир», деганлар.[5]
Пайғамбар алайҳиссалом бирор-бир касб-кор бошини тутмоқчи бўлган кишини бозорга чиқиб, тижорат билан шуғулланишга ундар ва савдога ёлғон аралаштирмасликка буюрардилар. Бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир киши фақирлигидан шикоят қилиб келди. Пайғамбар алайҳиссалом уни ўтин териб сотишга буюрдилар. Шу орқали бу кишини бировларга тиланиб тирикчилик қилишдан қутқардилар.
Айрим ҳунармандлар, айниқса бўёқчи ва заргарлар орасида фирибгарлар пайдо бўлиб қолар эди. Шундай пайтларда Пайғамбар алайҳиссалом одамларни уларга алданиб қолишдан огоҳлантириб: «Инсонларнинг ёлғончилари бўёқчилар ва заргарлардир», дер эдилар.[6]
Саъд ибн Оиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига: «Ночор ҳолга тушиб қолдик», деб шикоят қилиб келди. У зот унга тижорат қилишни буюрдилар. Саъд ибн Оиз бозорга чиқиб, озгина акация[7] пўстлоғини сотиб олди. Кейин уни сотиб, фойда кўрди. Бу ҳолатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берганида, бу ишини тарк этмасликни буюрдилар. Шундай қилиб, саҳобий мазкур тижоратини кейинчалик ҳам давом эттирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш йигитларнинг савдо-сотиқ қилаётганини кўриб қолсалар, Аллоҳ таолодан барака тилаб, ҳақларига дуо қилар ва рағбатлантирардилар. Бир куни ёш бўла туриб тижорат қилаётган Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳунинг олдидан ўтиб қолдилар ва: «Аллоҳим, унинг савдосига барака бер!» деб ҳаққига дуо қилдилар.
Қасс ибн Абу Изорадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг замонларида бизни «самосир»[8] дейишарди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимиздан ўтаётиб, бизларга ўзимизга ёқадиган ном билан: «Ҳой тужжорлар жамоаси!» дея хитоб қилдилар.
Пайғамбар алайҳиссалом қурилиш ва бозор ишларидан ташқари, яна бир қатор касб-ҳунарлардан бохабар бўлганлар. Масалан, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тикишни билишлари ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ишларига қарашиб, кўпинча тикиш билан машғул бўлардилар».
Ул зотнинг кўп ишлардан хабардор бўлганлари бурни кесилган кишини тилладан бурун ясаб олишга буюришларида ҳам намоён бўлади. Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобларида ривоят қилинишича, Килоб жангида Арфажа ибн Саъднинг бурни кесилиб кетди. Кейин у кумушдан бурун ясаб олди. Лекин вақт ўтиб, бурнидан бадбўй ҳид кела бошлади. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тилладан бурун ясаб олишни буюрдилар. Имом Термизийнинг «Сунан» номли китобларида келтирилган ривоятларга кўра, баъзи саҳобаларнинг тилла тиш қўйдирганидан хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни маъқуллаб: «Тилладан бадбўй ҳид чиқмайди», деганлар. Пайғамбар алайҳиссалом ҳар бир ишнинг пухта ва чиройли бажарилишини яхши кўрганлар. Ибн Рушд «Баён ват-таҳсил» номли китобида имом Моликдан ривоят қилиб, имом Молик эса Каттонийдан нақл қилиб айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабрнинг олдидан ўтиб, унинг ғишти қийшиқ турганини кўрдилар. Сўнг уни тузатиб қўйишга буюрдилар ва: «Аллоҳ таоло ишини гўзал ва пухта бажарган бандасини яхши кўради», дедилар».
[1] Имом Термизий шу маънодаги ҳадисни ривоят қилганлар.
[2] Имом Аҳмад ривояти.
[3] Монополия қилмасдан, яъни маҳсулотни сунъий қимматлаштирмасдан сотувчи киши.
[4] Маълум турдаги товарларни сотиб олиб, монополияга айлантириш.
[5] Ибн Можа ривояти.
[6] Шу маънодаги ҳадисни имом Ибн Можа, имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилишган.
[7] Тиканакли ўсимлик. Бурчоқдошлар оиласига мансуб хушбўй гулли дарахт ёки бута.
[8] «Самосир» сўзи «симсор»нинг кўплиги бўлиб, даллол, чайқовчи, айғоқчи деган маънони ҳам билдиради. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни самосир эмас, тужжор, яъни тижоратчилар деб атаганлар.






