Тавозе – инсон Аллоҳ таолони ва ўз нафсини яхши билишлигидан пайдо бўлади. Аллоҳ таолони гўзал исм ва сифатлари билан таниш ва У зотга муҳаббат қўйиш билан улуғлашни билиш. Ўз нафсини батафсил билиш, унинг камчиликлари ва офатларини билиш. Тавозе – Аллоҳ учун қалбни синиқ тутиш, ўзини паст тутиб, бандаларига раҳмли бўлиш, ўзини бошқалардан афзал кўрмаслик, аксинча бошқаларни ўзидан афзал деб билиш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилишдир. Бундай хулқни Аллоҳ таоло Ўзи яхши кўрган бандаларига беради ва уни Ўзига яқин бандаларидан қилиб ҳурматлайди.
Хорлик – пасткашлик ва разиллик, нафснинг орзу-истаклари ва шаҳвоний ҳис-туйғулари ортидан югуриш. Ғаразли мақсадига етиш учун ўзини паст тутиш. Булар ҳаммаси хорликдир, тавозе эмас. Аллоҳ таоло тавозени яхши кўради ва хорликни ёмон кўради. Саҳиҳ ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: “Аллоҳ таоло менга сизларнинг бир-бирларингизга тавозели бўлишларингни, ўзини бошқалардан устун кўрмасликни, бир-бирларинга жабр қилмасликни буюрди”.
Рақобат(мусобақа) билан ҳасад орасидаги фарқ.
Рақобат(мусобақа) – инсон ўзидан бошқада кўрган яхши амалларга шошмоқлиги, у қатори қилиш ё ундан ҳам яхшироқ қилишга интилишидир. Бу мард, ҳиммати олий ва қадри баланд кишининг ишидир. Аллоҳ таоло айтади: “Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар”. (Мутоффифун сураси, 26-оят). Саҳобаи киромлар хайрли ишларда бир-бирлари билан мусобақа қилишарди. Бунда иштирок этгани учун бир-бирларидан хурсанд бўлишар эди. Бир-бирларини бундай мусобақаларга қизиқтириб туришарди. Аллоҳ таоло айтади: “Яхшиликларга шошилинг”. (Бақара сураси, 148-оят). Ва яна: “Роббингизнинг мағфиратига ва кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинглар”. (Ҳадид сураси, 21-оят). Умар ибн Хаттоб Абу Бакр (розияллоҳу анҳумо) билан доимо мусобақа қилиб келган. Лекин у кишидан ҳеч ўта олмаган. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) халифа бўлгач Умар: “Аллоҳга қасамки, бундан сўнг сиз билан мусобақа қилмайман”-деди.
Бошқа ўринда: “Аллоҳга қасамки, қандай яхшиликка шошган бўлсам, Абу Бакр(розияллоҳу анҳу)нинг ўша яхшиликни мендан олдин қилганини кўрдим”-деган. Мусобақалашган рақиблар худди бир хўжайиннинг икки хизматкорига ўхшайди. Улар хўжайиннинг розилиги ва муҳаббатига эришиш учун мусобақа қилиб баҳслашади. Уларнинг бу иши хўжайинни ҳайратлантиради ва уларни яна-да бунга қизиқтиради. Рақиблар икаласи ҳам бир-бирини яхши кўради, бир-бирини хўжайиннинг розилигини топишга ундайди.
Ҳасад – бошқалардаги яхшилик йўқ бўлиб, ўзига ўхшаган қуруқ қолишини орзу қилишдир. Ҳасад – пасткаш ва разил кишининг хулқидир. Унда яхшиликка интилиш йўқ. У шундай хорлиги ва разиллиги учун бошқалардаги яхшиликларга ҳасад қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Улар ўзлари кофир бўлганлари каби сизлар ҳам кофир бўлиб, (улар билан) баробар бўлиб қолишларингизни хоҳлайдилар”. (Нисо сураси, 89-оят). Ва яна: “Аҳли китоблардан кўплари уларга ҳақ равшан бўлганидан кейин, ўзларича ҳасад қилиб, сизларни иймонли бўлганингиздан кейин яна кофирликка қайтаришни хоҳлайди”. (Бақара сураси, 109-оят). Ҳасадчи неъматнинг душмани, ўзидаги каби бошқаларда ҳам шу неъмат йўқ бўлишини хоҳлайди. Рақобат (ҳавас)чи бошқада кўрган неъматни ўзида ҳам бўлишини хоҳлаб шунга ҳаракат қилган кишидир. У бошқада ҳам ўзида ҳам ўша неъматни бўлишини хоҳлаб, афзалликда тенглашишга ёки ундан ҳам юқорироқ бўлишга интилади. Ҳасадчи эса ўзи кюксалишни эмас, балки неъматга эришган кишининг ўша неъматдан ажралиб пастга тушишини хоҳлайди. Кўпчилик фазилат эгалари ҳавас билан яхши нарсаларга эришади. Ким ўзидан кўра афзал ва пешво кишиларга ҳавас қилса, унга ўхшашга ва ундан ҳам афзалроқ бўлишга ҳаракат қилади. Ҳасад лафзи гоҳида ҳавасга ҳам ишлатилади, худди саҳиҳ ҳадисда кедганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: “Икки нарсадагина ҳасад қилиш бор: Аллоҳ таоло бир кишига Қуръон илмини берган, у кечаю-кундуз унга амал қилиб яшайди. Яна бир кишига бойлик берган, у бойликни ҳақ йўлда сарфлайди”. Бу ҳасад ҳавас маъносида бўлиб, эгасининг ҳиммати олий, қадри юксак эканига ва фазилатли кишиларга ўхшашни хоҳлаганига далолат қилади.
Асадулло Холмуродов
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси






