Барча инсонлар борки, гуноҳдан холи эмас. Фақатгина пайғамбарлар бундай эмас. Инсонлар баъзан билиб, баъзан билмасдан гуноҳ содир қилишади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ :« كُلُّ ابْنِ آدَمَ خَطَّاءٌ وَخَيْرُ الْخَطَّائِينَ التَّوَّابُونَ ». رَوَاهُ اَلتِّرْمِذِيُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хато қилувчидир, хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир”, деганлар. Термизий ривоят қилган.
Шунинг учун, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг жуда кўп жойида инсонларни тавба қилишга буюрган.
Жумладан, Таҳрим сурасида шундай дейилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ…
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!…”(Таҳрим, 8-оят).
Яна бир бошқа ояти каримада шундай дейилган:
…وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
…Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз. (Нур, 31-оят).
Аллоҳ таолонинг буйруғига амал қилган ҳолда, инсон тавбани ўзига лозим тутиши керак. Аммо, унинг тавбаси мақбул бўлиши учун, қуйидаги нарсаларга эътибор бериши талаб қилинади:
I. Банда Аллоҳ таолога тавба қилишида барча ўтганги гуноҳларини ирода қилиши ва уларни мағфират қилишини Аллоҳдан ёлвориб сўраши.
Демак, тавба қиладиган киши барча гуноҳларига тавба қилиши ва Аллоҳ таолодан бутун вужуди билан уларни мағфират қилишини сўраши лозим бўлади.
II. Бу дунёда инсоният учун тавба қилиш вақти таъйин қилинган бўлиб, шу вақтда киши Аллоҳга холис тавба қилиши.
Бу вақт иккига бўлинади:
1. Ҳар бир киши учун хос вақт бўлиб, бу унинг жони ҳалқумига келмасидан олдинги вақтдир. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
وَلَيْسَتِ التَّوْبَةُ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السَّيِّئَاتِ حَتَّى إِذَا حَضَرَ أَحَدَهُمُ الْمَوْتُ قَالَ إِنِّي تُبْتُ الْآَنَ وَلَا الَّذِينَ يَمُوتُونَ وَهُمْ كُفَّارٌ أُولَئِكَ أَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا
“Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки, бирорталарига ўлим келганда, “Энди тавба қилдим” дейдиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса, қабул қилинмагай. Ана ўшалар учун азобни тайёрлаб қўйганмиз”. (Нисо, 18-оят).
Бу борада ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُما عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : « إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ يَقْبَلُ تَوبَةَ العَبْدِ مَا لَمْ يُغَرْغِرْ » . رَواهُ التِّرمِذِيُّ
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло жони халқумига келмаган банданинг тавбасини қабул қилади”, дедилар. Термизий ривоят қилган..
2. Дунё аҳли учун умумий бўлган вақт бўлиб, бу қуёш мағрибдан чиқишидан олдинги вақтдир. Яъни, қиёмат бўлишидан олдинги вақт. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
هَلْ يَنْظُرُونَ إِلَّا أَنْ تَأْتِيَهُمُ الْمَلَائِكَةُ أَوْ يَأْتِيَ رَبُّكَ أَوْ يَأْتِيَ بَعْضُ آَيَاتِ رَبِّكَ يَوْمَ يَأْتِي بَعْضُ آَيَاتِ رَبِّكَ لَا يَنْفَعُ نَفْسًا إِيمَانُهَا لَمْ تَكُنْ آَمَنَتْ مِنْ قَبْلُ أَوْ كَسَبَتْ فِي إِيمَانِهَا خَيْرًا قُلِ انْتَظِرُوا إِنَّا مُنْتَظِرُونَ
“Улар фақат (жон олувчи) фаришталар келишини ё Раббингиз (азоби) келишини ёки Раббингиз белгилари (қиёмат аломатлари)дан баъзиси келишинигина кутмоқдалар. Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса, олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) имони фойда бермайди. Айтинг: “Кутаверингиз, биз ҳам кутувчилармиз””. (Анъом, 158-оят).
Тафсирларда бу оятда қиёматнинг аломатларидан қуёшнинг мағриб томондан чиқишини ирода қилинмоқда дейилган.
Ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом шундай деганлар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قالَ: قالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ تابَ قَبْلَ أَنْ تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِها تابَ اللهُ عَلَيْهِ. رَواهُ مُسْلِمٌ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қиладиган бўлса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади”, дедилар. Муслим ривоят қилган.
III. Киши иложи борича тезлик билан тавбага шошилиши.
Ўлим ҳаммага ҳақ бўлиб, уни қачон, қаерда келишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шу билан бирга қиёматни ҳам қачон бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
إِنَّ اللَّهَ عِنْدَهُ عِلْمُ السَّاعَةِ وَيُنَزِّلُ الْغَيْثَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْأَرْحَامِ وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ مَاذَا تَكْسِبُ غَدًا وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ بِأَيِّ أَرْضٍ تَمُوتُ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ.
“Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганича) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса (ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир”. (Луқмон, 34-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким била олмайдиган бешта нарса ҳақида айтиляпти. Демак, инсон қачон, қаерда ўлишини ва қиёмат қачон бўлишини билмаса, Аллоҳга тезроқ тавба қилиб қолишидан уни нима тўсиб турибти? У доимо ўлимга тайёр туриши керак эмасми? Ёки кимдир унга умринг узоқ бўлади ёки қиёмат ҳали-бери бўлмайди, деб кафолат берганми?
Инсон шу каби саволларни ўзига бериб кўриши ва булар ҳақида тафаккур қилиб кўрса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Луқмони ҳаким ўғилларига: “Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки, ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади:
Биринчи хатар – гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг, уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди.
Иккинчи хатар – касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди”, деб айтган.
Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада шундай марҳамат қилади:
إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِنْ قَرِيبٍ فَأُولَئِكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا
“Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра, тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар) дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир”. (Нисо, 17-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло билмай туриб қилинган гуноҳга тезлик билан қилинган тавбани қабул қилишини баён қиляпти.
IY. Киши бирор гуноҳ иш қилиб қўядиган бўлса, унга қаттиқ пушаймон бўлиши.
Инсон Аллоҳ ва унинг Расулига итоат қилмагани, шайтоннинг ҳийласига эргашиб, шу гуноҳни содир қилгани учун қаттиқ қаттиқ надомат чекиши лозим. Чунки, гуноҳ ишга пушаймон бўлиш, холис тавбанинг шартларидан биридир. Шу билан бирга надоматнинг ўзи ҳам тавбага далолат қилиши мумкин. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَعْقِلٍ ، قَالَ : دَخَلْتُ أَنَا وَأَبِي عَلَى عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ ، فَقَالَ لَهُ أَبِي : أَسَمِعْتَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، يَقُولُ : النَّدَمُ تَوْبَةٌ ، قَالَ : نَعَمْ ، أَنَا سَمِعْتُهُ يَقُولُ : النَّدَمُ تَوْبَةٌ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ
Абдуллоҳ ибн Маъқилдан ривоят қилинади: У: “Мен отам билан бирга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирдим. Отам унга: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганмисиз?” деб айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ҳа, у зотнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганман”, деб айтди.Байҳақий ривоят қилган.
Демак, инсон қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиб, афсусланадиган бўлса, гуноҳига тавба қилган бўлади. Лекин, ҳақиқий холис тавба бўлиши учун юқорида санаб ўтилган шартларнинг барчаси топилиши керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, холис тавба бўлиши учун бир нечта нарсалар шарт қилинади:
- Шу гуноҳни қилишдан дарҳол тўхташ.
- Қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиш.
- Бу гуноҳга асло қайтмасликни ният қилиш.
- Шу тавбасини Аллоҳ таоло қабул қилишига ишониш.
- Аллоҳ таолога истиғфор айтиш.
- Бу гуноҳга қайтмасликни барча аъзолари билан амалга ошириш.
- Бу гуноҳ одамларнинг ҳаққи бўладиган бўлса, улардан узр сўраб, ҳаққларини қайтариш.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Мадаминов Шокиржон манбаалар асосида тайёрлади.





