Бугун биз асрлар давомида орзиқиб кутилган озод, эркин ва фаровон ҳаётда ўз олдимизга қўйган эзгу ва улуғ мақсадлар сари қадам қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечиряпмиз. Эришаётган ютуқларимиз бисёр. Бу ютуқларимизни нафақат халқимиз балки, бутун дунё ҳамжамияти тан оляпти. Халқимиз тўқ, ибодатларимиз эмин-эркин адо этилмоқда, буларнинг замирида албатта, тинчлик-осойишталик ва истиқлол неъмати ётибди. Буларнинг барчасининг қадрига етиш ҳар биримизнинг гарданимиздаги бурчимиз ҳисобланади. Мамлаакатимизда икки мингдан ортиқ масжидлар халқимизга хизмат кўрсатиб келмоқда. Уларнинг ҳаммаси замон талабларига жавоб беради.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида Қуръони карим, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, сарф, наҳв, мутолаа каби диний илмлар билан бир қаторда ўзбек тили ва адабиёти, тарих, жўғрофия, инглиз тили, физика, математика, астрономия, информатика каби давлат таълим стандартларига мос бўлган фанлар ўқитилади. Таълим муассасаларида олий маълумотли мударрис ва ўқитувчилар дарс бериб келмоқдалар. Таълим муассасаларини битирган талабалар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ишлаб чиқилган тақсимот режага асосан, масжидларга имом-хатиб, ноиб-имом каби вазифаларга ишга сафарбар қилинадилар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида 2018-2019 ўқув йилида битирувчилар жами 41 нафар бўлиб, вилоятлар кесимида: Тошкент шаҳар 15 та, Тошкент вилояти 4 та, Фарғона вилояти 9 та, Андижон вилояти 1 та, Наманган вилояти 2 та, Навоий вилояти 3 та, Жиззах вилояти 1 та, Сирдарё вилояти 2 та, Самарқанд вилояти 3 та, Сурхондарё вилояти 1 та.
30 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими ҳамда таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлимлари томонидан битирувчи талабалар доимий турар жойларига яқин бўлган ҳудудлардаги масжидлардаги эҳтиёжларга қараб имом хатиб ва имом ноиби вазифаларига тақсимот лойиҳаси қилинди. Шунингдек, баъзи битирувчи талабалар олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш истаги борлигини ҳам билдиришди. Ушбу битирувчи талабалар келажакда жамиятимиз учун зарур мутахассис-ходимлар бўлиб хизмат қилишига умид билдирамиз.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим
юрти мудир ўринбосари А.Ғаниев